Олий Мажлис делегацияси ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг кузги сессиясида иштирок этди

13:52 29 Ноябрь 2022 Сиёсат
311 0

2022 йил 24-26 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси Варшава шаҳрида (Полша) бўлиб ўтган ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг (ПА) кузги сессиясида иштирок этди.

Тадбирда ЕХҲТга аъзо 50 та давлатдан 220 дан ортиқ парламент аъзолари иштирок этди.

Сессия доирасида умумий ялпи мажлис, шунингдек, ЕХҲТ ПА миграция ва терроризмга қарши курашиш бўйича махсус қўмиталари мажлислари бўлиб ўтди. Сессия доирасида ЕХҲТ ҳудудидаги низоларни бартараф этиш, «яшил иқтисодиёт»ни янада рағбатлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сайловларни ташкил этиш соҳасида тажриба алмашиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, сессия давомида парламент аъзолари Парламент Ассамблеяси ҳамда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) раҳбариятининг ҳисоботларини эшитди.

ЕХҲТ ПА Терроризмга қарши курашиш махсус қўмитаси мажлиси доирасида қўмитанинг янги доимий аъзоси сенатор Р.Алимов таништирилди. Ўзбекистон вакили маъруза қилди. Р.Алимов республикада терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, қилмишидан афсусланган шахсларга манзилли ёрдам кўрсатиш ва уларни жамиятга мослаштириш, шунингдек, террористик фаолиятдан жабрланган аёллар ва болаларни қутқариш ҳамда ўз ватанига қайтариш бўйича «Меҳр» дастурларини амалга ошириш доирасида кўрилган комплекс чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон делегациясининг Варшавада бўлиши доирасида ЕХҲТ ПА вице-президенти, Терроризмга қарши курашиш бўйича махсус қўмита раиси Р.Лопатка ва Ассамблея Бош котиби Р.Монтелла билан икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувларда томонлар мамлакатимизнинг ЕХҲТ ПА доирасидаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини, шунингдек, Ассамблеянинг 2023 йилдаги ялпи тадбирларига оид масалаларни муҳокама қилди.

ЕХҲТ ПА вакиллари ўзаро ҳамкорлик даражасини, Ўзбекистон Республикасининг Ассамблея доирасидаги фаол позициясини юқори баҳолади ҳамда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда, фуқаролик жамияти институтларини мамлакат фуқаролари манфаатларидан келиб чиқиб мустаҳкамлашда бундан буён ҳам ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер