Ўлим кўрсаткичи юқори. Коронавируснинг “британча” штаммининг ўзига хос хусусиятлари қандай?

09:24 05 Февраль 2021 Дунё
693 0

Коронавируснинг “британча” штаммида йўтал, қаттиқ чарчаш, томоқ ва мушакларда оғриқ каби белгилар хос. Аммо ҳиднинг йўқолиши “хитойча” турига қараганда камроқ сезилади. Ушбу маълумотлар Буюк Британиянинг Миллий статистика хизмати томонидан маълум қилинди.

Хизмат бундай хулосага Англияда “Cоvid-19” билан зарарланган 6 минг кишининг маълумотларини ўрганиб келган.

Ҳид ва таъмини йўқотиш каби аломатлар янги штаммда камроқ учрайди. Аммо бу мутацияда ҳам касалликнинг учта асосий аломати — юқори иситма, йўтал ва таъм сезишнинг ўзгариши кузатилаган.

“Британча” штамм билан зарарланганларнинг аксариятида ушбу учта аломатдан камида биттасини намоён бўлган.

Дастлаб 2020 йил сентябрь ойида Буюк Британиянинг Кент округида аниқланган мазкур янги штамм вируснинг олдинги турига қараганда тезроқ тарқалиши маълум бўлди. Кейинчалик у мамлакатнинг барча ҳудудларида қайд этилди ва янги юқтиришлар сонининг кескин кўпайишига олиб келди. Натижада Буюк Британияда кенг қамровли чеклов чоралари жорий этишга мажбур бўлинди.

Ушбу штаммда ўлим кўп кузатилади деб ҳисобланмоқда, аммо буни тасдиқлаш учун ҳали етарли илмий далиллар йўқ.

Статистика хизмати беморларни “Cоvid-19”нинг “британча” штамми тасдиқланишидан бир ҳафта давомида нима безовта қилганини ҳам таҳлил қилдилар ва “хитойча” вариант билан зарарланганларни шундай маълумотлари билан таққослади.

Бунда 2020 йил ноябрь ойининг ўрталаридан 2021 йил январь ойининг ўрталарига қадар инфекцияни юқтирганларнинг маълумотлари ўрганилди.

Натижада янги штаммни юқтирган 3,5 минг кишидан иборат гуруҳидагиларнинг 35 фоизини йўтал, 32 фоизини чарчоқ, 25 фоизини мушак ва танада оғриқ, 21,8 фоизини томоқ оғриғи безовта қилгани маълум бўлди.

«Хитойча» штамм билан зарарланган 2,5 минг кишилик гуруҳдагиларнинг 28 фоизи йўтал, 29 фоизи чарчоқ, 21 фоизи мушак ва танадаги оғриқ, 19 фоизи томоқ оғриғидан шикоят қилган.

Янги штаммни юқтирганларнинг 16 фоизи таъм билиш, 15 фоизи эса ҳид сезиш қобилиятини йўқотган.

Эски штамм билан касалланганларда ҳар икки аломат 18 фоизни ташкил қилди.

Бош оғриғи, нафас олишнинг оғирлашиши, диарея ва қусиш каби аломатлар ҳар икки гуруҳда бир хил кечгани кузатилди.

Уорвик университети вирусологи ва молекуляр онкология профессори Лоуренс Янгнинг айтишича, янги штаммда Ухан шаҳрида аниқланганига қараганда 23 та ўзгариш аниқланган.

“Вирус таркибидаги баъзи бир ўзгаришлар организмнинг иммун реакцияси ва инфекцияни келтириб чиқарадиган аломатларга таъсир қилиши мумкин”, дейди олим.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, янги штаммни юқтирганларнинг танасида вирус интенсив равишда кўпайиб бориши кузатилади. Бу эса инфекциянинг бутун вужудга кенг тарқалишига йўтал, мушаклар оғриғи ва чарчоқнинг оғирроқ кечиши олиб келади.

Унинг тарқалиш тезлиги сабаби нимада?

АҚШлик ва хитойлик биологлар коронавирус “британча” штаммининг тез тарқалиши сабабини аниқлашга ҳаракат қилишди.

Уларнинг тадқиқотлари натижалари “bioRxiv2 журналида чоп этилди. “SАRS-CоV-2” ушбу “қобилият”га “Н501Y” мутацияси туфайли эришмоқда. Олимларнинг фикрига кўра, айнан у вирусни ҳужайралар юзасидаги рецепторлари билан боғлашга ўн баравар яхши имконият беради.

“Коронавируснинг “британча” штамми ҳужайра юзасидаги “АCE2” рецепторларига вирусни бириктиришга масъул бўлган “RBD” оқсилининг тузилишини ўзгартирадиган “Н501Y” мутациясига эга”, дея изоҳ берди тадқиқотчилар.

Маълум бўлишича, ушбу кичик ўзгариш вируснинг инсон ҳужайраларидаги ушбу оқсиллар билан бирикиш қобилиятини тахминан ўн баравар яхшилаган.

Афсуски, бу тадқиқотларда аниқланган ягона ўзгариш эмас. Яъни ушбу штамм зарраларига антитаналарнинг самарадорлигини сезиларли даражада пасайтириши мумкин. Бу шуни кўрсатадики, мавжуд “SАRS-CоV-2” қарши вакциналар инсон танасини инфекциядан ҳимоя қилади, аммо олдинги штаммларга қарши курашда бўлгани каби самарали бўлмайди.

Коронавируснинг “британча” штамми Ўзбекистонга ҳам кириб келган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, у билан 10 ёшли ўсмир зарарланган. Мутахассисларнинг беморнинг аҳволи барқарорлигини маълум қилди.

Фазлиддин АБИЛОВ, тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?