Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати ўртасида меморандум имзоланди

16:47 06 Октябр 2021 Жамият
133 0

Бугун “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Пробация хизмати фаолиятида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ҳамда ўзаро ҳамкорлик” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари ва Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари, Ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари ва ОАВ иштирок этишди.

Тадбирда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида, бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум қилинган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олинади, дея таъкидланган. Бу эса пробация бўлинмаларининг, билиб билмай қилган ножўя қилмишлари туфайли пробация назорати остига олинган шахсларни жамиятга мослаштириш, иш билан таъминлаш борасидаги масъулиятини бир неча баробарга оширади.

Қолаверса, мамлакатимизда 2020 йилда кўрилган жиноят ишларида жами маҳкумларининг 74 фоизига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари қўлланилган. Бу эса ўз навбатида ташкил этилганига унча кўп муддат бўлмаган Пробация хизмати ходимларининг иш юкламаси мунтазам равишда ортиб бораётганини кўрсатади.

Давлат раҳбарининг “Жиноят ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарорида ҳам пробация бўлинмалари олдига қўйилган асосий вазифаларни ҳамкорликда ташкил этиш мақсадида, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлик бўлмаган жазоларни ижро этиш фаолиятини тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда самарали ташкил этиш вазифаси белгилаб берилган. 

Пробация хизматининг асосий вазифаси бу-жиноят кўчасига кириб қолган шахсни тарбиялаш, уни жамиятга, ижтимоий ҳаётга мослаштиришдан иборат. 

Маълумотларга кўра, 2020 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда назорат остидаги шахсларни иш билан таъминлаш мақсадида 655 маротаба “Ишга марҳамат” тадбирлари ташкил этилиб, 6000 нафардан ортиқ назоратдагиларга ишга йўлланмалар берилган бўлса, уларнинг 4900 га яқини иш билан таъминланган. 

Муайян касбга эга бўлмаган 2400 нафардан ортиқ назорат остидагилардан 2 мингга яқини касбга йўналтириш бўйича ўқишга юборилган бўлса, қолган назоратдагилар касбга ўқитилган. Жумладан, ҳайдовчиликка, қурилиш соҳасига, маиший хизмат кўрсатиш соҳасига, ободонлаштириш ва ҳоказо.

Бундан ташқари, пробация бўлинмалари назорати остида турган шахслар орасида тадбиркорлик ёки муайян фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлганларга ҳуқуқий ва бошқа масалаларда маслаҳатлар берилиб, уларга истеъмол кредитлари ажратилишида ҳар томонлама кўмак берилмоқда.

Амалга оширилган қатор ижобий ишларга қарамасдан, афсуски, ўтган 2020 йил давомида назорат остидаги шахслар орасида тайинланган жазони ўташдан қасдан бўйин товлаб, қонунларимизга итоаткорона муносабатда бўлмаган шахсларнинг ўталмай қолган жазо муддатларини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш каби ҳолатлар ҳам учрамоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тадбир иштирокчилари Пробация хизмати назорати остидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда самарали ташкил этиш борасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларини муҳокама қилишди.

Шунингдек, давра суҳбати доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати ўртасида меморандум имзоланди.

"Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?