«Олтин қалам» — ҳам рағбат, ҳам эътироф

19:24 26 Июль 2022 Жамият
276 0

Ушбу танлов янада очиқ ва шаффоф ўтказилиши керак.

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти 2022 йил “Олтин қалам” ХVI Миллий мукофоти учун ўтказилган танловда босма нашрлар ичида “Энг яхши журналистик материал учун” номинацияси бўйича 1-ўринга сазовор бўлди. Таҳририят ижодий жамоаси мазкур мукофотни нафақат юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни холисона ёритишга қаратилган фаолиятининг юксак эътирофи, балки оммавий ахборот воситаларига берилаётган алоҳида эътиборнинг яққол намунаси сифатида қабул қилди.

Бизнинг давримиз “ахборот асри” деб номланиши бежиз эмас. Чунки айнан ахборотга эгалик қилиш ва уни тарқатиш воситаларининг ривожланиши бошқа соҳаларнинг ҳам жадал тараққий этишига сабаб бўлди. Тарихга назар солсак, башарият сўнгги 100 — 150 йил давомида мисли кўрилмаган даражада тараққий топганига гувоҳ бўламиз. Инсонларнинг минг йиллар давомида деярли ўзгармаган турмуш тарзи охирги бир ярим аср ичида мутлақо янгича кўриниш, янгича мазмун-моҳият касб этди. Асрлар давомида бир-бирларига мактубни кабутарлар ёрдамида етказган одамлар бугун телефонига ўрнатилган мессенжерлардан фойдаланмоқда, дунёнинг турли бурчакларида туриб, бир-бирлари билан видеочатлар орқали бевосита суҳбат қуришяпти.

Хўш, мана шу ўзгаришларга нима сабаб бўлди? Қандай омил инсоният тараққиётини бу қадар жадаллаштириб юборди? Эътибор берсак, бу жараёнларга айнан оммавий ахборот воситаларининг ривожлана бошлаши катта туртки берганини кўрамиз. Аввалига босма нашрлар, кейинчилик радио ва телевидение, бугунги кунга келиб эса ижтимоий тармоқлар глобал миқёсда улкан ҳажмдаги матнли, аудио ва видео-ахборотни тарқатмоқда. Бугунги замондошимиз машҳур фильмдаги “Гирмон деганлари уч бошли аждаҳо эмиш”, деб ўтирадиганлар тоифасидан эмас. Ваҳоланки, фильмда бундан нари борса бир асрдан кўпроқ вақт олдинги воқеалар тасвирланган.

Биз бугун уйда ўтирган ҳолда бутун дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлишимиз, керак бўлса, уларнинг барча тафсилотлари ҳақида маълумот олишимиз, турли мамлакатларда олиб борилаётган илмий изланишлар натижалари билан танишишимиз, зарур хулосалар чиқаришимиз мумкин. Айнан шу имконият туфайли инсоният бугунги кунга келиб, мисли кўрилмаган тараққиёт даражасига эришди. Бу имкониятни унга оммавий ахборот воситалари берди.

Мазкур жараёнлар бугунги кунда дунёнинг энг тараққий этган давлатлари жойлашган Европа қитъаси ва Америка Қўшма Штатларида журналистика ривожи билан чамбарчас боғлиқ ҳолда бошланди. ХХ аср арафасидаёқ бу мамлакатларда ҳар бир зиёли инсон учун иш кунини газета ўқишдан бошлаш одатий ҳолга айланганди. Матбуотга бўлган эътибор, ахборотга ташналик бу давлатларни тараққиётнинг мутлақо янги босқичига олиб чиқди. Айнан шу даврда — 1903 йилда медиа-магнат Джозеф Пулитцер ташаббуси билан Америка Қўшма Штатларида журналистларни рағбатлантиришга қаратилган мукофот таъсис этилди ва у бугунги кунгача журналистика тараққиётига ҳисса қўшиб келмоқда.

Шулар ҳақида ўйлар эканмиз, айни пайтда мамлакатимизда журналистика соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар кўп ўтмай ўзининг ижобий натижаларини албатта кўрсатади, дея ишонч билан айта оламиз.

Бугунги кунда миллий журналистикамиз жамият кўзгусига айланиб бормоқда. Мамлакат ҳаётида рўй бераётган барча воқеа-ҳодисалар ҳеч қандай тўсиқларсиз, холисона ёритилиши учун шарт-шароитлар яратиб бериляпти. Бинобарин, нуфузли “Чегарасиз репортёрлар” халқаро ташкилоти томонидан юритиладиган Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистоннинг позицияси бир йил ичида 24 поғонага кўтарилди. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини чинакам “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг дастлабки натижаларидан биридир.

Яқинда Президентимиз томонидан имзоланган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда уларга солиқ имтиёзлари бериш, даврий босма нашрларнинг обунаси учун бюджет маблағларини йўналтириш, замонавий электрон шаклларини яратиш, энг яхши теле ва радиомаҳсулотлар учун танлов эълон қилиш, журналистика соҳасига кадрлар тайёрлаш жараёнини амалиёт билан интеграциялаш, журналистларнинг хорижда малака оширишини ташкиллаштириш, ижтимоий буюртмалар сони ва миқдорини ошириб бориш, замонавий медиа шаҳарчалар қуриш ва бошқа бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Ҳужжатда, айниқса, “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловни демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффофлик билан ўтказишга эътибор қаратиш белгиланганлиги танлов нуфузини янада оширади.

Қарорга мувофиқ, совриндорларни рағбатлантириш бундан-да кенгаяди. Жумладан, бош миллий мукофот учун автомобиль берилади. Биринчи ўрин соҳиби базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, иккинчи ўринни олган базавий ҳисоблаш миқдорининг 175 баравари, учинчи ўрин эгаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.

Рағбатлантирувчи номинациялар сони ва уларнинг ғолибларини тақдирлаш ҳам янада кенгаяди. Хусусан, 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари тенги бир марталик пул мукофоти ажратилади.

Рағбатлантириш кўламининг ошгани журналистларнинг танловга бўлган қизиқишини янада кучайтириши табиий. Буни ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозараларда ҳам кўриб турибмиз. Ҳар ким ҳар хил фикр билдириши мумкин, аммо шу нарса аниқки, танловга эътиборнинг ошгани ҳакамлар ҳайъатининг масъулиятини янада кучайтиради.

Қарорда танловни демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффофлик билан ўтказишга эътибор қаратиш бежиз белгилаб қўйилмаган. Ана шу талаб асосида танлов низоми қайта кўриб чиқилиши, таҳрирланиши айни муддао бўлар эди. Хусусан, танлов иштирокчилари тақдим этаётган ишлар билан кенг жамоатчилик хабардор қилинса, юртдошларимиз уларни баҳолашда ўз фикр-мулоҳазалари, таҳлиллари ва танқидлари билан қатнашса, шаффофлик янада ошади. 2022 йилги танловда бу борада биринчи қадамлар қўйилганини фақат олқишлаш мумкин.

Шунингдек, танлов ҳакамлари ҳайъати фаолиятида ҳам очиқликни янада ошириш талаб этилади. Шу мақсадда ҳар бир даъвогар номидан тақдим этилган материаллар бўйича чиқарилган хулосаларни кенг жамоатчиликка маълум қилиш тизимини йўлга қўйиш мумкин. Ҳакамлар таркиби ҳар йили янгиланиши, баҳолашда иштирок этган кишининг муайян вақт оралиғида ҳайъат аъзолигига қайта киритилмаслиги қатъий белгилаб қўйилса яхши бўларди. Бу ғолибларни аниқлашда бир ёқлама ёндашувнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

ўолибликка номзод ҳақида у фаолият юритаётган ташкилот, хусусан, таҳририят раҳбариятининг тавсияси масаласи кўп мунозараларга сабаб бўлмоқда. Кимдир номзод ҳақида у ишлаётган жамоа фикр билдириши шарт эмас, деса, яна кимдир аксини айтади. Гап шундаки, журналистнинг қандай салоҳиятга эгалиги ва қандай рағбатга муносиблигини бирга ишлаётган ҳамкасблари яхши билади. Кўп ҳолатларда ҳаминқадар ёзилган мақолалар бир неча “қўл”дан ўтиб, сайқалланиб, шундан сўнггина саҳифага қўйилади. Имзо эса ўзгаришсиз қолади. Шу боис таҳририят жамоасининг фикрини инобатга олиш танловда адолатлиликни янада оширади.

Шу ўринда “Олтин қалам” Миллий мукофоти бўйича аввал ҳам билдирган бир таклифимни такрорлаб ўтмоқчиман. Маълумки, оммавий ахборот воситаларининг фаолияти фақат мақола ёзишдангина иборат эмас. Масалан, газетанинг бир сони дунё юзини кўришида унга мухбирлардан ташқари яна қанчадан-қанча ходимларнинг меҳнати сингади. Хусусан, газета оригинал макети ва дизайнини тайёрлаш ҳақиқий ижодий жараён. Бу иш билан шуғулланаётганлар — журналистика соҳасининг чинакам фидойилари. Ишончим комил, мана шундай касб эгалари радио ва телевидениеда ҳам жуда кўп. Шундай экан, “Олтин қалам” Миллий мукофоти ғолиблари тақдирланаётганда лоақал битта номинация билан уларнинг ҳам меҳнати эътироф этилса, нур устига нур бўларди.

Албатта, ҳақиқий ижодкор бирор мукофот илинжида нимадир яратмайди. У кўнгил амрини бажаради, холос. Ёки зиммасидаги вазифани баҳоли қудрат уддалаш учун ёниб меҳнат қилади. Тунларни тонгга улайди. Жумладан, журналист ёзган мақоласи, тайёрлаган телекўрсатув ёки радиоэшиттириши халққа манзур бўлса, ўзини бахтли ҳис қилади. Халқнинг эътирофи — унинг учун энг олий мукофот!

Шу маънода, “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун журналист ўзини ўзи тавсия этиши, юмшоқ қилиб айтганда, ғалати ҳолат. Ҳар қандай соҳа бўйича мутахассис бирор-бир грант ёки лойиҳани ютиб олиш учун ўз ишларини, ҳозирги тил билан айтганда, портфолиосини тақдим этиши мумкин. Лекин мукофот учун ўз номзодини ўзи кўрсатмайди. Шундай экан, “Олтин қалам” Миллий мукофотига ҳам номзодларни у ишлаётган ижодий жамоа ёки кенг жамоатчилик илгари сургани тўғрироқ бўлади. Этика нуқтаи назаридан ҳам айнан шуниси маъқул. Шундагина ушбу танловдаги ғолиблик халқнинг эътирофи, эъзоз-эҳтироми рамзига айланади. Ижодкорлар бор куч-салоҳиятини танловда ғолиб бўлиш учун эмас, аввало, халқнинг қалбига йўл топиш, орзу-умидларини рўёбга чиқаришга сафарбар этади. Ижодий изланади, касб маҳоратини мунтазам ошириб боради, энг долзарб мавзуларни кўтариб чиқишга интилади. Пировардида фақат ўз касбига фидойи бўлган, журналистикани ҳаётининг мазмуни деб билган инсонларгина бу миллий мукофотни қўлга киритади.
Жамолиддин ТЎХТАШЕВ («Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер