Олимлар болаликда қабул қилинган антибиотиклар астма ва аллергия хасталикларини келтириб чиқариши мумкинлигини айтишмоқда

10:20 14 Август 2022 Дунё
911 0

Янги аср тиббиёти антибиотиклардан воз кечиш тарафдори. Бу борада дастлабки қадамлар ташланяпти ҳам. Чунки бундай препаратлардан фойдаланиш борган сари оғир асоратларни келтириб чиқармоқда.

Тўғри, баъзи хасталикларни даволаш, айниқса оғир аҳволдаги беморлар ҳаётини сақлаб қолишда ушбу дори-дармонларнинг самарасини инкор қилиб бўлмайди.

Аммо борган сари бактерияларнинг антибиотикларга чидамлилиги ортаётгани жуда хавотирли. Аниқланишича, айни шу омил дунёда содир бўлаётган эрта ўлимнинг асосий сабабларидан бирига айланяпти.

Яқинда эса АҚШнинг Рутгерс ва Нью-Йорк ҳамда Швейцариянинг Цюрих университетлари олимлари томонидан бу борада ўтказилган қўшма тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Қайд этилишича, кичик ёшли беморларда қўлланилган антибиотиклар уларнинг овқат ҳазм қилиш тизимида соғлом бактериялар ўлимига сабаб бўлади. Оқибатда жажжи организмда бора-бора астма ва аллергия касалликлари ривожланиши хавфи юзага келади.

Тадқиқот муаллифлари илмий хулосасини жониворларда синовдан ўтказди. Тажриба давомида беш кунлик сичқонларга антибактериал воситалар — азитромицин ёки амоксициллин берилди.

Орадан маълум вақт ўтиб, яъни жониворлар улғайгач, уларда иммунитет реакцияси кузатилди. Яъни бундай дори-дармонларнинг кучли аллергия хасталикларини келтириб чиқариши маълум бўлди.

Олимларнинг таъкидлашича, бу тадқиқот антибиотиклардан фойдаланишни чеклаш ёки келгусида улардан бутунлай воз кечиш учун яна бир муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер