Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда муҳим масалалар муҳокама қилинди

10:57 27 Февраль 2021 Сиёсат
782 0

2021 йил 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг видеоконференсалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилари иштирок этган мазкур мажлисда қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш мақсадида Сенат қўмиталари томонидан қатор қонунлар ижросининг ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг олиб борилди.

Таҳлиллар айрим қонунларда аниқ механизмларнинг акс эттирилмаганлиги, ҳаволаки нормаларнинг мавжудлиги сабабли соҳанинг асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинганлиги, шунингдек қабул қилинган айрим қонунлардаги нормаларнинг амалиётда қўлланилмаётганлиги сабабли қонунларни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш лозимлигини кўрсатди.

Жумладан, «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонунда электрон тижорат соҳасидаги қонун ҳужжатлари тизимлаштирилмаган, мазкур муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга солувчи норма ва муносабатлар ягона қонунга бирлаштирилмаган. Электрон тижоратни амалга оширишда миллий тўлов тизимларидан ташқари, халқаро тўлов тизимларидан фойдаланиш бўйича нормалар қонунда ўз аксини топмаган.

Қолаверса, «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунда ҳомийлик ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда фаолият юритишини мувофиқлаштириш бўйича нормалар белгиланмаган. Ҳомийлик фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари ва ННТга имтиёзлар ҳамда рағбатлантириш чораларини тақдим этишнинг ҳозирги давр талабларига мос механизмлари жорий этилмаган. Якка тартибда хайрия фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний ва юридик шахслар фаолияти ҳамда уларга ажратилган маблағлар сарфланиши ҳақида очиқ ва ишончли маълумотга эга бўлиш имконияти яратилмаган.

Бундан ташқари, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Қонунда қайси ҳолатларда ахборот тақдим этишда чекловлар ўрнатилиши аниқ белгиланмаганлиги сабабли ахборотнинг эгаси томонидан зарур ахборотни давлат сирига тегишли деган важлар билан тақдим этмаслик ҳолатлари учрамоқда. Ахборот олиш ҳуқуқининг ноқонуний чекланишлари юзасидан шикоят қилиш ва шикоятларни кўриб чиқувчи махсус давлат органи ҳамда унинг ваколатларига доир нормалар белгиланмаган.

Мажлисда қонунларни ишлаб чиқиш жараёнида жамоатчиликни кенг жалб қилиш ва турли тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги учун тарғибот-тушунтириш ишларини жадал олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 25 августдаги «Коронавирус пандемияси даврида вужудга келган муаммолардан келиб чиқиб, ижтимоий-иқтисодий соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари тўғрисида»ги КҚ-119–IV-сонли қарорининг ижро этилиши муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилганидек, Сенат Кенгашининг мазкур қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилган.

Жумладан, маҳаллий бюджетларни шакллантириш механизмлари, хусусий бандлик агентликлари фаолияти, аҳолига ижтимоий ёрдам бериш соҳасидаги давлат сиёсати, пенсия таъминотига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, олий ўқув юртлари фаолиятига дуал таълим институтини жорий қилишга қаратилган 5 та қонун ҳужжати қабул қилинган.

Фавқулодда вазиятларда тадбиркорлик учун ажратилган кредитларни субсидиялаш ва реструктуризация қилиш тартибини, тижорат банклари томонидан «тайёр бизнес» лойиҳаларини сотиш амалиётини, пандемия шароитида тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш, мамлакатимизда хизмат кўрсатиш соҳасида инновацион фаолиятни ривожлантириш, миграцияга оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та фармон ва қарорлари қабул қилинган.

Бундан ташқари, масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар фаолиятини такомиллаштириш, етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, таълим соҳасига масофавий ва бошқа замонавий ўқитиш шаклларини жорий қилиш, пандемия шароитида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария хизмати сифатини яхшилаш, уни замон талабларига мос тарзда ривожлантиришга қаратилган 6 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Бироқ амалга оширилган ишлар билан бирга чора-тадбирлар режаси ижросини таъминлашда айрим камчиликлар мавжудлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.

Жумладан, молия ва банк хизматларини кўрсатишда масофавий хизмат турларини ривожлантириш ва уларнинг қонунчилик асосларини яратиш, товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишдаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни электрон тарзда расмийлаштириш, электрон шартномалар тузиш, банклар фаолиятида аутсорсинг тизимини жорий қилиш каби вазифалар ижроси таъминланмаган. Қолаверса, пандемия шароитида Меҳнат кодексини такомиллаштириш, аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида бюджетдан ташқари корпоратив ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш вазифалари тўлиқ амалга оширилмаган.

Мажлисда олий даражадаги ташрифлар давомида эришилган савдо-иқтисодий ҳамкорлик келишувларини амалга оширишда парламент назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида белгилаб берилган устувор йўналиш ва вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан олиб борилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар натижадорлигини таъминлаш мақсадида парламент назорати доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича қабул қилинган савдо-иқтисодий келишувлар ижроси ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўналишидаги фаолияти бўйича тегишли давлат органлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш амалиёти жорий этилди.

Яна бир жиҳат. Сенат Ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркия ва Японияга расмий ташрифлари давомида имзоланган инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар режалари («йўл хариталари») ижро этилиши ҳолати юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Натижада айрим муаммолар мавжудлиги маълум бўлди.

Жумладан, Туркия билан умумий қиймати 608,3 млн. долларга тенг бўлган 49 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 12 та лойиҳа (107 млн. доллар) ўз вақтида бажарилмаган, 7 та лойиҳа (223 млн. доллар) ижроси таъминланмаган.

Япония билан умумий қиймати 4 млрд. 393 млн. доллар миқдоридаги 40 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, шундан 2 млрд. 577 млн. долларлик 19 та лойиҳа ижроси муддатидан кечикмоқда, 109 млн. долларга тенг 4 та лойиҳа бажарилмаган.

Мажлисда ушбу лойиҳаларни амалга оширишда қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётганига урғу берилди. Хусусан, олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш бўйича «йўл хариталари»нинг ижросини қатъий назорат қилувчи тизим йўлга қўйилмаган.

Қолаверса, олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланиши назарда тутилган инвестиция лойиҳаларини дастлабки тарзда чуқур ва ҳар томонлама техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш (экспертизадан ўтказиш) талаб даражасида эмас.

Мажлисда «йўл хариталари»да белгиланган ва ҳудудларга тегишли бўлган инвестиция лойиҳалари ижросини назорат қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишда жойлардаги сенаторлар ва маҳаллий Кенгаш депутатлари фаоллик кўрсатиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Шунингдек, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича масъул вазирлик ва идораларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?