Омбудсман: масалани куч ишлатиш йўли билан ҳал этишга уриниш инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишидир

15:05 02 Август 2022 Жамият
295 0

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда фуқаролар ўртасида ўзаро жанжаллашиш, бир-бирини ҳақорат қилиш, қўл кўтариш ва бир-бирига тан жароҳати етказиш каби ҳолатлар акс этган видеохабарлар тарқалиб бормоқда. 

Шулар ҳақида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) муносабат билдирди.

"Самарқанд туманида юзага келган келишмовчилик оқибатида аёллар фарзанди кўз олдида эркаклар томонидан дўппосланиши тасвири кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўрганишлар суратдаги бола аслида аёлнинг боласи эмаслиги, унга энагалик қилишини кўрсатди. Яхшилаб ўрганилмай туриб, оммага эълон қилинган бу каби материаллар жамиятимизда ҳар хил кайфиятни туғдирмоқда. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Нима бўлганда ҳам ўсиб келаётган ёш авлод бу каби ўзаро ҳурматсизлик, бир-бирини обрўсизлантириш, уруш-жанжал, ўзгалар мулкига зарар етказиш каби ҳолатларни кўриб тарбия олмаслиги зарур.

Куни кеча Самарқанд вилояти бўйича Telegram_Yulduzlari| Расмий канали (https://t.me/TYUZBEK) орқали яна бир видеохабар эълон қилинди. Унда ҳам аёл кишининг калтаклангани, қарши томоннинг эса давлат ходими бўлиши мумкинлиги ёзилган. Видеода биринчи бўлиб аёлнинг шовқин кўтариб, эркак кишига тош отгани ҳам кўрсатилган.

Юқоридаги ҳар иккала ҳолат бўйича Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Хусанов томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Иккинчи ҳолат юзасидан аниқланишича аёл кишини тепишга уринган эркак тадбиркор бўлиб, у вилоят ҳокимининг тегишли кўрсатмасига асосан, 37 та дала-ҳовли ўрнида кўп қаватли уй қуришни режалаштирган. Омбудсманга тақдим этилган маълумотларга кўра, уй эгаларининг розилиги билан уй-жойлар нархлари баҳоланиб, снос ҳолатига келтирилган. Уларга компенсация пуллари тўлаб берилиб, уйни бўшатишлари сўралган. Жумладан видеода норозилик кайфиятидаги аёл ҳам компенсация пулларини тўлиқ қабул қилгани ҳақида маълумот берилган. Лекин, аёл уйни бўшатиб беришга қаршилик қилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов олди текширув суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳар иккала ҳолат бўйича ҳам суд-тергов ишлари якунлангач, айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.

Лекин, аҳоли ўртасида бир бирига бақириш, қўл кўтариш, дўппослаш, таҳдид қилиш кабилар одатий ҳолга айланиб бораётгандек.

Омбудсман фуқаролар ўртасидаги низоларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлмасада, бундай мазмундаги хабарларнинг кўпайиб бораётганидан хавотирда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

Қолаверса, бировнинг шаъни ва қадр қимматини камситиш, обрўсизлантириш, калтаклаш, босим ўтказиш ва бошқалар амалдаги қонун ҳужжатларига зид.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига кўра, майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддасида эҳтиётсизлик орқасида енгил тан жароҳати етказиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши, қасддан енгил тан жароҳати етказиш эса, бу ҳаракат соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятини унча кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотишга олиб келмаган бўлса, —базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан тўрт бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур кодекснинг 62 прим-2 моддасида Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, оз миқдорни ташкил этса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Шунингдек, ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш кўп бўлмаган миқдорни ташкил этса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ўз ҳуқуқларингизни яхши билинг. Ўзгалар ҳуқуқларини ҳам ҳурмат қилинг.

Жиноят учун жазо муқаррар. Қонун эса барча учун тенг!" дейилади Омбудсманнинг расмий муносабатида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер