Олтинга тенг обиҳаёт исроф бўлмоқда(ми?)

00:15 13 Июль 2021 Иқтисодиёт
887 0

Жорий йилнинг кам ёғин бўлиши, июль ойининг дастлабки ўн кунлигида юртимизга кириб келган аномал иссиқ ҳаво оқими аграр соҳада ҳам кечиктириб бўлмас зарур чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда. Ҳудудларда махсус гуруҳлар тузилиб, уларга қишлоқ хўжалигидаги муаммоларни бартараф этиш, аниқларган камчиликларни жойида ҳал этиш, қишлоқ хўжалик экинлари, айниқса пахта ва иккиламчи экспорт учун экилган экинларни сувсаб қолишдан асраш бўйича сезиларли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 8 июль кунги маълумотларга кўра, Жиззах вилоятига қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун 159,9 метр куб/сек сув олинган бўлиб ва унинг атиги 51,1 фоизи, ёҳуд 81,7 метр куб/секунд сув ғўза майдонларини суғоришга йўналтирилган. 2021 йил ҳосили учун вилоятда 2 минг 227 та фермер хўжаликлари ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жами 80 минг 200 гектар ерда ғўза парваришланаётгани ҳисобга олинса, масаланинг қанчалик жиддий эканини тушуниш қийин эмас. Аслида етказиб берилган
1 метр куб/с сув билан 40 гектар ғўза майдонини суғориш мумкин бўлсада, айрим ҳудудларда бор-йўғи 33 гектар суғорилган, холос.

— Пахтакор тумани мисолида айтадиган бўлсак, бугунги кунда мазкур ҳудудда 244 та фермер хўжаликлари ва пахта кластери томонидан 11 минг
700 гектар пахта парваришланмоқда, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Пахтакор туман бўлими инспектори Нурилла Жўраев. — Жорий йилнинг 8 июль куни
14 метр куб/секунд сувнинг 9.4 метр куб/сек қисми билан бир кунда 376 гектар суғориш керак бўлсада, амалда 348 гектар суғорилган. Бу эса ғўзани суғоришда ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйилаётганлигини англатади. Ўша кунги аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ташкилот ва хўжаликларга 10 та огоҳлантириш ва 2 та ёзма кўрсатмалар берилиб, туман ҳокимлигига битта тақдимнома киритилди.

Агар ушбу ҳолат умумий даражада таҳлил қилинса, вилоят чегарасига олинган сув билан бир кунда жами 3 минг 268 гектар ўрнига, 3 минг
23 гектар ғўза майдони (92,4 фоиз) суғорилган бўлиб, бу меъёрга нисбатан
245 гектар кам деганидир.

— Иссиқ оби-ҳаво шароитида ҳосилни сақлаб қолиш долзарб бўлиб турган бир маҳалда истеъмолчиларнинг сувдан фойдаланиш маданияти ва тартибининг йўқлиги сабабли кунлик олинаётган сувдан самарали фойдаланишда жойларда бир қатор хато ва камчиликлар юзага келаётгани кузатилмоқда, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Жиззах вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдланашни назорат қилиш бўлими бош инспектори Ғайрат Шодиев. — Жумладан, Дўстлик туманидаги «Улуғбек Сирожиддин даласи», Зарбдор туманидаги «Лада хрей кросс» сингари фермер хўжаликларида 8-10 л/сек сувни тўғридан-тўғри коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб юборган бўлса, Пахтакор туманидаги «Уфқ даласи» ва Мирзачўл туманидаги «Улуғбек» каби фермер хўжаликлари эса 0,2-0,3 гектардан ғўза майдонларини кўллатиб суғориш ҳисобига сувни исроф қилган.

Дарвоқе, ғўзанинг баравж ривожланишида шарбатлаб суғоришнинг аҳамияти катта эканини айниқса, деҳқонларимиз яхши билишади. Бироқ шунга қарамай аксарият туманларда бундай усул қўлланилмаган.

Мисол учун, Арнасой туманидаги «Шербек шамоли», «Форишлик Ўлмасбек», «Арнасойлик Шухрат», «Этти ўғлон маскани», «Янгибўстонлик Юсуфбек», «Янгибўстонлик Жонибек», Зарбдор туманидаги «Зар сайкал - С», «Иброхим Диёрбек», «Рохила унумдор даласи», «Шахзода Анвара даласи» ва «Зафар сой юли», Пахтакор туманидаги «Зафар Эъзоза», «Нур-зиё Олимжон даласи», «Султон Миртоз» ва «Фахрли Юрт» ҳамда Мирзачўл туманидаги «Гулзор лочини», «Қиронов Тўлқин», «Маржон дала» ва «Омад-5» фермер хўжаликлари томонидан ғўза майдонлари шарбат билан суғормаган.

Шунингдек, жойларда ғўза майдонларини ўз вақтида суғормасдан чанқатиб қўйиш ва суғоришда қўшиб ёзиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Хусусан, сув хўжалиги ташкилотлари томонидан жорий йилнинг 7 июль ҳолатига вилоят бўйича жами 2028 та фермер хўжаликларининг 55 минг 602 гектар ғўза майдонларида суғориш ишлари амалга оширилганлиги тўғрисида маълумот тақдим қилинган, аммо «Ўзагроинспекция»нинг Жиззах вилоят бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишларда 2002 та фермер хўжаликларининг 53 минг 68 гектар майдони суғорилганлиги маълум бўлди.

Яна бир гап: Мавсум ишларининг кўнгилдагидек бориши сувчилар учун яратилган шарт-шароитларга ҳам боғлиқ. Ишчи гуруҳлари томонидан ана шу жиҳатлар ҳам эътиборга олиниб, бу борадаги масалалар чуқур ўрганиб чиқилди. Мониторинг таҳлилларига кўра, вилоятдаги 35 та фермер хўжаликларида куннинг иссиқ вақтида сувчиларнинг дам олишлари учун даланинг ўзида ётоқ жойлари ташкил қилинмасдан, уларнинг эрталаб ва кечки соатларда далада ишлашлари учун зарурий шароитлар яратилмаган.

Толибжон ЭРГАШEВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?