Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг жавоби депутатларни қониқтирдими?

14:31 14 Декабрь 2021 Жамият
787 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан «Олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги масала юзасидан юборилган Қонунчилик палатасининг парламент сўровига олий ва ўрта махсус таълим вазири А. Тошқуловнинг жавоби атрофлича кўриб чиқилди.

Парламент сўровига жавобда қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимида халқаро ҳамкорлик сезиларли даражада жадаллашди. Хусусан, хорижий олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, бошқа таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда. Бугунги кунга келиб республикамиз ОТМларининг хорижий ҳамкор ОТМлар ва илмий-тадқиқот марказлари билан тузган халқаро шартномалари 2 900 тага яқин бўлиб, улар МДҲ давлатлари, Европа, Америка ва Осиёдаги илғор ОТМлар ва таълим ташкилотлари билан тузилган.

Юртимизда соҳада етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг бевосита иштирокини таъминлаш мақсадида сўнгги беш йилда 22 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари ташкил этилиб, уларнинг сони 29 тага етди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 июндаги қарорига мувофиқ, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб хориждаги ОТМлар билан қўшма таълим дастурларини очиш йўлга қўйилди. Мазкур дастурлар 2018 йилда 15 та олий таълим муассасасида қабул кўрсаткичлари 1130 та бўлган бўлса, 2020 йилда 58 та ОТМларида қабул кўрсаткичлари 8124 тага етди.

Вазир жавобига кўра, олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлик дастурлари ва хорижий грантлар доирасида 1084 нафар профессор-ўқитувчилар хорижий олий таълим, илмий-тадқиқот муассасаларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилди.

Шу билан бирга, олий таълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 711 нафар хорижий етакчи олимлар, мутахассис-амалиётчилар ва юқори малакали ўқитувчилар тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликларига ўқув машғулотларини, соҳа мутахассисларига маҳорат дарсларини ўтиш учун жалб этилди.

Мажлисда олий ва ўрта махсус таълим вазири А. Тошқуловнинг жавоби маълумот учун қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?