Омадсиз тақдир эгаси. Ёхуд Сарри истеъфога ҳақлимиди?

18:32 09 Август 2020 Спорт
1035 0

Кеча барча футбол ишқибозларининг диққат-эътибори кўҳна қитъанинг нуфузли мусобақасига қаратилгани шубҳасиз. Лекин учрашувлар бошланишидан олдинроқ бир расмий хабар ҳам чиққан эдики, кейинчалик куннинг долзарб воқеаларидан бирига айланди. «Ювентус» мураббийлар штабида ўша кутилган ўзгариш содир бўлди. Бош мураббий Маурицио Сарри билан боғлиқ гап-сўзлар, тортишувлар ва аксар мухлису мутахассислар фикри барибир ўзини оқлади — унинг истеъфоси амалга ошди. Бу ҳодисага ОАВда турли хил, бир-бирига ўхшамаган муносабат ва қарашлар билдирилмоқда ҳали ҳам. Саррининг жамоадан кетиши бир томондан, нотўғри қарор деб айтгувчиларда ҳам жон бордек аслида.

«Скудетто»ни ютиб бергани, қолаверса, бундан олдинги клубларидаги ёрқин натижалари: «Челси» билан эришган Европа Лигаси кубоги, албатта, ушбу мураббийни даражаси юқори эканлигидан далолат беради. Бунинг устига бир икки йил олдин «Наполи»да кўтарган "фуррор"и барибир ижобий томонлама эсда қоларли ҳолатлар сирасига киради. Бундан ташқари ҳам, Маурицио ўз мураббийлик салоҳияти билан алоҳида ҳурматга эга инсонлардан. Лекин футболда шу томони ҳам борки, фақат бир ёқлама факторлар ҳар доим ҳам ўзини оқлайвермайди. Айниқса, бугунги замонавий тезкор футболда бу бир неча марта ўз исботини топиб улгурди. Шунинг учун машҳур футбол экспертлари совриндор жамоалар мураббийларини энди жамоага сингдираётган психологик таъсирлари билан ўлчашмоқда. Адекват инсон сифатида баҳо бериш мумкинки, Саррига бу хислат етишмайдигандек, назаримизда. Унинг фаолиятига эътибор қаратсак, дастлабки йилларидан бошлаб Италиянинг ўртамиёна клубларини бошқариб юрган. Анча вақтгача. Мухлислар кўзига кўрина бошлаган карьераси эса атиги 4-5 йил олдин бошланган, десак тўғри бўлади. Даражаси ҳам ўртача нисбатда ўсиб борган. «Наполи», «Челси»ларда ишлаб юриб, бирданига Туринга келгани етарлича шов-шувларга сабаб бўлганди. Кўпгина мухлислар унинг «Ювентус»даги келажагига шубҳа билан қараганлар ҳам. Мана бир йил ўтиб бу тахминлар ўзини оқлади, жамоа унинг истеъфосини эълон қилди.  Бизнингча ҳам, энг мақбул вариантга келиб тўхталди аслида.

Гарчанд, мамлакат чемпионлиги расмийлаштирилган бўлса-да, «зебралар» бу йўлда талайгина беқарор ўйинлар кўрсатишди, футболчилар ва мураббий ўртасидаги келишмовчиликлар ва энг асосийси ЕЧЛда учралган кутилмаган муваффақиятсизлик бош сабаб қилиб кўрсатилди. Булар тўғри, лекин мураббий бу қарорга қўшилмаганлигини ифодалаган ҳолда клубдан яна бир имконият сўрамоқда. Ҳа, албатта, бу кишини иккилантирувчи, ҳолат, лекин, биз бу борада «Ювентус» раҳбариятини бемалол оқлай оламиз. Дилеммага тушишнинг ҳожати йўқ. Чунки Саррининг йўналиши туринликларга бутунлай бегоналиги маълум бўлиб улгурганди. Унинг ўз услуби бор, у ўз «саррибол»ига эга. Турган гапки, ўйин қурадиган мураббий, тактикаси сингдирилиши талаб этилади. Ривожланиб бораётган футбол шуни кўрсатмоқдаки, майдондаги схемалар алмашинуви, футболчилар ротацияси ғалабада муҳим омилга айланиб боряпти. Лекин Маурициода бир мавсум давомида бундай характер кўзга ташланмади. У ҳимоявий жамоага ҳужумкорликни таклиф этишда давом этди. Кўпчилик бунинг инқирози яққол кўринмагани ва унга бироз вақт берилиши кераклигини уқтириши мумкин. 

