Омбудсман 2020 йилда қандай ишлади: ютуқлар, муаммолар ва режалар

15:58 25 Февраль 2021 Жамият
622 0

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот атрофлича кўриб чиқилди.

Мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова ҳисобот билан сўзга чиқди.

Ўтган йил дунё ҳамжамиятида коронавирус пандемияси кечганлиги билан бошқа йиллардан тубдан фарқ қилди. Пандемия барча мамлакат қатори Ўзбекистонга ҳам ўзининг таъсирини ўтказмасдан қолмади. Асосий мақсад, инсонларни ҳаётини сақлаб қолиш ва мамлакат иқтисодиётини қўллаб қувватлашдан иборат эди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) томонидан фуқароларнинг шахсий қабули вақтинча тўхтатилган бўлсада, Омбудсманнинг ишонч телефонига ҳамда электрон манзилига келиб тушган мурожаатлар сони олдинги йилларга нисбатан ошди.

Ўтган йилда Омбудсман номига 14 975 та мурожаат қабул қилиниб, уларга ечим топишга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳисобот даврида «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги Қонуннинг тегишли моддаларига мувофиқ, Омбудсманнинг фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тавсиялар берилган 16 та хулосаси тайёрланиб, вилоят ҳокимликларига, Ўзбекистон Республикаси Олий судига, Бош прокуратурага, Ички ишлар вазирлигига юборилган.. Бундан ташқари, судларга 30 та даъво аризаси ҳамда 21 та тақдимнома киритилган.

Мазкур мурожаатлар таҳлил этилганда, фуқароларнинг одил судловга (1044 та мурожаат) ҳамда адолатли тергов-суриштирув ҳаракатларига (2565 та мурожаат) бўлган ҳуқуқларини таъминлаш баён этилган. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 29 та жиноий, 42 та маъмурий иш қўзғатилди, ички ишлар идора ходимларининг 17 нафарига интизомий ва 17 нафарига хизмат текшируви тайинланган, 3 нафарига хайфсан ва танбеҳ таъсир чоралари қўлланилган, суд қарорларига нисбатан 3 та протест киритилди ҳамда мурожаат этувчиларнинг манфаатларини кўзлаб жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 58 та қарор бекор қилинди.

Шунингдек, Омбудсман ўз маърузасида фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий масалаларга оид мурожаатлар таҳлили ва натижалари ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон тарихида биринчи бор инсон ҳуқуқлари бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) дунё Омбудсманлар учун белгиланган аккредитациядан ўтди ва унга «В» мақоми берилганлиги маълум қилинди.

Йиғилиш давомида қўмита аъзолари Бола ҳуқуқлари бўйича Вакил Алия Юнусованинг 2020 йилги фаолияти бўйича ахборотини ҳам эшитишди. Таъкидланишича, 2020 йил давомида жисмоний ва юридик шахслар, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан жами 85 та мурожаатлар қабул қилинган. Мурожаатлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тўлиқ назоратга олинган. 28 та мурожаатлар идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилган. Меҳрибонлик уйларининг битирувчиларининг турар-жой билан таъминланиши тўғрисидаги 12 та мурожаати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жавобсиз қолдирилган.

Боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мурожаатлар юзасидан 8 маротаба ўзи ва вакили орқали суд процессларида иштирок этди. Шундан 5 та суд қарори бекор қилинган.

2020 йилда Республика ҳудудида COVID-19 пандемияси кириб келиши ва карантин эълон қилиниши оқибатида жуда кўплаб муассасалар ёпиқ ҳолатда ўз иш фаолиятларини давом эттирди. Бу каби ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан . Қашқадарё, Тошкент, Андижон, Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган муассасаларга 53 та мониторинг ташрифлари уюштирилган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ахборотида мониторингларда аниқланган камчиликлар таҳлил қилиниб, давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига 3 та тақдимнома ҳамда 47 та сўров юборилгани ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 12 та қонуни лойиҳасига таклифлар берилганини қайд этди.

Йиғилишда якунида Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзолари томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда кўриб чиқилган мазкур масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Иқбол ПАРДАЕВА,

журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?