Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

16:09 06 Май 2022 Сиёсат
786 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Жорий йилнинг 6 май куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Миллий комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Мажлисда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида 2021 йилда амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар, соҳада сақланиб қолаётган масалалар ҳамда 2022 йилга режалаштирилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Тадбирда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва соҳада мавжуд муаммолар юзасидан давлат раҳбарига йиллик ахборот киритилгани маълум қилинди.

Сенат ва Миллий комиссия Раиси Т.Нарбаева томонидан мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш соҳасида аниқ натижаларга эришилгани қайд этилди.

Бу борада миллий қонунчиликни ва ташкилий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга, халқаро стандартларни имплементация қилишга, институционал асосларни ривожлантириш, соҳада амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини таҳлил қилиш ва мавжуд муаммоларнинг ечимига тизимли ёндашиш, шу билан бирга фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда тегишли халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни фаоллаштириш соҳаларида ишлар олиб борилгани қайд этилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар, соҳага бозор тамойилларининг кенг татбиқ этилиши, меҳнат қонунчилиги устидан самарали назорат ва мустақил мониторинг амалга оширилиши пахтачилик соҳасида тизимли мажбурий меҳнат ҳолатларининг тўлиқ олдини олишга хизмат қилгани эътироф этилди.

Мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилаётганлиги таъкидланди.

Хусусан, АҚШ Давлат департаменти томонидан 2021 йил учун эълон қилинган Жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик маърузада Ўзбекистон алоҳида кузатув остидаги давлатлар рўйхатидан чиқарилиб, халқаро стандартларни тўлиқ бажариш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошираётган давлатлар рўйхатига киритилган.

Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан Ўзбекистонда 2021 йилда ҳам пахта йиғим-терими мавсуми давомида тизимли болалар меҳнатидан ва мажбурий меҳнатдан умуман фойдаланилмаганлиги тўғрисидаги якуний хулосаси, шунингдек, ушбу йўналишдаги мониторинг ишлари якунлари тўлиқ Ўзбекистон томонига топширилганлигини эълон қилди.

“Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан Ўзбекистон пахтасига қўйилган глобал бойкот бекор қилиниши кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигининг ёрқин мисоли бўлганлиги қайд этилди.

Мажлисда Миллий комиссия таркибидаги Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияга раҳбарлик қилаётган Ички ишлар вазирлиги, Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияга раҳбарлик қилаётган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, шунингдек Самарқанд ва Қашқадарё вилояти ҳудудий комиссиялари раислари ҳисобланган вилоят ҳокимларининг ахборотлари ҳам эшитилди.

Шунингдек, тадбирда Миллий комиссия томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган «2021 йилда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотда билдирилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар режаси («Йўл харитаси»)” лойиҳаси муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, жойларда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳудудий комиссияларни ҳам ҳисоботлари эшитилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан Миллий комиссиянинг тегишли қарори қабул қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер