Олий ва ўрта махсус таълим вазирига нега парламент сўрови юборилди?

16:57 04 Ноябрь 2020 Сиёсат
222 0

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш қонун устуворлиги ҳамда қонунийликни кафолатлашнинг муҳим шартларидан саналади. Шу боис сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда малакали юридик кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда.

Қайд этиш жоиз, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари аҳоли орасида умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва уларга риоя этиш тамойилларини оммалаштиришга, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш жараёнига кенг жалб этилган. Бу ишларда таълим муассасаларининг иштироки ҳам ортиб бормоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида депутатлар ушбу масалани атрофлича муҳокама қилдилар. Бу бежиз эмас. Чунки белгиланган чора-тадбирларнинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида бажарилиши ҳуқуқий таълим-тарбиянинг сифати ва самарадорлиги ошиши, ёшларда зарарли ахборотлардан ҳимояланиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитет шаклланиши нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади.

Бироқ, депутатлар томонидан олиб борилган ўрганишлар натижалари, жойларда сайловчилар билан учрашувларда аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларнинг таҳлили бу борадаги ишларни ташкил этишда ҳал қилиниши лозим бўлган айрим масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Чунончи, ёшларнинг ҳуқуқий билимини бойитиш ҳамда таълим сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган омил ҳисобланадиган янги авлод ҳуқуқий дарсликлари ва ўқув қўлланмаларини яратиш, олий таълим муассасаларининг замонавий ҳуқуқий дарсликлар билан таъминланиш аҳволини яхшилаш тақозо этилаётир.

Ҳуқуқий мавзулар бўйича таълим берувчи педагог-ўқитувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласига тизимли ёндашиш ҳамда бу йўналишда тегишли вазирлик ва идоралар, хусусан, Адлия вазирлиги билан ҳамкорликни кучайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мажлисда олий ва ўрта махсус таълим вазири И. Мажидовга “Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш борасида олий таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?