Оиладаги шафқатсизлик ва бепарволик оқибати оғир, сабаби янада аянчли

18:02 31 Июль 2024 Жамият
242 0

Фото: Иллюстратив фото

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Инсон оилада дунёга келади. Ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари, чор-атрофдаги одамларга муносабати оилада шаклланади. Демак, боланинг қандай инсон бўлиб етиши ҳар жиҳатдан у улғайган оила муҳитига боғлиқ.

Бунга вояга етмаган Бибисора (исми ўзгартирилди)нинг ҳаётини мисол қилиб келтириш мумкин.

Бибисоранинг ўн ёшлигида ота-онаси ажрашиб кетади. Қиз онаси тарбиясида қолади. Орадан бир неча йил ўтиб онаси Миришкор туманида яшовчи бир кишига турмушга чиқади. Бу пайтда Бибисора 14 ёшда эди.

Эр-хотин ўзаро аҳилликда яшаб кетади. Аммо улар Бибисоранинг руҳиятида кечаётган ўзгаришларга эътибор қаратмайди. Қаршидан Миришкорга борган қиз мактаби ва яқинларидан узоқлашиб, мутлақо бегона жой, одамлар даврасига кўниколмай бир қийналган бўлса, ўгай отани ўз отаси сифатида қабул қилолмай икки қийналди. Натижада тез-тез асабийлашиб, атрофдагилар билан тортишиб қолади.

Бу вақтда мавжуд ҳолатни унга тўғри тушунтириб, руҳий кўмак бериши, яхши гап билан йўлга солиши лозим бўлган ота-она ўз ташвишларидан ортмайди. Қайтага «Сен тирмизак гапга кирмаяпсан, эсингни жойига киритиб қўйиш керак» қабилидаги дашномлар билан уриб-силкилаб йўлга солиб олмоқчи бўлишади. Бу ҳолатни ўгайлигим учун қиляпти, деб тушунган қиз уйдан қочадиган, қайси қариндоши ўзига яхши муносабатда бўлса, ўшаникига борадиган одат чиқаради.

Бибисорани тўғри тушуниб муомала қиладиган яқинларидан бири Қарши шаҳрида яшовчи холаси Нилуфар Азимова эди. Қиз тез-тез холасининг уйига қочиб борар, бир-икки кундан сўнг онаси келиб олиб кетарди. Охирги сафар келганида у холасига ёлворади:

— Хола, мен сизникида доимий қолай. Ишларингизга қарашиб тураман…

— Менгаку майли эдия, лекин бугун онанг келар экан. Барибир олиб кетадида, — деб жавоб қилди холаси.

Шу лаҳзада қизнинг уйга кетгулик шашти йўқ эди. Бундай вазиятда нима қилиш зарур? Қизнинг хаёлига келган ягона фикр холасининг уйидан ҳам қочиш бўлади. Бироқ, ўз йўлини топиб олгунига қадар ишлатиб туриш учун пул керак. Хаёлида қаердан пул топиш режаси айланган Бибисора беихтиёр холасининг уйдан чиқишини пойлай бошлади. Қолганини унинг ўзидан эшитинг:

«Ўша куни холам бозорга кетди. Мен йўлга чиқсам, ўзимга пул керак бўлишини ўйлаб, холамнинг уйини кўздан кечирдим. Телевизор устида турган телефон аппарати ва сандиқдан 500 доллар ҳамда 300 000 сўм пулни олиб, уйдан чиқиб кетдим. Кейин Қарши шаҳридаги «Орзу» бозорини айландим. Аммо бу ердан ҳеч нарса харид қилганим йўқ. Шундан сўнг, «Хўжаи Жарроҳ» қабристонига бориб, бувимнинг қабрини зиёрат қилдим». (Бибисора Обидованинг терговда берган кўрсатмасидан).

Холасиникидан ўғирлаб чиққан пуллари билан катта шаҳарда ёлғиз қолган Бибисора энди ёнидаги пуллардан хавотирга туша бошлади. Бу ҳолатда юрсам, биров пулларимни олиб қўйиши мумкин, деган ҳадикда Миришкор туманига бориб, 500 долларини ўзи билан яқин муносабатда бўлган Жавоҳир исмли танишига: «Отам бу пулларни менга алимент ҳисобида берди. Ҳозирча сенда турсин, керак бўлганида оламан» деб ўзи яна Қаршига қайтади. Шаҳардаги «Ерқўрғон» деҳқон бозорида тижоратчи аёлларга ёрдамлашиб кун кечиради.

Ота-онасининг арзасига асосан қидирув эълон қилинган Бибисора Обидова кўп ўтмай ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди. Шунингдек, холаси Нилуфар Азимованинг аризасига асосан, у ўғирлик жиноятини содир этганликда айбланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жавобгарликка тортилди.

Таъкидлаш жоиз, ўтган 2023 йилда Қашқадарё вилоятида вояга етмаганлар томонидан 36 та жиноят содир этилган. Ушбу жиноятлар тафсилотлари билан танишар экансиз, уларнинг аксарияти оиладаги назоратсизлик, ота-онанинг фарзандлар юриш-туришига бефарқлиги натижасида келиб чиққанига амин бўласиз.

Масалан, чироқчилик 16 ёшли Улуғбек Нодиров 2023 йилнинг ноябрь ойида, тунги соат 12:00 лар атрофида туман марказида таниши билан жанжаллашиб, унга оғир тан жароҳати етказган. Ота-она эса «Тун ярмида нега ўғлим уйда эмас? У қаерда, ким билан юрибди?» деган фикр хаёлига келмаганини суд мажлисида таъкидлашди.

Ёки 2007 йилда Қарши туманида туғилган Хуршид Ҳамидовнинг ҳам ўзидан ёши катта болаларга қўшилиб қўшни тумандаги каналга чўмилишга кетганидан ота-онаси хабарсиз экан. Кун бўйи каналда чўмилиб, санғиб юрган Хуршидга шерикларидан бирининг калака қилгани ёқмайди. Натижада жанжаллашиб қолган ўсмир жаҳл устида машина юкхонасида турган пичоқни олиб, унга оғир тан жароҳати етказади.

Жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судининг очиқ суд мажлисида вояга етмаган Хуршид Ҳамидов томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилиб, унга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ҳа, Хуршид ўша куни назоратсиз, бемақсад юриш ўрнига, бирор-бир тўгаракка бориб илм олиши, касб-ҳунар ўрганиши ёки ўзи ёқтирган қайсидир фойдали машғулот билан шуғулланиши ҳам мумкин эди. Бу ҳолда ушбу жиноят ҳам рўй бермасди.

Ёш авлодни ниҳолга қиёслашади. Уни қай томонга эгса, шу зайилда ўсади. Демакки, юқоридаги ўсмирларнинг тарбиясига ҳам ота-оналари бефарқ бўлмаганда, улардан вақтини, эътиборини, меҳрини аямаганда бу ёшлар катта ҳаёт остонасига қадам босмай турибоқ суднинг «қора курси»сига ўтирмаган бўларди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер