Одамлар билан мулоқот қилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш — асосий вазифамиз

21:51 16 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
238 0

Халқ орасида юриб, уларнинг дардини эшитиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, ҳозир айни шу тамойил энг долзарб масалага айланган. Бусиз ислоҳотларнинг самарасини сезиш қийин, одамлар турмуш тарзини яхшилаш имконсиз. Шу боис айни пайтда юртимизда каттаю, кичик давлат идораларидан тортиб, хизмат кўрсатиш ва молиявий ташкилотларгача шу қоидага амал қилишга ҳаракат қилмоқда. Зеро, муаммолар мулоқотда маълум бўлади, ҳамкорлик ҳамжиҳатликда кенгаяди, ривожланади.

Аслини олганда, халқ орасида бўлиш молия муассасалари, хусусан, тижорат банклари учун ҳам жуда зарур ва фойдали. Нега? Чунки банклар фаолияти мижозларга, яъни одамларга боғлиқ. Улар қанчалик кўп мижоз жалб этса, айланма маблағи ҳам, даромади ҳам шунчалик ортиб бораверади. Демак, банкларнинг бугунги тарғиботу ташвиқоти, мижозларни қийнаётган турли муаммо ва тўсиқларга барҳам бериши ўзаро манфатли ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Шу маънода, «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банкининг мамлакатимизнинг шимолий ҳудуди — Қорақалпоғистон Республикасига қаратаётган эътибори бежиз эмас.

Айтиш керакки, Қорақалпоғистон Республикасига кейинги йилларда жуда катта эътибор қаратилмоқдаки, бунинг самараси кундан кунга чирой очиб бораётган Мўйноқ ва бошқа туманлардаги ўзгаришларда, том маънода ҳаётга қайтаётган Оролбўйи ҳудудларидаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш борасида бажарилаётган мисли кўрилмаган ишларда яққол намоён бўлмоқда.

Оролнинг қуриган қисмига сепилган ҳар бир уруғ ва кўчат эртага униб, ўсиб ниҳолга, дарахтга айланиши, шубҳасиз. Зеро, бу ишлардан ният холис, кўзланган мақсад аниқ.

Бу каби ишларга камарбаста бўлаётган Микрокредитбанк жамоаси Қорақалпоғистоннинг бир қатор туманларида, хусусан, Чимбой ва Хўжайли туманларида камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлашга кўмаклашишни ўзларига вазифа қилишди.

Хўш, камбағалликни қандай қилиб камайтириш мумкин? Мутахассислар бунга тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш орқали даромад топиш имконини яратиш билан эришилади, дея фикр билдиришади.

Дарҳақиқат, шундай. Одам қачонки доимий даромадли ишга эга бўлсагина турмушида барака бўлади. Оила тинч-тотув ҳаёт кечиради. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Микрокредитбанк мутахассислари томонидан ушбу туманлардаги вазият чуқур ва таҳлилий ўрганиб чиқилгани ишни тўғри ташкил этишда қўл келяпти, дейиш мумкин.

Ўрганишга кўра, ҳозирги кунда Чимбой туманида жами 1 781 та тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлиб, шундан 1 120 таси якка тартибдаги тадбиркор ва 661 таси юридик шахсни ташкил этади.

Туманнинг драйвер соҳаси сифатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва чорвачилик йўналишлари белгилаб олинди. Шу боис мазкур йўналишларда 176 та янги иш ўрнига эга умумий қиймати 63,9 млрд. сўмлик 19 та (6 та донни қайта ишлаш, 13 та чорвачилик йўналишида) янги лойиҳа йўлга қўйилди.

Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижроси бўйича олиб борилган ўрганишлар давомида 2020-2022 йилларга мўлжалланган 750 та янги иш ўрнига эга 252,3 млрд. сўм (банк кредити 22,1 млрд.сўм ва 13,4 млн.долл.) қийматидаги жами 81 та (13 та янги ташкил этилган корхона) инвестиция лойиҳаси шакллантирилди.

Хўжайлида эса жами 2 844 та тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлиб, шундан 1 926 таси якка тартибдаги тадбиркор ва 918 таси юридик шахс ҳисобланади. Мазкур туманда эса мева-сабзавотчилик ва чорвачилик анча ривожлангани боис, мазкур йўналишларда 273 та янги иш ўрнига эга умумий қиймати 64,1 млрд.сўмлик 33 та (8 та мева-сабзавот, 25 та чорвачилик) янги лойиҳалар шакллантирилган.

Ушбу ҳудудда ўрганиш давомида 2020-2022 йилларга мўлжалланган 899 та янги иш ўрнига эга 291,1 млрд. сўм (банк кредити 75,4 млрд.сўм ва 
1,6 млн.долл.) 
қийматидаги жами 130 та (21 та янги ташкил этилган корхона) инвестиция лойиҳалари шакллантирилди.

Ҳудудда ишлаб чиқариш занжирини яратиш мақсадида Хўжайли Давлат ўрмон хўжалиги , “Ecoline Root” МЧЖ ва "American Arirang Group Co.Ltd" МЧЖ иштирокида қизилмия илдизини чуқур қайта ишлашни ташкил этадиган кластер тизими йўлга қўйиш белгилаб олинди.

Чимбой туманидаги мавжуд Кичик саноат зонасида 3 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши белгиланган бўлиб, ҳозиргача унинг иккитаси 
ишга туширилган бўлса, Хўжайлидаги кичик саноат ҳудудида саноатнинг бир қатор йўналишларида 9 та янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Эътиборлиси, бугунга қадар 7 та корхона фаолиятини бошлаган ва қолган 2 та лойиҳани амалга ошириш ишлари тармоқ жадвалига асосан давом этмоқда.

Чимбой туманидаги мавжуд 51 та саноат корхонаси фаолияти ўрганилганда 24 та корхонага пандемия ўз таъсирини кўрсатгани аниқланди. Шу сабабли 5 нафар тадбиркорнинг 4,2 млрд. сўмлик кредит тўловлари бўйича таътил берилган бўлса, 3 нафарига 1,2 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилди ҳамда 2 та фаолияти тўхтаган тадбиркорлик субъектига йил якунига қадар 1,3 млрд. сўм айланма маблағ учун кредитлар ажратилиши белгилаб олинди.

Хўжайли туманидаги мавжуд 147 та саноат корхонасининг фаолияти ўрганилганда эса 29 та корхонанинг фаолияти ҳам пандемия сабаб тўхтагани, 41 та корхонада муаммолар мавжудлиги аниқланди. Бу ерда ҳам шу даврда 10 та тадбиркорнинг 3,5 млрд. сўмлик кредит тўловлари бўйича таътил берилди, 22 та тадбиркорга 2,3 млрд. сўм кредит ажратилди ҳамда 13 та (фаолияти тўхтаган) тадбиркорлик субъектларига йил якунига қадар 11,1 млрд. сўм айланма маблағ учун кредитлар ажратилиши белгилаб олинди.

Чимбой туманида жами 6 та корхона экспорт билан шуғулланади. 2020 йилда туманда жами 5,7 млн. долларлик экспорт прогнози белгиланган бўлиб, 9 ой давомида 3,4 млн. доллар қийматидаги маҳсулотлар хориж бозоhларига сотилган.

Хўжайлида эса 12 та корхона ўз маҳсулотларини ташқи бозорга сотса,

2020 йилда туманда жами 5,5 млн. доллар экспорт прогнози белгилангани ҳолда, ўтган 9 ойда жами 2,9 млн. доллар қийматидаги маҳсулотлар экспорт қилинган. Йил якунига қадар белгиланган режани бажариш учун 2,6 млн. долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш зарур бўлади.

Айни пайтда Чимбой туманида 21 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинидаги 18 571 та хонадонларда 113 минг аҳоли истиқомат қилади. Тумандаги жами ишсизлар сони 6,2 минг нафар. Хўжайли туманидаги 26 та МФЙда 123 мингта аҳоли истиқомат қилса, шундан 6 507 нафари иш билан таъминланиши зарур. Шу боис ҳар икки туманда улар «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган.

Чимбой туманидаги «Пашент тау», «Тағ жап», Хўжайлидаги «Саришунгул» ва «Қумжыққын» овул фуқаролар йиғинлари ўрганилганда қуйидаги муаммолар аниқланиб, уларнинг ечими бўйича «Йўл харита»си ишлаб чиқилди. Ушбу туман аҳолисини деярли бир хил муаммо қийнаб келмоқда. Яъни ишсизлик, ер, электр энергияси ва газ таъминоти ҳамда уй-жой улар учун долзарб.

Шу боис Чимбойда ижтимоий дастурлар доирасида жорий йилда 552 та жисмоний ва юридик шахсга 18,3 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиб, бунинг натижасида 1 013 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Шунингдек, 2020 йил якунига қадар 4,5 млрд. сўм кредит ажратилиб, яна 225 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланди.

Хўжайлида ижтимоий дастурлар доирасида жорий йил давомида 708 та жисмоний ва юридик шахсга 16,2 млрд.сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиб, бунинг натижасида 986 нафар аҳоли даромадли ишга жалб қилинди. Шунингдек, 2020 йил якунига қадар 4,1 млрд.сўм кредит ажратилиб, 198 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланди.

Бундан ташқари, туманда ташкил қилиниши режалаштирилган 50 та уй боғчаларини «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида молиялаштириш белгиланиб, бугунги кунда 8 та уй боғчасига 
240 млн. сўм кредит ажратилди ва 200 нафар бола қамраб олинди.

Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда туманда ёшларнинг инновацион ғоя ва лойиҳаларини рағбатлантиришга йўналтирилган «Коворкинг маркази»ни ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Амалга оширилган ишлар, кўрилган чора-тадбирлардан нималар кутилмоқда? Булар туфайли Чимбойда йил якунига қадар жами 2 490 шундан, 2020 йилда 724, 2021 йилда 1 045, 2022 йилда 721 киши иш билан таъминланади.

Булар, табиийки, ушбу ҳудудлар салоҳияти юксалишига, пировардида шу ерда истиқомат қилаётган одамлар турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилиши муқаррар. «Микрокредитбанк» АТБ эса уларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр ва бунинг учун ушбу туманлардаги лойиҳаларга махсус кредит линиялари жалб қилишга киришган.

Банк ахборот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?