Оддий тарновни ҳам ҳукумат қилиб берсинми?

16:25 12 Февраль 2020 Маданият
1682 0

Сайтимизда эълон қилинган танқидий мақолага Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси муносабат билдирди. Уни ҳеч қандай таҳрирсиз, асл ҳолича эътиборингизга ҳавола қилган ҳолда муносабат сабаб туғилган айрим мулоҳазаларни ҳам баён этяпмиз.

“Халқ сўзи ONLINE” сайтида .”Ҳоли забун забонсиз обидалар. Кундан-кунга тутдай тўкилиб бормоқда” сарлавҳаси билан эълон қилинган мақола бўйича маълумот.

“Халқ сўзи ONLINE” сайти мухбири Истам Иброҳимовнинг .”Ҳоли забун забонсиз обидалар. Кундан-кунга тутдай тўкилиб бормоқда” сарлавҳаси билан эълон қилинган мақоласида афсуски, “Мавлоно Ассири” мадрасаси эшигига қулф урилгани боис ичкарига киришнинг имкони бўлмади.Аммо эшик тирқишларидан қарашнинг ўзи кифоя: ҳовлиси ташландиқ, ҳужралар вайрона аҳволда. Ёдгорликнинг ташқи кўринишини-ку айтмай қўя қолайлик. “Давлат муҳофазасига олинган” деган ёзувни кўрган киши эса таажжубдан ёқа ушлаши тайин деб ёритилган.

Маълумот: Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси мазкур объектни динамик таъсирлар натижасида авария ҳолатига келиб қолганлиги, кўча уйсиз безориларнинг маконига айланмаслиги ҳамда маҳаллий объект атрофида яшовчи аҳолининг “ахлатхонаси”га айланмаслиги учун дарвозасига қулф осиб қўйилган. “Мавлоно Ассири” мадрасасини Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси ишчи-хизматчилари томонидан доимий равишда тозалигига эътибор бериб келинаётганлигини билдирамиз.

Бундан ташқари Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси бу билан индамай қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Мазкур объектларни асраб қолиш мақсадида Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси 2020 йил 
3 январда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментига 2020 йилнинг I чорагида Бухоро вилоятидаги 20 (йигирма) та объектда режа асосида таъмирлаш-тиклаш (реставрация) ишларини амалга оширилиши мақсадида маблағ ажратилишида амалий ёрдам сўраб 1-сонли хат йўллаган. Мазкур хатда “Мавлоно Ассири” мадрасаси жой олган.

Модарихон халқ тилида “Қўш мадраса”деб аталадиган икки ёдгорликнинг биридир. У XVIасрда қурилган.Икки қаватли. Маҳобатли. Нозик меъморий ечимга эга. Элликдан зиёд ҳужраси бор. Аксарияти ҳувуллаб ётибди. Баъзи ҳужралар омборхонага ёки ахлатхонага айлантирилгандек таассурот қолдиради.Таъмирталаб, абгор аҳволда.

— 1997 йилдан буён шу ерда оилавий фаолият кўрсатиб келяпмиз, — дейди ҳунарманд Дмитрий Анисимов. — Раҳматли отам ишлаган устахонани ўз кучимиз билан таъмирладик. Илгари бу ерда усталар кўп эди. Лекин иншоот тендерга қўйилган, деган гап-сўзлардан кейин уларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Кетиб қолишди. Агар ҳужралар халқ амалий санъати усталарига берилса, улар бу ерни рисоладагидек таъмирлашган, мадраса файзига файз қўшишган бўлур эди. Бунга ишончим комил.

“Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси Дмитрийнинг айтишича, мадрасани томоша қилгани сайёҳлар тез-тез келиб туришади. Аммо қулф урилган ёки ташландиқ ҳолда ётган ҳужралар олдида турган сайёҳнинг кўнглидан қандай ўйлар кечади? У маданий меросга бўлган бундай муносабатга қандай баҳо беради? Ўз юртига қандай таассуротлар билан кетади.

Маълумот: Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифида берган топшириклари ҳамда 30 март куни вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилиш (4 апрелдаги 7427-хх-сонли йиғилиш баёнининг 30 банди)га асосан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дирекциясига Қўшмадраса (Абдуллахон ва Модарихон мадрасалари)ни реконструкция қилиш ва тегишли ҳудудни ободонлаштириш топшириғи берилган. Мазкур топшириқ бўйича яқин кунларда ишлар бошланади ва сайёҳлар кўриб кўзи қувонадиган янги туристик маршрути объектига айланади.

Яна бир гап: Айрим давлатларда юз, нари борса, юз эллик йил муқаддам қурилган иншоотларни ҳам тарихий обида сифатида асраб-авайлашади, улар билан фахрланади. Бизда эса ўтмиши салкам минг йилга бориб тақаладиган ёдгорликлар оз эмас. 900 йиллик тарихга эга Намозгоҳ масжидини мисол тариқасида келтириш мумкин. Тарихий манбаларда жуда обод, хушманзара ва файзли маскан,дея таъриф этилган бу гўша афсуски,ҳозир ачинарли аҳволда. Ноёб меъморий ёдгорлик тутдай тўкилиб боряпти. Дарвоқе, бу ҳақда бундан етти ойча муқаддам сайтимизда мақола ҳам эълон қилган эдик. Аммо аҳвол ўзгаргани йўқ. Ҳолбуки, бундай объектлар сайёҳликни, хусусан, зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Раддия: Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2017 йил 11 август куни Маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Ҳукумат комиссия мажлисининг 137-сонли баёни тузилган.

Мазкур баённинг 1-иловасида 2018-2027 йиллар мобайнида Бухоро вилоятидаги моддий маданий мерос объектларни лойиҳалаш, консервациялаш, реставрация-тиклаш бўйича манзилли дастур қабул қилинган бўлиб, юқоридаги дастурида “Намозгоҳ” масжиди ҳам киритилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг 2018 йил 21 апрелда тасдиқланган Бухоро вилоятидаги сайёҳларни жалб қилиш жиҳатидан юқори салоҳиятга эга бўлган моддий маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳларда амалга ошириладиган таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича қўшма тармоқ жадвали тузилган.

Ушбу жадвалга биноан “Намозгоҳ” масжидини мукаммал таъмирлаш 2022-2023-йилларда Республика бюджети маблағлари ҳисобидан таъмирланиши маълум қилинган.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси бу билан индамай қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Мазкур объектларни асраб қолиш мақсадида Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси 2020 йил 3 январда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментига 2020 йилнинг I чорагида Бухоро вилоятидаги 20 (йигирма) та объектда режа асосида таъмирлаш-тиклаш (реставрация) ишларини амалга оширилиши мақсадида маблағ ажратилишида амалий ёрдам сўраб 1-сонли хат йўллаганлиги кўрсатиб ўтган эдик. Мазкур хатда Бухоро шаҳридаги “Намозгоҳ” масжиди ҳам жой олган.

 

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида шу ҳақда алоҳида тўхталиб, жорий йилда юртимизга келадиган туристлар сонини 7,5 миллионга етказиш, катта салоҳиятга эга зиёрат туризмини ҳам жадал ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Шундай экан, аждодларимизнинг ақл ва заковати маҳсули саналган ҳар битта масжид ва мадрасани, бой маданий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, улар ҳолатини яхшилаш мавриди аллақачон келди.

Маълумот: Мазкур Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан янги туристик йўналишга киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментига 2020 йил 30 январдаги 85-сонли хат билан мурожаат қилинганлигини билдирамиз. Мазкур хатда Бухоро вилоятида жойлашган таъмирталаб 22 (йигирма икки)та маданий мерос объектлари рўйхати юборилганлигини билдирамиз.

Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси

Мен нима дейману қўбизим нима дейди?

Аввало, “Мавлоно Ассири” мадрасаси ҳақида.Унинг динамик таъсирлар оқибатида авария ҳолатига келиб қолганига ўзимиз сабабчи эмасмизми?Ташқи таъсирлар (қор, ёмғир ва ҳоказолар)дан давлат муҳофазасига олинган ёдгорликни ким асраб – авайлаши керак эди?Унинг эшигига “уйсиз безориларнинг маконига айланмаслиги ҳамда маҳаллий объект атрофида яшовчи аҳолининг “ахлатхонаси”га айланмаслиги учун” қулф осиб қўйилгани тўғрисидаги иддаони ўқиб эса юмшоқ қилиб айтганда, ҳайрон қоласан,киши.Наҳотки, Бухорода уйсиз безорилар бор бўлса?!Наҳотки, улар вилоят ички ишлар бошқармасидан нари борса 100 метр нарида жойлашган тарихий объектни “макон” тутишга журъат этишса?!Наҳотки,шу ҳудудда яшовчи аҳолининг савияси, дунёқараши тарихий обидани “ахлатхона”га айлантириш даражасига тушиб қолган бўлса?!

Қолаверса, биз айрим тарихий обидалар эшигини тунда ҳам очиб қўйинг, деганимиз йўқ.

