Очиқлик сиёсати қатъий давом этади – қизил чизиқлар аниқ белгиланмоқда

20:40 17 Июнь 2021 Сиёсат
820 0

Хизмат тақозоси юзасидан журналист ва блогерлар билан суҳбатлашганимда, баъзида жуда оддий саволга жавоб бериш қийин бўлади. Яъни давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар тоифаси ҳақида аниқ рўйхатнинг мавжуд эмаслиги соҳа вакилларига маълум қийинчилик, тушунмовчилик туғдирар эди.

Бугун матбуотда «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинди. Ушбу фармон юртимизда очиқлик сиёсати изчиллик ва қатъият билан билан давом эттирилишини билдиради.

Фармонга мувофиқ, барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди.

Бу рўйхат – сўз эркинлиги шароитида амал қилиниши керак бўлган қоидалар мажмуининг энг муҳим бўғини. Шу пайтгача анча мажҳул кўринишда бўлган, умумийроқ гаплар билан эслатиладиган, амалда мансабдорнинг хусусий талқинларига боғлиқ бўлиб қолаётган жиҳат эди. Журналист ва блогерларнинг ўз жаргони билан айтганда, «қизил чизиқ»лар аниқ кўрсатилмоқда.

Давлат сиёсатининг очиқлигида ҳам чегара бўладими? Ҳа, бўлади. Исталган давлатни олинг, шундай норма мавжуд. Фақат бу чегаралар ҳар икки томон учун ҳам тушунарли шаклда, мантиқан асосланган бўлиши керак.

Ўзбекистонда Давлат Раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли жорий бўлган очиқлик сиёсатининг моҳияти, ўзига хослиги шундаки, давлат органлари ва ОАВ, фуқаролик журналистикаси вакиллари ўртасидаги мулоқот жараёнида пайдо бўлган, етилиб келаётган муаммоли, баҳсли вазиятларни тартибга солиш бўйича ҳуқуқий асослар тақдим этиб борилмоқда. Маълум бир догмаларга ёпишиб олиш йўқ.

Демак, эндиликда давлат иккита муҳим вазифани ижро органи олдига қўйди: 1) ижтимоий аҳамиятга молик очиқ ахборотлар туркуми таснифланди; 2) давлат сирини ташкил этувчи ахборотлар мажмуи очиқ айтилди.

Қарс икки қўлдан чиқади. Энди миллий журналистика ҳам янги даврга оёқ қўйишни бошлаши ушбу фармон ижроси талаб қиладиган воқеликдир. Шу пайтгача давраларда, ўзаро суҳбатларда айтиб келинган ёқимсиз ҳақиқат бор эди: таҳлилий журналистика ривожланиши учун етарли маълумотлар топиш осон эмас эди.

Давлат буни тушунди ва охирги тўрт йилда изчиллик билан шу йўналишда ишланди. Қабул қилинаётган ҳар бир қонун, фармон, қарор матнига, мазмунига эътибор қаратилса, очиқлик сиёсати барқарор бўлиши учун горизонталь ва вертикал тизим ташкил қилишга интилишни кўрамиз. Эндиликда синовдан ўтган, муайян тажрибалар асосида ривожланаётган бу тизим яхлит кўриниш олди.

Умид қиламанки, ҳозирги кунда ўзбек журналистикасига энг етишмаётган, анча танқис бўлиб қолган йўналиш – аниқ фактларга асосланган, жараёндан тўлиқ бохабарлик сезилиб турадиган таҳлилий журналистика ривожланади.

P.S. Очиқлик сиёсати ҳаммага баробар. Жумладан, эндиликда депутатларнинг фаолияти, қонун ижодкорлигига қўшаётган ҳиссаси, муҳокамалар натижасида қабул қилинган қарорлар ҳам сайтимизда эълон қилиб борилади. Бу ҳақда эртага босма матбуотда чиқиш қилмоқчиман. Шу боис, масаланинг у жиҳатларига бу постимда тўхталмадим.

Одилжон ТОЖИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?