Олтиариқда узум фестивали ўтказилди

19:48 28 Сентябр 2022 Жамият
669 0

Фото: Халқ сўзи

Шу кунларда Олтиариқ туманида бўлсангиз, ишкомларда олтиндек товланаётган узумлар кайфиятингизни кўтаради. Узумзор боғлар бўйлаб саёҳат эса қалбингизда бир умр унутилмас таассуротлар қолдиради.

Ер билан тиллашиш ва диллашиш ҳадисини олган олтиариқликлар узум, бодринг, турп етиштириш борасида нафақат мамлакатимиз, балки етти иқлимда машҳур.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан туманда агротуризмни ривожлантириш мақсадида Олтиариқда узум фестивали ўтказилди. Унда Италия, Покистон, Қозоғистон, Белорус сингари мамлакатлар делегациялари ҳамда Фарғона водийси вилоятларидан меҳмонлар ташриф буюрди.

Бу йил илк маротаба ташкил этилган фестивалда тумандаги энг миришкор қишлоқ – «Узумчи» МФЙда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларидаги узумзорлар бўйлаб сайр уюштирилди. Меҳмонлар боғбонлар билан самимий суҳбатлашиб, ишкомлардан ўз қўллари билан узум узиб кўриш завқини ҳис этишди.

— Ҳозирги кунда хонадонимизда 20 навдаги узумлар парваришланмоқда, — дейди машҳур узумчи Ҳусанбой Ғофуров. —  Ишонамизки, ушбу фестиваль ҳар йили айни куз мавсумида анъанавий равишда ўтказилади ва бу орқали жаҳон бозорида Олтиариқ узуми бренд бўлишига эришилади.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Олтиариқ туманида 3 минг 500 гектар ерда узум боғлари мавжуд. Эътиборлиси, кейинги йилларда туманда 500 гектар майдонда янги узумзорлар барпо этилди. 2021 йили тумандан 27 минг тонна узум экспорт қилинган бўлса, жорий йилда экспорт ҳажми 30 минг тоннадан ошиши кутилмоқда.

Қиш-баҳор мавсумида ҳам ички ва ташқи бозорни сифатли узум билан таъминлаш мақсадида туманда 83 та – 68 минг 800 тонна сиғимга эга музлатгичли омборхоналар ташкил этилган.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер