Оила даромади – писта ва лимондан

18:57 27 Сентябр 2022 Жамият
323 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида томорқачилик яхши ривожланган бўлиб, деҳқончилик, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик тошлоқликларнинг асосий даромад манбаи ҳисобланади. Бу борада туманнинг «Варзак», «Заркент», «Арабмозор», «Янгийўл» сингари ўнлаб маҳаллаларида авлоддан авлодга ўтиб келаётган ҳаётий тажрибалар замонавий мезонлар асосида жадал ривожланмоқда.

«Янгийўл» МФЙ раиси Умиджон Мўсаевнинг маълум қилишича, маҳалладаги деярли ҳар бир оила томорқадан улкан даромад олади. Иссиқхонада лимон етиштириш маҳалла аҳлининг асосий юмуши сирасига киради. Миришкор томорқачилар лимончиликдан йилига 120-150 млн сўмгача даромадга эга бўлмоқдалар.

Маҳалланинг энг миришкор оилаларидан бири бўлган Зикрилло Раҳмоновлар хонадонидаги 6 сотихли иссиқхонада лимондан йилига ўртача 80 млн сўм даромад бор. Шунингдек, писта кўчатлари тайёрлаб сотишдан ушбу оила аъзоларининг йиллик даромади 80-100 млн сўмни ташкил этади.

— Хонадонимизда 15 йилдан буён «Дўлана», «Акбарий», «Аҳмадий» навли хандон писталарни етиштирамиз, — дейди хонадон соҳиби. — Шу билан бирга ҳар йили 10 минг тупга яқин писта кўчати тайёрлаб сотамиз. Бугунги кунга қадар 200 млн сўмлик кўчат сотдик.

Зикрилло аканинг қад этишича, писта кўпчилик ўйлаганидек, узоқ йилда мевага кирадиган дарахт эмас. У ўртача 3-4 йилда мева беради. Бу оила аъзолари ҳам 10 йилдан буён писта сотишади.

— Писта данакларидан униб чиққан ниҳолларга навдор писталардан олинган шоҳ ва куртакларни пайвандлаш муҳим аҳамиятга эга, — дея суҳбатимизни давом эттиради у. — Писта кўчатини эрта баҳорда «искана», ёз мавсумида «куртак» усулида улаш тавсия этилади.

Писта дармондориларга бой, ноёб хусусиятларга эга мева. Шу боис ҳам бозорда нархи жуда қиммат. Аммо бизнинг табиий-иқлим шароитимиз писта етиштиришга қулай. Ҳамюртларимиз иккиланмай пистачилик билан шуғулланиши керак. Бу оила ҳам пистачилик ортидан уйлар қуриб, тўйлар ўтказди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?