Оилавий зўравонлик фарзандлар руҳиятини издан чиқармоғи муқаррар

Фото: Иллюстратив cурат
Афсуски, кейинги пайтларда оилаларда аёллар ёки фарзандларнинг зўравонликка дучор бўлаётгани каби нохуш ҳодисалар тез-тез такрорланмоқда. Буни жабрланувчилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга қилинаётган мурожаатлар ҳам тасдиқлаб турибди. Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида қайд этилган ҳолат бунга мисолдир.
Элбек Жўраев (исм-шарифи ўзгартирилган) 2022 йилнинг куз ойларида рафиқаси Зилола Асадуллаева билан ўзаро келишмовчиликлар туфайли жанжаллашиб қолади. Оқибатда аёл қўшни Хўжаобод туманига – ота уйига кетади. Бундан жаҳли чиққан Элбек кунларнинг бирида тунги соат 02:00 ларда қайнотасиникига боради. У ерда яна Зилолани куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилади. Бу ҳам етмагандай, хотинини уриб тан жароҳати етказади. Шундан сўнг жанжал янада авж олишини англаган З.Асадуллаева ёрдам сўраб, туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилади. Натижада кўп ўтмай, ИИБ ходимлари етиб келишади. Бироқ зўравон эр уларнинг қонуний талабини ҳам бажармайди. Шу боис Э. Жўраевга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга юборилади. Ўз навбатида унга суд томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилди.
Яна бир мисол. Хўжаобод туманида истиқомат қилувчи Санжарбек Дўстмуродов шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи Махфират Юлчибоева, унинг ўғли Диёрбек Каримжонов ва қизи Шоҳсанам Каримжоновалар билан бирга оилавий ётоқхонада яшайди. Лекин Санжарбек Диёрбек ва Шоҳсанамга мунтазам равишда қўполлик қилиб, ҳатто уларни уриб тан жароҳати етказиб, уй ишларини бажаришга мажбурлаб келади. Бу ҳолат эса Махфиратга оғир ботади, оилада тез-тез жанжаллар бўлиб туради. Шу йилнинг 31 январь куни С. Дўстмуродов хотини ва унинг ўғлини уриб, қўрқитади. Бундай жанжаллардан безиб қолган Д. Каримжонов «102» қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, ёрдам беришларини сўрайди. ИИБ ходимлари мазкур хонадонга етиб келишади. Аммо Санжарбек профилактика инспекторининг ҳуқуқбузарликни тўхтатишга қаратилган қонуний талабларини ҳам бажармаган. Пировардида С. Дўстмуродов суд қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, 10 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилади. Шунингдек, ундан ҳар бир кун учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида қамоқ харажатлари ҳам ундирилди.
Жамиятимизда оилага муқаддас даргоҳ сифатида қаралади. Шундай экан, бу қутлуғ гўшада зўравонликка асло ўрин йўқ. Зеро, оиладаги зўравонлик алалоқибат фарзандлар руҳиятини издан чиқаради. Мурғак боши билан руҳан эзилган, аламзада ёхуд қўрқув ва ҳадик ҳисси билан улғаядиган болаларнинг келажаги эса мавҳумдир.
Муҳайёхон ТУРДИЕВА,
жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди раиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлиси 29 сентябрь куни чақирилади
- Чустда боғча тарбияланувчилари доридан заҳарланганмиди ёки... Вазиятга аниқлик киритилмоқда
- Ҳанжоуда Осиё ўйинларига старт берилди. Очилиш маросимидан фоторепортаж
- Шавкат Мирзиёев Италия собиқ президенти вафоти муносабати билан таъзия йўллади
- Астраханда VIII Каспий медиафоруми бўлиб ўтди
- Ҳанжоу-2022: Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ярим финалда!
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг