Очиқликни самарали таъминлаган давлат органлари масъул ходими рағбатлантирилади

06:50 16 Июнь 2022 Жамият
314 0

Фото: Иллюстратив фото

«Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони (ПФ–154-сон, 14.06.2022 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2022 йил 1 августдан:

  • Давлат бюджети, шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилади;
  • давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилади.

Очиқлик индекси қуйидаги индикаторлар асосида баҳоланади:

  • очиқликни таъминлашга масъул ходимлар фаолиятининг самарадорлиги;
  • давлат органлари ва ташкилотлари расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати;
  • ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиши;
  • бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши;
  • Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши;
  • оммавий коммуникация технологияларининг жорий қилиниши;
  • коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати;
  • жамоатчилик кенгаши фаолиятининг самарадорлиги.

Очиқлик индекси «0» баллдан «100» баллгача баҳоланиб, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти самарадорлиги «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади.

Баҳолаш ҳар йили олдинги йилнинг 1 январидан 31 декабригача бўлган даврини ўз ичига қамраб олади.

2022 йилда Очиқлик индекси 1 июлдан бошлаб жорий йилнинг иккинчи ярми қамраб олинган давр учун баҳоланади.

Очиқлик индексини ҳисоблаш натижалари ҳар йили 1 апрелгача Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (Агентлик) томонидан “eanticor.uz” электрон платформаси ва ОАВда эълон қилиб борилади.

Амалга оширилган ишлар ва кўрилган чоралар ижроси бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари ҳисоботлари ҳар ярим йилда Олий Мажлис Сенати мажлисларида эшитилади.

Агентлик тавсиясига асосан бир йилда бир марта фаолияти «яшил» тоифада баҳоланган давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлашга масъул ходимлари бир ойлик лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида рағбатлантирилади.

Фармон билан Агентлик ҳузурида Очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссияси ташкил этилди.

2022 йил 1 июлдан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар давлат органлари ва ташкилотлари расмий веб-сайтининг бош саҳифасида алоҳида бўлимга жойлаштирилади.

Ушбу маълумотлар бошқа саҳифага жойлаштирилмаган тақдирда, эълон қилинмаган деб ҳисобланади.

Фармон билан шунингдек, Агентликка давлат ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида қўшимча ҳуқуқлар берилди.

Агентлик давлат органлари ва ташкилотларига:

  • очиқлик соҳасида белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш эълон қилади;
  • очиқликка оид талабларнинг бузилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритади;
  • очиқ маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳақида сўровнома юборади.

Огоҳлантириш, тақдимнома ва сўровномалар давлат ташкилотлари томонидан 10 кун муддат ичида кўриб чиқилиши ва натижалари юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт.

2023 йил 1 январгача очиқликни таъминлаш бўйича мониторинг ўтказиш, очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш, шунингдек, Очиқлик индексини баҳолаш жараёнлари Ягона идоралараро ахборот тизими (платформа) орқали йўлга қўйилади.

Фармон билан Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методика тасдиқланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер