Олимлар деманция хавфининг ошишини башорат қила оладиган белгини аниқлашди

02:47 26 Март 2023 Дунё
1210 0

Иллюстратив фото

Нидерландиянинг Эрасмус университети олимлари суяк зичлиги паст бўлган одамларда суяк зичлиги юқори бўлган одамларга нисбатан деманция ривожланиш хавфи юқори бўлиши мумкинлигини аниқладилар.

Тадқиқотда Нидерландиядан 3651 нафар кекса одам иштирок этди. Ўртача 11 йиллик кузатув натижасида деманция 688 кишида (19%) ривожланди. Тадқиқотчилар рентген нурлари ёрдамида беморларнинг суяк зичлигини баҳоладилар. Иштирокчилар, шунингдек, ҳар тўрт-беш йилда бир марта анкеталарни тўлдириб, жисмоний ва деманция тестларидан ўтдилар.

1211 кишининг танасидаги суякларнинг зичлиги паст эди. Уларнинг 90 нафарида 10 йил ичида деманция ривожланди.

Ёши, жинси, маълумоти, бошқа тиббий шароитлар, дори-дармонлар ва ирцият каби омилларни ўзгартиргандан сўнг, тадқиқотчилар суяк зичлиги энг паст бўлганлар энг юқори суяк зичлигига эга бўлганларга қараганда деманция ривожланиши эҳтимоли 42 фоиз кўпроқ эканлигини аниқладилар.

Олимларнинг таъкидлашича, уларнинг ўрганиши сабаб муносабатларини кўрсатмайди. Бироқ, суякларнинг зичлиги йўқолиши деманциянинг энг эрта босқичларида, ҳар қандай клиник белгилар пайдо бўлишидан йиллар олдин содир бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, суякларнинг зичлиги йўқолиши деманция хавфининг кўрсаткичи бўлиши мумкин.

«Суяк зичлигининг пастлиги ва деманция одатда кекса одамларга бир вақтнинг ўзида таъсир қиладиган иккита ҳолатдир, айниқса деманция пайтида жисмоний ҳаракатсизлик ва нотўғри овқатланиш туфайли суякларнинг зичлиги йўқолиши кўпинча кучаяди. Бироқ, деманциядан олдинги даврда юзага келадиган суякларнинг зичлиги йўқолиши ҳақида жуда кам нарса маълум. Тадқиқотимиз шуни кўрсатдики, суякларнинг зичлиги йўқолиши деманциядан олдин содир бўлади ва шунинг учун деманциянинг ривожланиш хавфи юқори», дея таъкидлашмоқда олимлар.

Олдинроқ АҚШнинг Калифорния университети ходимлари кунига бир соатдан кўпроқ ухлаш кекса ёшдаги инсонларда деманция хавфини 40 фоизга ошириши мумкинлигини аниқлашган эди.

Олимлар 14 йил давомида 1401 нафар кўнгиллида уйқу режими ва когнитив қобилиятлар динамикасини кузатиб бордилар. Когнитив бузилишлари бўлмаган субъектларнинг 75,7 фоизида кундузги уйқу давомийлиги ёшга қараб йилига ўртача 11 дақиқага ўсган.

Тадқиқот бошланганидан олти йил ўтгач, оддий когнитив қобилиятга эга бўлган кўнгиллиларнинг 24 фоизи деманция ривожланган. Тадқиқотчилар соғлом одамларда деманциянинг асосий хавф омили узоқ ва тез-тез кундузги уйқу деган, хулосага келишди.

Кунига бир соатдан кўпроқ ухлайдиган кекса одамларда касалликнинг ривожланиш хавфи 40 фоизга юқори бўлган.

Таъкидланишича, 20 дақиқагача ухлаш миянинг умрини узайтириши мумкин, аммо агар сиз узоқроқ ухласангиз, миянинг тикланиши учун кўпроқ вақт керак бўлади.

Деменция қандай касаллик?

Бу бир қатор касалликларнинг умумий термини бўлиб, унда мия тўқималарининг ўлиши кузатилади. Касаллик мия тўқималарининг бир-бирига узвийлигини таъминлайдиган ацетилхолин моддасининг етишмаслигидан келиб чиқади. Бунда беморларнинг 60 фоизида Альцгеймер касаллиги кузатилади.

Касаллик вақт ўтиши билан кучайиб боради ва беморнинг бутунлай имконсизлигига олиб келади. Унинг биринчи белгиси эслаш қобилияти бузилиши билан намоён бўлади.

Ер юзида ҳар тўрт дақиқада қарилик ақлий заифлик ташхиси қўйилади. 2050 йилга бориб бу хасталик билан оғриганларнинг сони ҳозирги 44 миллиондан 135 миллионга чиқиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?