Олий Мажлис Сенати Раиси БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси раиси билан учрашди

09:19 07 Июль 2021 Сиёсат
478 0

2021 йил 6 июль куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессияси раиси Волкан Бозкир билан учрашди.

Унда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг холати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар ва ўзаро мулоқот янги сифат даражасига кўтарилганлигини қайд этдилар.

Жумладан, мамлакатимизда БМТ билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб келиняпти.

Учрашувда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида бажарилган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Хусусан, Барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилгани, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилгани таъкидланди.

Шунингдек, жорий йил 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Мазкур форум Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюцияни муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш учун муҳим ўрин эгаллади. Унда Бухоро декларацияси қабул қилинди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессияси раиси Волкан Бозкир республикамизда давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиётни либераллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Учрашувда давлатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсати, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш конвенциясининг ижроси, гендер тенгликни таъминлаш масаласи муҳокама қилиниб, бу йўналишда эришилган ютуқлар, жумладан Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқлангани қайд этилди.

Томонлар ҳамкорлик ва ўзаро муносабатларни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдириб, ўзаро манфаатли масалалар юзасидан фикр алмашди. Шунингдек тизимли мулоқотни давом эттиришга, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?