Одамзод қўй эмас, фикр билдиришга ҳаққимиз бор, ўртоқ Қодиров — Депутат "мажбурий" эмлаш мавзусида Қодировга қарши чиқмоқда

10:03 28 Июль 2021 Жамият
9788 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилишида қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди. Унга кўра COVIDга қарши вакцина олмаган ходимга иш берувчи иш бермасликка ҳақли бўлади, деб ёзмоқда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева.

"Йиғилишда учта масалани қўйдим.

1. Бу қонуннинг қабул қилиниши врач томонидан ходимга вакцина мумкин эмас деган кўрсатма берилишида, вакцина олди деган сохта маълумотнома берилишида, вакцина олмасанг ҳам пора берсанг ишлайвер деган ҳолатларда коррупцияга кенг йўл очиши мумкин.
Буни ким, қандай назорат қила олади?

2. Агар вакцинациядан кейин фуқаронинг соғлиғи оғирлашса ёки ўлим ҳолати юз берса, бунга ким жавоб беради, масъул бўлади?
Таклифим, мажбурий эмланаётган (мажбурий эмас дейишса ҳам, иш бермагандан кейин ноилож одам мажбур вакцина олади) фуқаронинг ҳаёти суғурта қилинсин, ўлим ёки саломатлигига зиён етса, давлат компенсация тўласин.

3. Мажбурий эмлаш конституцияга зид.
Унинг моддасида инсон соғлиғи устида тажриба ўтказиш мумкин эмаслиги кўрсатилган.
Пандемия тугамаганлиги, етарли илмий хулосалар олинмаганлигини ҳисобга олсак, бу қонуннинг қабул қилиниши тўғридан тўғри конституцияга зиддир.

Афсус йиғилишда сўзга чиқиб кўтариб айтган бу фикрларимга жавоб беришмади, Алишер Қодиров эса «Гулбаҳор опага ўхшаган опалар» деб писанда қилиб овозимни бўғмоқчи бўлди.
Унинг «Ўзбекистон 24» га берган интервьюсини кўришим керак экан ва вакцина олишга антитарғибот қилмас эканман.

Мени ҳам халқ сайлаган, мен ҳам сайловчиларнинг ҳақли саволларини олиб чиқдим.

Одамзод қўй эмас, фикр билдиришга ҳаққимиз бор, ўртоқ Қодиров!
Спикер ўринбосари бўлсангиз ҳам, битта овозга эгасиз, холос.
Унутманг", дейди у.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?