Ўғил фарзанд туғмайсан! Навоийда аёлнинг ўзи ва 3 нафар қизини поезд тагига ташлаш сабаби ўрганилди

11:22 27 Март 2021 Жамият
768 0

Яқинда Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги «Совунгар» маҳалласида яшовчи аёл ўзи ва 3 нафар қиз фарзандларининг жонига суиқасд қилгани билан боғлиқ ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Ушбу ҳодиса сабабларини ўрганиш мақсадида Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Кадирханова Навоий вилояти ҳокимлигига хат билан чиқди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.

Аниқланишича, 1989 йилда туғилган З.Жабборова ва унинг фарзандлари поезд уларга яқинлашиб келган вақтда темир йўл изига югуриб чиқиб, иккита рельс орасига ётиб олганлиги натижасида юк поезди уларни уриб юборган.

«Нима сабабдан аёл фарзандларини жонига суиқасд қилган деган савол қўмита раиси М.Кадирхановани бефарқ қолдирмади.

Фуқаро З. Жабборованинг яқин қариндошлари билан суҳбатлашилганда, оилавий шароити моддий жиҳатдан ўртаҳоллиги, сўнгги вақтларда у билан турмуш ўртоғи О.Рўзиев «Сен ўғил фарзанд туғмайсан» деб жанжаллашиб турганлиги сабабли, унинг руҳиятида ўзгаришлар бўлганлиги, лекин қолган оила аъзолари ёки бошқа шахслар билан келишмовчиликка бормаганлиги, руҳий жиҳатдан соғломлиги, яқин қариндошлари орасида руҳий касаллик белгилари мавжуд бўлганлар йўқлиги аниқланган.

Ушбу маҳалла патронаж ҳамширасининг берган маълумотига кўра, фуқаро З.Жабборова 2021 йилнинг январь ойида ҳомиладорлиги туфайли мурожаат қилган. У тиббий кўрикдан ўтказилганда ушбу ҳомила ҳам қиз эканлиги аниқланган. Натижада аёл ўз хоҳиши билан ҳомиласини олдириб ташлаган.

Бундан ташқари, фуқаро З.Жабборова оиласидаги келишмовчилик юзасидан бирор маротаба МФЙ ходимларига ёки туман ИИБ профилактика инспекторига мурожаат қилмаганлиги аниқланди.

Айни вақтда Навоий транспорт прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?