Очиқлик сиёсати — Навоий кон-металлургия комбинати фаолиятида

16:05 20 Апрель 2022 Жамият
765 0

Фото: Халқ сўзи

Яқин-яқингача Навоий кон-металлургия комбинати фаолиятини ёритмоқчи бўлган ҳамкасбларимиз корхонанинг дунё олтин ишлаб чиқариш компаниялари рейтингида 5-ўриндалиги ҳамда айрим кўрсаткичлар ўсишини фоизлар шаклида кўрсатиш билан кифояланар эди.

Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати, миллий иқтисодиётимизнинг халқаро интеграциялашуви жараёнлари таъсирида корхона фаолияти билан боғлиқ кўплаб маълумотлардан махфийлик тамғалари олиб ташланди. Мамлакатимиз раҳбари томонидан кон-металлургия соҳасини ривожлантиришга қаратилган муҳим дастур ва пухта ўйланган инвестицион лойиҳалар эса корхона равнақида янги-янги марралар забт этилишида имконият эшикларини янада кенгроқ очмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилган улкан лойиҳалар туфайли комбинат мамлакатимиз саноатида тенгсиз, дунёда эса етакчилик салоҳиятини тобора мустаҳкамлаб, корхонанинг иқтисодий самарадорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда.

«Навоий кон металлургия комбинат» АЖнинг 2021 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз бораркан, мулкий муносабатлар ва бир қатор рақамлар иштирокчилар ҳукмига ҳавола этилди.

— Давр талабидан келиб чиқиб, Навоий кон-металлургия комбинатини халқаро молиявий бозорнинг тенг ҳуқуқли иштирокчисига айлантириш, унда корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш, рақобатбардошликни ошириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва, энг асосийси, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш мақсадида корхонани трансформация қилиш жараёнлари амалга оширилмоқда, — дейди «НКМК» АЖ бош директорининг ходимлар ва маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Қурбонмурот Тапаров. — Ўтган 2019-2021 йиллар мобайнида мазкур жараёнларини жадаллаштириш ва акциядорлик жамиятини ташкил этиш бўйича комбинатнинг қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш сегментига оид бўлган 117,5 триллион сўмлик актив ва мажбуриятлари акциядорлик жамияти балансига ўтказилди ва устав капитали шакллантирилди. Халқаро молия бозорларига чиқиш мақсадида инвесторлар талабларига мувофиқ халқаро аудиторлик компанияси иштирокида Глобал ташаббускорлик ҳисоботи (GRI) стандартларига асосан барқарор ривожланиш ҳисоботи (ESG) тайёрланди. Молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида юритиш бўйича халқаро консалтинг компаниясини жалб қилган ҳолда «НКМК» АЖ фаолияти учун молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари (МҲХС) талабларига мос ҳисоб сиёсати ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда комбинат умумий захираларнинг 90 фоизини ўзида мужассамлаштирган 29 кон Австралия кодекси JORC Code стандартлари талаблари асосида тўлиқ қайта баҳоланди. Шунингдек, комбинатнинг тубдан янгича корпоратив тузилмаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди. Акциядорлик жамиятининг кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида «хед-хантер» ташкилотларини жалб қилган ҳолда етакчи хорижий компанияларда фаолият юритган мутахассисларни комбинатнинг раҳбарлик лавозимларига жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда. Халқаро консалтинг компаниялари билан биргаликда харидлар тизимини такомиллаштириш, унинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда комбинатни 2030 йилгача стратегик ривожлантириш дастури ишлаб чиқилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда комбинатни ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган қарорларнинг амалдаги ижроси сифатида «Навоий КМК» ДК мулки негизида учта алоҳида юридик шахс - «Навоий КМК» АЖ, «Навоиюран» Давлат корхонаси ва «НКМК жамғармаси» Давлат муассасаси ташкил қилинган.

— Мазкур янгиланишлар комбинатнинг барқарор ривожланиш суръатларини сақлаб қолди, — дейди «НКМК» АЖ бюджетлаштириш ва контролинг бўлими бошлиғи Умиджон Костаев. — Биргина 2021 йилда комбинат томонидан ишлаб чиқарилган жами маҳсулотларнинг хорижий валютадаги қиймати 5,1 млрд. долларга тенг бўлиб, республикада ишлаб чиқарилган ялпи ички маҳсулотнинг 7,4 фоизини, саноат маҳсулотларининг 12 фоизини ташкил этди. Бундан ташқари комбинат мамлакатимизнинг энг йирик солиқ тўловчиси ҳисобланиб, давлат бюджети даромадининг 20 фоизидан кўпроғини шакллантиради.

Комбинат томонидан ишлаб чиқарилган олтиннинг дунё бозорида харидоргирлиги биринчи навбатда унинг юқори сифати билан изоҳланса, иккинчидан маҳсулотнинг рақобатбардошлиги, яъни олтин таннархининг бошқа ишлаб чиқарувчилар таннархига нисбатан арзонлигидир. Бу тадбир комбинат меҳнат жамоаси томонидан эришилган яна бир ютуқ десак, муболаға бўлмайди.

Маҳсулот таннархининг пасайиши ўз навбатида фаолиятнинг якуний молиявий натижаларига ижобий таъсир кўрсатади. Жумладан, ўтган йили комбинат томонидан маҳсулот таннархини камайтиришга қаратилган таъсирчан чора-тадбирлар натижасида 1 010 млрд. сўм маблағлар иқтисод қилиниб, маҳсулот таннархини 7,3 фоизга камайтиришга эришилди. Натижада комбинат фаолиятининг ўтган йил якуни бўйича соф фойдаси 11,5 триллион сўмни ташкил этиб, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг рентабеллик даражаси 44 фоиздан юқори бўлди.

Шунингдек, матбуот анжуманида таъкидландики, АЖда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ижобий динамикаси модернизация ишлари, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топшириш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига таъминланди. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида йирик ва стратегик аҳамиятга эга бўлган «Уюмда эритмага ўтказиш цехи техноген чиқиндиларини қайта ишлаш мажмуасини қуриш» инвестиция лойиҳаси бўйича 7-сонли гидрометаллургия заводи, «2-гидрометаллургия заводи қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш» инвестиция лойиҳаси доирасида 30-31-тегирмон блоклари, «Ауминзо-Амантой маъданли майдонида олтин маъданларини қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасини қуриш» инвестиция лойиҳаси доирасида 1-2-тегирмон блоклари фойдаланишга топширилди. Инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига комбинатда 3 371 та янги иш ўринлари яратилди. Натижада 2021 йилда олтин ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 114 фоиз ва кумуш 145 фоизни ташкил қилди.

Матбуот анжуманида журналистлар тармоқ билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер