Одамлар қандай яшаяпти, уларни қийнаётган, ташвишга солаётган муаммолар нималардан иборат?

20:08 24 Ноябрь 2020 Жамият
231 0

Одамлар қандай яшаяпти, уларни қийнаётган, ташвишга солаётган муаммолар нималардан иборат? Бугун мутасадди-раҳбарлар иш фаолиятини ана шу оддий, аммо ҳаётий саволларни ўзига бериш билан бошлаши керак. Бу — давр талаби.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шундай тизим яратилдики, ушбу янгича ёндашув раҳбар-ходимларнинг халқ орасида бўлиб, улар билан юзма-юз мулоқот қилиш, дарду ташвишлари билан қизиқиш, муаммоларига ечим топиш имконини бермоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Халқ қабулхоналари томонидан секторлар, ҳудудий бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари иштирокида пойтахтимиз туманларида оммавий қабуллар ўтказилгани ҳам шундан далолатдир.

Хусусан, пойтахтимизнинг Сергели ва Янги ҳаёт туманлари аҳолиси учун ташкил этилган мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари А. Усмонов, туман секторлари раҳбарлари, Тошкент шаҳар корхона, ташкилот, муассаса ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари қатнашди. Сайёр қабулда аҳолининг мурожаатлари атрофлича ўрганилиб, уларга шу ернинг ўзида ечим топиш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, пандемия бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Шунга қармай, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тўхтаб қолмади. Ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабуллар бу борада муҳим ҳамда халқ билан мулоқотнинг самарали механизмига айланди, десак, адашмаймиз.

Таҳлилларга қараганда, айни пайтгача Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналарга 4 миллион 800 дан зиёд мурожаат келиб тушган. Эътиборлиси, уларни қаноатлантириш, зарур ҳолларда ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш борасида зарур чора-тадбирлар кўриляпти. Бу эса халқнинг давлат идораларига, қолаверса, эртанги кунга бўлган ишончини оширмоқда.

Мулоқотлар чоғида аҳоли томонидан, асосан, уй-жой ва моддий ёрдам, иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, йўлларни таъмирлаш, газ ҳамда электр таъминоти, коммунал хизмат, соғлиқни сақлаш, таълим, тижорат банкларига оид, суд қарорлари, ички ишлар органлари фаолияти ва бошқа масалаларда кўплаб мурожаат келиб тушди.

Сайёр қабул ўтказилаётганидан хабар топган Барно Ғоипова ҳам ўз муаммоларига ечим излаб, мутасаддилар қабулида бўлди.  

— Сергели туманидаги Иттифоқ маҳалласида истиқомат қиламан, — дейди Б. Ғоипова. — Кейинги пайтларда фуқаролар дардини тинглаш ҳар бир раҳбарнинг кундалик ишига айланди. Авваллари оддий одамларнинг бирон бир ташкилот раҳбари билан учрашиши ҳам қийин масала эди. Бугун эса, мутлақо акси, раҳбарларнинг ўзлари келиб, муаммоларимиз билан қизиқяпти. Бу учун улардан ғоят миннатдормиз.

Бугунги сайёр қабулда маҳалламиздаги баъзи камчиликлар юзасидан соҳа мутасаддиларига мурожаат қилдим. Масалан, уйларимиздаги иситиш тизими талаб даражасида эмас. Лифтларимиз таъмирталаб аҳволда. Сабаби улар 40 йилдан буён алмаштирилмаган. Шу билан бирга, кўп қаватли уйлар атрофига ёриткичлар ўрнатиш керак, кечки пайтлари қоронғуда кўчага чиқишга қўрқасан киши. Бу муаммолар юзасидан туман мутасаддилари жойига бориб ўрганишини ва улар тезда бартараф этилишини билдирди. Лифтимиз кейинги йилда алмаштириладиган бўлди.

Фарзандини мактабгача таълим ташкилотига жойлаштира олмай сарсон-саргардон юрган Мадина Аҳмаджонованинг мурожаати ҳам ижобий ечим топди.

— Фарзандимни Сергели туманидаги 18-МТТга бериш бўйича навбатга ёзилган эдим, — дейди М. Аҳмаджонова. — Лекин у ерда навбат кўплиги сабабли бошқа боғчага қўйиш бўйича кўрсатма берилди. Навбатга ёзилдим, ишим ҳал бўлди. Бундан жуда мамнунман.

Худди шундай сайёр қабуллар пойтахтимизнинг бошқа туманларида ҳам ташкил этилди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?