Одам сувдан захарланиши мумкинми?

13:32 29 Октябр 2020 Иқтисодиёт
203 0

Шундай ҳолатлар бўлади – ёғингарчилик пайтлари хонадонимиз жўмрагидан оқаётган сувнинг кўриниши ўзгаради. Биз уни лойқаланди, деб атаймиз ва истеъмол қилсак турли касалликлар келиб чиқиши мумкин, дея тиндиришга ҳаракат қиламиз. Хўш, ичимлик суви нега лойқаланади ва у ростдан ҳам касаллик тарқатадими?

— Ёғингарчилик кўп бўлган пайтларда, масалан, сел келганда сув ростдан ҳам лойқаланади, — дейди «Кампирровот» сув тозалаш иншооти раҳбари Абдумажид Мамасидиқов. — Уни иншоотимизда тиндириб, тиниқлаштириб, фильтрлаб, истеъмолга тайёр ҳолатга келтиргунимизга қадар ўндан зиёд жараёнлар амалга оширилади. Сувнинг хиралашиб қолиши унинг истеъмолга нолойиқлиги белгиси эмас. Сув иншоотимиз лабораториясида бир кунда бир неча маротаба лаборатория текширувидан ўтказилади. Истеъмолга яроқли ҳолатдагина аҳолига етказиб берилади.

— Сув шундай хусусиятга эгаки, у касаллик тарқатмайди, — дейди «Андижон вилояти сув таъминоти» МЧЖ марказий аналитик лабораторияси раҳбари Рашида Киришенко. — Қайтанга, танадаги микробларни ювади. Аксарият ҳолларда фуқаролар тарқалган юқумли касалликларда истеъмол қилаётган сувини сабаб деб ўйлашади. Бу хато! Касаллик гигиена қоидаларига тўла риоя қилмаганлик, яъни юз-қўлимизни яхшилаб ювмаслигимиз орқали тарқалиши мумкин.

«Андижон вилояти сув таъминоти» МЧЖ томонидан ташкил этилган медиатурда қатнашган журналист, блогер ва матбуот хизмати ходимлари хулоса қилдиларки, демак, хонадонимизгача етиб келган сувнинг ташқи кўриниши қандай бўлишидан қатъий назар у истеъмолга яроқли ва сув орқали касалликка чалиниш мумкин эмас.

Медиатур давомида маълум бўлдики, «Кампирровот» сув тозалаш иншооти бир суткада 200 минг куб сувни етказиб бериш қувватига эга бўлгани ҳолда айни пайтда бу кўрсаткич тенг баробарга ортган. Боиси, пандемия шароитида аҳолининг ичимлик сувга бўлган талаби ва эҳтиёжи икки баробарга ортди. Иншоотда махсус техник воситалар бу эҳтиёжни қондиришга хизмат қилмоқда.

— Айни пайтда вилоят аҳолисининг 90 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган, — дейди жамият директори Шухратбек Матмусаев. — Жорий йилнинг ўтган даврида 1 та ичимлик сув иншооти, 137 та ичимлик сув қудуғи, 880 километр ичимлик сув тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, 1 дона сув ҳайдаш станцияси, 12,5 километр оқова сув тармоғида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.

Медиатур иштирокчилари «Кампирровот» сув тозалаш иншооти ва жамият аналитик лабораторияси фаолияти билан яқиндан таниш давомида бошқа муҳим хабарлардан ҳам воқиф бўлдилар.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?