Оҳангаронга ким кўмир кули ёғдирмоқда?

23:15 31 Март 2021 Жамият
866 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов ҳамроҳлигида Оҳангарон туманида бўлиб, хотин-қизларнинг ижтимоий муаммолари билан танишди. Бугунги кунда ушбу ҳудудда 30 ёшдан юқори бўлган 20146 нафардан ортиқ хотин-қизлар истиқомат қилмоқда. Уларнинг 872 нафари «Аёллар дафтари»га киритилган.

Сенат Раиси дастлаб тумандаги сариқ ҳудуд «Ғаллақудуқ» МФЙда истиқомат қилаётган Қизжибек Маматова хонадонида бўлиб, уй шароитида ташкил этилган тикув цехи фаолияти билан танишди. Чевар аёллар якка тартибдаги тадбиркор Ҳусниддин Мухамедов раҳбарлигида қўшни Тожикистон республикасидаги ҳамкорларининг буюртмасини амалга оширмоқда. Бундан бир неча кун олдин эса Россия давлатига 70 минг донадан ортиқ бош кийим тикиб, экспорт қилишган.

—Касаначилик асосида ишлаётган аёлларимиз ўз меҳнатлари роҳатини кўришмоқда, — дейди Раъно Соатова. — Фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида ўқиб изланяпмиз, янги моделлар топишга интиляпмиз. Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан аёлларга берилаётган эътибордан мамнунмиз.

Оҳангароннинг «Ғаллақудуқ» қишлоғи муаммолар мавжуд бўлган оғир ҳудудлардан бири саналади. Бу ерда ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, қарамоғида ногиронлиги бор фарзандларни тарбияланаётган оилалар талайгина. Ёшларнинг ишсизлик даражаси ҳам етарли миқдорда.

Сенат Раисининг чевар аёллар билан ўзаро суҳбати давомида бундай муаммоларни бартараф этишда Ҳ. Муҳаммедовдек тадбиркорларга қишлоқда эҳтиёж жуда катта эканлиги таъкидланди.

Туманнинг Ёнариқ ва Ялпоқтепа қишлоқларидаги учрашувларда ҳам хотин-қизларни ўйлантираётган масалалар ечими хусусида гап борди. Гулзира Туронбоева Оҳангарон шаҳар шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайди. У ўз ҳамкасблари номидан Сенат раисига топширган шикоятида қайд этилишича, уларни қийнаб келаётган муаммолар шаҳар ҳокимлиги даражасида ҳал этилиши лозим бўлсада, шу кунгача пайсалга солинган. Шаҳар ҳокимининг қабулига кириш эса бюрократик тўсиқлар сабабли ортга сурилмоқда. Шунингдек, Лола Меҳмонова, Нигора Аҳмедова, Умида Қўшоқова сингари ўнлаб аёллар кўтарган масалалар ечими ҳам бугунги кунда долзарблигича қолмоқда.

Т. Норбоева билан бўлган учрашувлар, ўзаро самимий ва ошкора суҳбатлар жараёнида қизил ҳудуд этиб белгиланган «Ёнариқ» ва «Ялпоқтепа» маҳаллаларидаги аҳолининг муаммолари изчил ўрганилди. Ота-оналарнинг таъкидлашича, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида қурилган қишлоқ мактаби ҳозирги замон талабларига жавоб бермайди. Биринчи ўқув биноси таъмирталаб ҳолатга келган бўлсада, бу борада тегишли чоралар кўрилмаган. Синф хоналарининг эшик ойналари эскирганлиги ва иситиш тизими ишламаслиги туфайли ўқувчилар совуқ кунларда азият чекишмоқда. Мактабда ўқувчилар учун ошхона йўқ! Қишлоқдаги оилаларда 380 нафар боғча ёшидаги болалар истиқомат қилаётган бўлсада, улар МТМ хизмати билан тўлиқ қамраб олинмаган.

—Асосий тирикчилигимиз чорвадан, бироқ, мол-ҳол қилайлик десак, атрофимиз бепоён дала-дашт бўлишига қарамай яйлов йўқ,-дейди«Ёнариқ»  МФЙдаги Нурафшон кўчаси, 75-уйда яшовчи Мавжуда Соатова. — Ҳамма жой эгалик бўлиб кетган.

Мавжуда Соатованинг жон куйдираётганидек, яйловларни эгаллаган шоввозлар атроф муҳитни кўкаламзорлаштириш баҳонасида иҳота дарахтзорлари ташкил қилиб, қир-адирларга ўтиш йўлларини тўсиб олишган. Аҳолининг чорвачилик билан шуғулланишига жиддий тўсиқ бўлаётган муаммоларга тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредит маблағлари фоизининг юқорилиги, банкдан олинаётган қарз эвазига таъминотчи таклиф қилаётган шохли қорамоллар ва қўй-эчкиларнинг харид нархлари бозордагидан икки уч баробар қимматлиги ҳам сабаб бўлмоқда.

«Истиқбол» кўчасидаги 110 та хонадонда 656 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларни бугун ечимсиз бир муаммо қийнамоқда. Тошкент — Ангрен темир йўл йўналишидан ўтиш жойи мавжуд эмаслиги сабабли ёшу қари 10 км узоқлиқдаги кўчадан айланиб киришга мажбур бўлмоқда.

—Бу ҳали ҳангоманинг ҳолваси, — дейди Зиёкор кўчаси, 103-уйда яшовчи онахон Турсуной Алиқулова. — Қишлоқларимизнинг ички кўчаларига ҳаттоки, шағал ҳам ётқизилмаган. Биз истиқомат қилаётган маҳаллада шу кунгача ичимлик суви мавжуд эмас. Болаларимиз бўш вақтларини унумли ўтказиши учун спорт майдончалари йўқ! Мактабимизга Мўминобод қишлоғидан қатнаётган ўқувчилар бир-бир ярим соат яёв йўл юриб, қор-ёмғирли кунларда сув-лой кечиб, уст-боши шалаббо ҳолда келиб кетадилар. Туман раҳбарлари шу гўдаклар учун лоақал битта транспорт воситаси қатновини йўлга қўйишса бўларди-ку!.

Бахт-барака кўчаси, 44-уйда истиқомат қилувчи Дилором Русқулова кўтарган масала туман аҳолисини қатор йиллар давомида қийнаб келмоқда.

— «Янги Ангрен» ИЭС эртаю кеч устимизга кул кукунларини ёғдирмоқда. Томорқамизда помидор ва бодринг сингари сабзавот ва полиз экинлари етиштириш армонга айланганига бир неча йил бўлди. Буни қўйиб туринг, ҳовлимиз саҳнига гулу райҳон экишдан ҳам мосуво қилиндик. Бир тарафдан Мўминобод қишлоғидаги товуқ фабрикасининг қўланса ҳидлари димоғимизга урилса, ҳар йили кунлар исиши билан бутун қишлоқни қопловчи оқ пашша ҳашароти дард устига чипқон бўлмоқда. Эшик деразамизни эмин-эркин очиб ўтиролмаймиз. Келинлар кечга томон артиб қўйган дераза ойналарини тонггача «Янги Ангрен» шарофати билан қайтадан кул қоплайди. Бу валломатларнинг атроф-муҳитга, одамларга, айниқса, ёш болалар саломатлигига жиддий зиён етказаётгани нега чорасиз қолмоқда?

Туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев Ёнариқ ва Мўминобод қишлоғи ўртасидаги 50 гектар майдонда бунёд этилган иссиқхоналар туфайли қишлоқларда оқ пашша сингари ҳашаротлар кўпайганлигини айтиб, тегишли чоралар кўришга ваъда берди. Аҳоли вакилларининг «Янги Ангрен» ИЭС хусусидаги эътирозлари эса тегишли соҳа вакиллари билан ўрганиб чиқилиши айтилди.

Танзила Норбоева кун якунида Оҳангарон туман кенгаши депутатлари билан бўлган учрашувда аҳолининг бу каби ҳақли эътирозларини бартараф этиш йўл-йўриқларини келишиб олди. Мутасадди ташкилотларга тегишли маслаҳат ва вазифалар берилди. Уларни бажариш чоғида хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги уқтирилди.

«Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилганларга алоҳида ёрдам кўрсатиш таъкидланди. Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар-жой мавжуд бўлмаган аёллар, тиббий ҳимояга муҳтожлар, тадбиркорлик қилиш истагини билдирганлар, томорқасидан даромад олиш йўл-йўриқларини қидираётганларга ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиш, учрашувларда берилган тавсиялар асосида, манзилли дастурлар ишлаб чиқиб, амалга оширишни қатъий назорат қилиш чоралари белгиланди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ

(“Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?