Энди Модарихон мадрасаси ҳақида.Бошқарма берган маълумотда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари ҳамда 30 март куни вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишга асосан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дирекциясига Қўшмадраса яъни Абдуллахон ва Модарихон мадрасаларини реконструкция қилиш ва тегишли ҳудудни ободонлаштириш топшириғи берилган.Табиийки, “тегишли ҳудуд” дейилганида мадраса ҳовлиси, жумладан ҳужралар ҳам назарда тутилган.Лекин кераксиз буюмлар маконига айлантирилганбаъзи ҳужраларнинг аҳволини кўриб, ҳар қандай кишининг ҳам юраги ачиши тайин.Биз ўз чиқишимизда шундай нохуш аҳвол тасвири туширилган суратларнинг айримларини эълон қилгандик.Савол туғилади:ҳужраларни рисоладагидек тозалаб, тартибга келтириш, сайёҳ кўрганда хижолат чекмайдиган ҳолатга келтириш учун 11 ой вақт керакми?

Вилоят Маданий мерос бошқармасининг 2020 йил 
3 январда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментига 2020 йилнинг I чорагида Бухоро вилоятидаги 20 та объектда режа асосида таъмирлаш-тиклаш (реставрация) ишларини амалга ошириш мақсадида маблағ ажратилишида амалий ёрдам сўраб 1-сонли хат йўллаганлиги ҳеч бир киноясиз, таҳсинга лойиқ, албатта.Бу хат ҳар ҳолда натижасиз қолмас. Ҳар тугул биринчи чоракнинг ҳам ярми ортда қолди.

Энди “Номозгоҳ” масжиди ҳақида.Муносабатда унинг 2018-2027 йиллар мобайнида Бухоро вилоятидаги моддий маданий мерос объектларни лойиҳалаш, консервациялаш, реставрация-тиклаш бўйича манзилли дастурга киритилгани, қўшма тармоқ жадвалига кўра, “Намозгоҳ” масжидини мукаммал таъмирлаш 2022-2023-йилларда республика бюджети маблағлари ҳисобидан таъмирланиши маълум қилинган.Демак, ёдгорликнинг мукаммал таъмирланиши учун яна камида икки йил вақт бор.Бинобарин, унинг ҳозирги ҳолати янада абгор кўринишга келмаслиги тўғрисида қайғуриш керак эмасми?Бундай дейишимизнинг боиси бор.Жилла бўлмаса, Модарихон мадрасаси ёки “Номозгоҳ”нинг том қисмига чиққан киши гап нима ҳақида бораётганини тушунади.Негаки, томдаги айрим тарнов (нова)лар яроқсиз аҳволга келган.Ёмғирли кунларда чакки обиданинг девор қисмига қараб оқаяпти. Деворларга зиён етаяпти.Бунақада ёдгорликнинг умрига умр қўшилмайди, албатта.Унинг худди “Мавлоно Ассири” мадрасасига ўхшаб авария ҳолатига келиши ҳам ҳеч гап эмас.Қолаверса, уни таъмирлаш давлат учун янада қимматга тушади.Шундай экан, оддий тарновни ҳам ҳукумат келиб ўрнатиб берсинми, деган савол туғилади.

Мабодо, уйимиздан чакки ўтса, зудлик билан чорасини кўрамиз.Нега 400, 700 ва ҳатто 800- 900 йиллик тарихга эга, аждодларимизнинг ақл – заковати маҳсули бўлган бебаҳо ёдгорликлар тақдирига бефарқмиз, нима учун юрагимиз “жиз” этмайди.Нега оддий юмушларни ҳам қилишга фурсат топмаймиз, жазм этмаймиз?

Гап шундаки,12 февралга ўтар кечаси Бухорода кучли ёмғир ёғди. “Номозгоҳ” шаҳарнинг гўзал гўшага айланаётган қисмида жойлашган. Бирров шу масжидига кириб ўтдик.Бу ерда тасодифан нуроний бир отахонни учратдик.”Бу қадимий ёдгорликни зиёрат қилгани тез – тез келиб тураман,- дейди у.- Аҳволига қараб ачинасан, одам.Сизга ёлғон, менга чин: кечқурун ёмғир шаррос қуйганда уйда мижжа қоқмай чиқдим. Ёмғир “Номозгоҳ”нинг эмас, менинг устимга ёққандек туюлаверди... Кошкийди, йигитликдаги куч – қувватим қайтса – ю лоақал томга чиқиб, тарновларни рисоладагидек ўрнатиб қўйсам”.

Назаримизда, отахонинг бу сўзлари “Биз қўл қовуштириб турганимиз йўқ” дея иддао қилаётганларга берилган энг яхши баҳодир!

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?