Олий суд Пленумида қандай қарор лойиҳалари муҳокама қилинди?

09:45 28 Ноябрь 2021 Жамият
327 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб борилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини тўла-тўкис таъминлаш борасида суд қарорларини қайта кўриш институти янада такомиллаштирилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги бешта қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотининг мантиқий давоми бўлди. Ушбу қонунлар, таъбир жоиз бўлса, янги Ўзбекистон суд тизимини тубдан янгилашнинг навбатдаги муҳим ва юксак босқичига қадам қўйилганидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисида бир қатор қарор лойиҳалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда соҳага оид қабул қилинган қонунларда фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилиш, назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилиш, прокурорнинг айбловдан воз кечишининг ҳуқуқий асослари ва процессуал тартибини белгилаш назарда тутилди.

Шунинг баробарида 2021 йил 12 январда тугатилган назорат инстанцияси тизими суд ишларининг йиллаб ўз ечимини топмасдан, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлганини ҳам холислик нуқтаи назаридан очиқ-ошкора айтишимиз керак. Қолаверса, назорат инстанцияси тизими халқаро амалиётга ҳам зид эди.

Шу маънода, Президентимиз томонидан «бир суд – бир инстанция» тамойили илгари сурилгани юқорида санаб ўтилган салбий жиҳатларни бартараф этишда муҳим омил бўлди. Бу ташаббус, биринчидан, суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг ҳал қилинишига кучли туртки берган бўлса, иккинчидан, ушбу тизимнинг тубдан қайта кўриб чиқилишига асос яратди.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган «бир суд – бир инстанция» тамойилига кўра, эндиликда, биринчидан, халқаро андозаларга мос равишда уч босқичли – биринчи, апелляция ва кассация инстанциялари тизими яратилди. Иккинчидан, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ тугатилди. Вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган суд ишлари юзасидан берилган шикоятларни шу суд томонидан юқори инстанция сифатида кўриш амалиётига барҳам берилди.

Натижада ушбу жараёндаги коррупциявий омиллар бартараф этилиб, шикоят қилиш институтининг самарадорлиги ортди. Шунингдек, ўрта бўғиндаги судлар асосан апелляция инстанцияси суди сифатида ихтисослашгач, уларнинг масъулияти кучайтирилиб, барча диққат-эътибор суд қарорларининг сифатига қаратилди. Бунда биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинишига алоҳида аҳамият қаратилади.

Энг муҳими, бу билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тиклаш ва одил судловни амалга ошириш сифатини янада яхшилаш имконияти яратилди. Ўз навбатида назорат институтининг тугатилиши ва кассациянинг учинчи босқич суди сифатида белгиланиши суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги бевосита ундан норози томоннинг тўғридан-тўғри берган шикояти асосида кўрилишига замин яратди.

Янги қонунларда мустаҳкамланган нормаларнинг барчаси суд қарорларини қайта кўриш масаласига доир халқаро стандартлар талабларини процессуал қонунчилигимизга имплементация қилишни таъминлади. Бу айни вақтда қонун устуворлиги суд ҳокимияти мустақиллиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади. Энг асосийси, кассация инстанцияси ҳам тўлиқ ислоҳ қилинди.

Шу муносабат билан судларга ушбу қонун нормаларини бир хилда тўғри қўллаш ва бу борада ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Олий суд Пленумининг «Маъмурий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти», «Фуқаролик ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида», «Иқтисодий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида», «Жиноят ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, мажлисда Олий суд Пленумининг «Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгашининг таркибини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Якунда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?