Олий Мажлис Сенати Раисининг АҚШ Конгресси Хотин-қизлар кокуси вакиллари билан онлайн учрашуви бўлиб ўтди

22:13 24 Март 2021 Сиёсат
619 0

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг АҚШ Конгресси Хотин-қизлар кокуси вакиллари билан онлайн учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ж.Вахабов, Пуэрто-Риконинг Конгрессдаги вакили, АҚШ Вакиллар палатасининг транспорт ва инфратузилма, илм-фан ҳамда технологиялар ва табиий ресурслар бўйича қўмиталари аъзоси Ж. Гонсалес-Колон, Вакиллар палатасининг суд иш юритуви, миллий хавфсизлик ва бюджет масалалари бўйича қўмиталари аъзоси Ш.Жексон Ли, Вакиллар палатасининг ташқи ишлар, бюджет ва таълим ҳамда меҳнат масалалари бўйича қўмиталари аъзоси И. Омар иштирок этди.

Мулоқот давомида сўнгги йилларда икки томонлама парламентлараро ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги парламентлараро алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг АҚШга тарихий ташрифи туфайли парламент аъзоларининг икки томонлама мулоқоти фаоллашди.

Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий, молиявий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига, давлатлар ўртасидаги парламентлараро ўзаро алоқаларни ривожлантиришга юқори баҳо берилди.

Америка томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Конгрессвуменлар фикрича, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётида тўлиқ ҳамда тенг иштирок этиши учун қулай шароитлар яратилган.

АҚШ томони Марказий Осиё мамлакатлари аёл раҳбарлари билан мулоқотни йўлга қўйишда Ўзбекистоннинг етакчи ролини олқишлади. Бу хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?