Омбудсман фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан вазирлик ва идораларга 33 та хулоса ва 15 та тақдимнома киритган

03:19 07 Декабрь 2021 Жамият
325 0

Кеча Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги ва Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишда Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Олий суд, Омбудсман ҳузуридаги ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Aдлия вазирлиги, фуқаролик жамияти институти вакиллари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Мазкур тадбирда Омбудсман фаолияти таҳлил қилиниб, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институтининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда кириш сўзи билан иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов жорий йилда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган тегишли қарор ва Фармон Омбудсман фаолиятини янада мустаҳкамланишига хизмат қилаётганини қайд этди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистон стратегияси» номли китобида мамлакатимизнинг кейинги беш йиллигида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилиши белгиланган ислоҳотларга тўхталди.

Давра суҳбатида сўз олган ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Пер Фон Аркс Омбудсман институтини фуқаролар ва давлат идоралари ўртасидаги кўприк, унинг устунлари эса Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқий асосидир, дея таърифлади.

Фуқаролар кўприкнинг мустаҳкам эканлигига ишонч ҳосил қилсагина мурожаат қилади. Демак, Омбудсманнинг ҳуқуқий асоси қанчалик мустаҳкам бўлса, унга фуқаронинг ишончи шунча ортади.

Тадбирда сўз олган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматованинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланган. Бош қомусимизнинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгиланган. Шу нуқтаи назардан, Омбудсман институтининг ҳам асосий мақсади инсонларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланишига эришишдан иборат.

Йиғилишда қайд этилишича, 2021 йил ўн ойи давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили номига мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқаролари, омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 15 373 та мурожаат келиб тушган ва парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан 7 мингдан ортиқ мурожаатлар ўз иш юритувига олинган. Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан вазирлик ва идораларга 33 та хулоса ва 15 та тақдимнома киритилди. Бундан ташқари, судларга 44 та даъво аризалар киритилган ва Омбудсман Котибияти ходимлари судларда кузатувчи сифатида 86 маротаба иштирок этган.

Давра суҳбатида қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлидаги муҳим тарихий қадам бўлди. Унда амалдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонунни Фармонда акс этган ислоҳотлар асосида такомиллаштириш вазифаси қўйилган.

Мазкур ҳужжатнинг муҳим янгиликларидан бири, Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилаётганидир. Бу бежиз эмас, чунки инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид энг самарали таклифлар айнан Омбудсманнинг кундалик амалиётида, одамлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, суд ҳокимияти ва экспертлик ҳамжамияти билан бевосита ҳамкорликда шаклланади. Бу борада ечимини кутаётган муаммолар ҳам айнан шу жараёнда юзага чиқади.

Тадбирда иштирокчилар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонун лойиҳаси маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида муҳокама қилиниб, уни янада такомилига етказиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги ва Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Омбудсман билан ҳамкорликда ишлаган давлат ва нодавлат идоралар вакиллари ташаккурнома билан тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?