Оҳангарондаги хонадон томорқасида киви дарахти қийғоc гулга кирди

01:46 09 Май 2020 Иқтисодиёт
810 0

Ўзбек деҳқони доимо янгиликка интилади. Уйқусида ҳам пахтазор ва ғаллазорни кезадиган танти кишиларимиз бор. Мева-сабзавот етиштиришда ўз тажриба мактабини яратган деҳқонлар билан кўп суҳбатлашганман. Бугунги инновацион технологиялар ривожланган даврда боғбону соҳибкорларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда янги услублардан фойдаланиши оддий ҳолатга айланди. Ҳикоямиз қаҳрамони Ортиқ Эргашев ана шундай уддабурон деҳқонлардан бири. У Оҳангаронда киви етиштиришни бошлади. Бу билан мамлакатимиз аграр тармоғига ўзига хос янгилик киритди.

Аслида ушбу субтропик ўсимликни Тошкент вилоятининг ўзига хос иқлим шароитига мослаштиришнинг ўзи катта таҳсинга лойиқ тажриба. Шундай эмасми?!

Янги Зеландиянинг ўтлоқ ва ўрмонзорларида яшайдиган товуқсимон жонзот номига қўйилган бу мева, бундан тахминан 80 йиллар аввал жуда бемаза таъмдаги эътиборсиз дарахт эди. Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмидаги бу мамлакатда истиқомат қилувчи тажрибали фермерларининг изланишлари оқибатида, нордон, серсув ва ёқимли таъмга эга бўлган мевага айланди. У дунёнинг деярли барча мамлакатларидаги хонадонлар дастурхонидан жой олган.

Тиниб-тинчимас деҳқон Ортиқ Эргашевнинг ноёб тажрибаси туфайли, энди бозорларимизда киви сероб бўлади. Чунки, ҳозир Оҳангарондаги одмигина хонадон томорқасида унинг дарахтлари қийғос гулга кирди.

— Киви мевасини етиштиришга бундан 3 йил олдин киришгандим,-дейди Ортиқ Эргашев. — Тажрибам иш берди. Кўриб турганингиздек, дарахтлар гуллаяпти. Ҳадемай мевага ўтиради. Унинг ноёб хислатларидан бири, 16, 18 даража совуққа ҳам бардош бера олади. Агар барча агротехник тадбирлар тўғри олиб борилса, гектаридан 30-40 тоннагача ҳосил олиш мумкин.

Ортиқ Эргашевнинг томорқасида анор, узум, олма, гилос, ноканжир, қора анжир, смородина, малина, лимон, ҳинд настарини ва турли хил сабзавотлар ҳам етиштирилмоқда.

—Бугунги пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшиш ҳар бир деҳқон ва тадбиркорнинг бурчидир,-дея сўзини давом эттиради Ортиқ Эргашев. — Мамлакатимиз президентининг бу борада илгари сураётган кенг кўламли вазифаларини бажариш ҳар биримиз учун шарафлидир. Токи, мамлакатимиз бозорлари тўкин-сочин, халқимиз дастурхони доимо файзли бўлсин! Бу борада ҳукуматимиз томонидан деҳқон-фермерларга, томорқа ер эгаларига яратилаётган шароитлар, енгил шартларда ажратилаётган кредитлар, солиқ имтиёзлари бизларни янада ғайрат билан ишлашга ундайди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?