Аслида ундай эмас, «Юве» топ жамоа, Европа грандлари сирасига киради. Табиийки, кичик муаммоли деталлар катталашиб улгурмагунча билинмайди — клуб индивидуал футболчилари ўз маҳорати эвазига буни ёпиб кетишаверади. Оддий мисол, "А" Серияанинг сўнгги ўнта баҳсида ҳам тўпланган очколар биргина Роналду ва Дибалалар эвазига қўлга киритилгани ҳеч кимга сир эмас. 

Яқиндаги «Лион» га қарши баҳсда ҳам «Юве»га яна битта Криштиану етишмади. Шу боис, жамоа маҳоратли футболчиларга таяниб вазиятдан чиқиб кетаверар экан, бунда мураббийнинг ҳиссаси йўқ деб қаралади ва бу натижалар узоққа бормайди. Бунинг устига тактик жиҳатдан клубни деярли бошдан-оёқ «янгитдан яратди».

Ҳимоячилар ва марказ ўйинчиларини бир-бири билан ўта хато алмаштириб ташлаш натижасида уларнинг ўйиндаги савия ва маҳоратлари тушиб кетганлигини кўришимиз мумкин. Маурицио Саррига балки бу борада омад етишмаётгандир. Чунки «Челси»да ҳам бир йил ўтиб ҳайдалган, қизиғи, бу ерда ҳам шундай бўлди. Иккала клубда ҳам футболчилар билан боғлиқ келишмовчиликлар айбдорига айланди. Асл касби банкир бўлган бу инсон балки бекорга хотиржам типда ўйин қуришини уқтирмаётгандир. Лекин, энди кеч. 

Қисқаси Сарри истеъфоси ҳақида шуни хулоса қилишимиз мумкинки, у ўз тактикаси қурбонига айланди, «Ювентус»дек катта клубнинг талаби ва босимига дош бера олмади, тўғриси, бу аввалдан кутилганди. Турин клуби Италиянинг кўп йиллардан бери бўлиб келган байроқдори, бунинг устига унда таркибида дунёнинг энг кучли футболчиларидан бири тўп тепиб келаётган экан, мураббийнинг бир ёқлама қарашлари доим ҳам тўғри бўлиб чиқавермайди.

Шундай муҳим матчлар келадики, у ўйинни жамоасига қуролмайди, балки ичидаги юлдуз футболчилардан келиб чиқиб қуради. Сарри шу жойларда бироз тажрибасизлик қилгандек, назаримизда. «Челси», «Наполи»нинг даражаси эса бошқа. Бу клублар Маурицио каби мутахассислар учун кўп йиллар давомида тизимни шакллантириб олиш учун анча қулай. Лекин «Ювентус» даражаси бошқа. Унинг раҳбарияти узоқ вақт кутиб ўтиролмайди, жамоани юқори марралар учун пойгадан чиқиб кетишга ҳаққи йўқ. Узоқ кутилаётган ва бош мақсад саналган УЕФА соврини ютиб олинмас экан, натижа нолга тенг деб ҳисобланади бу клубда. Шунинг учун ҳам қиймати эскириб кетган «Скудетто» ҳеч қанақасига Саррини оқлай олмайди. Мураббий ҳурматини сақлаган ҳолда шуни айта оламизки, унинг услуби «Ювентус»га мос тушмайди ва у бошқа ўртамиёна клубларда мустаҳкам тизим ярата олишига ишонамиз.

Юсуфбек Сайдалиев

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер