Очиқ танловлар натижасида 2022 йилда 459 та судьялик лавозимига тайинловлар амалга оширилди

20:22 05 Февраль 2023 Жамият
725 0

Фото: Халқ сўзи

Бу ҳақда АОКАда Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари Алишер Жалилов, шўба раҳбари Нодира Бобохонова, Кенгаш аъзоси Ҳусниддин Камолов, Кенгаш ахборот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамияти органи бўлиб, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишни таъминлашга кўмаклашади.

Судьялар олий кенгаши вазифаларидан келиб чиққан ҳолда:

I. Профессионал судьялар корпусини шакллантириш, тизимни малакали, ҳалол ва пок кадрлар билан тўлдириш, кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида:

судьяларни тайинлаш, жой-жойига қўйиш, вакант лавозимларни тўлдириш бўйича очиқ ва ошкора ўтказилган танловлар натижасида 2022 йилда 459 нафар судьялик лавозимига тайинловлар амалга оширилди. Тайинланганларнинг 71 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи 5 йиллик, 169 нафари 10 йиллик, 2 нафари муддатсиз даврига, 210 нафари ваколати муддатига даврига қайта тайинланган.

Айни пайтда Республика бўйича суд тизимида судьялик лавозимида ишлаётган судьялар сони 1317 нафарни ташкил этади; Шундан 179 нафари аёл судьялардир, уларнинг 25 нафари раҳбар судьялик лавозимларида фаолият юритмоқда.

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида 2022 йилда 75 нафар судьяликка номзод касбга тайёрланиб, шундан 59 нафари илк бор судьялик лавозимига тайинланди. Жорий ўқув йилида судьялар олий мактабининг судьялик лавозимига тайёрлаш курсларида 138 нафар тингловчи таҳсил олмоқда (Судьялар олий мактаби фаолияти бошлангандан буён 207 нафар номзоддан 179 нафари судьялик лавозимига тайинланган).

Шу ўринда изоҳ: жорий йил 1 февраль ҳолатига суд тизимида вакант ўринлар сони сони бор-йўғи 14 тани ташкил этди, ўтган (2022 йил) йили бу пайтда вакант ўринлар сони 145 тани ташкил қилган. 

II. Судьялар дахлсизлигини таъминлаш борасида:

2022 йилда одил судловга аралашиш билан боғлиқ 2 та ҳолат бўйича хизмат текширувлари ўтказилиб, натижалари бўйича Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокурорга киритилган тақдимномага асосан 1 та жиноят иши қўзғатилди. Бундан ташқари халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг судларга турли вазифалар юклаш ҳақидаги 14 та қарори бекор қилинди.

Шунингдек, «Судьянинг мустақиллиги ва дахлсизлиги. Суд ишига аралашганлик учун жавобгарлик асослари» қўлланмаси нашр қилинди. Шунингдек,ўтган йили Кенгаш томонидан «Судьялар одоби кодекси» (тегишли ўзгартишлар киритилганидан сўнг ўзбек, рус тилларида ва лотин алифбосида), «Халқаро ҳуқуқ нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши», «Судлар фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиёти: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормалари» қўлланмалари (ушбу қўлланма тегишли вазирлик қарори билан олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик сифатида тавия этилган),«Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида» амалий қўлланмаси, «Ибрат мактаби» рукни «Уч машҳур ўзбек аёли» ва «Муносиб яшамоқ бахти» номли бадиий публицистик тўпламлар нашр этилди.

2022 йили Канаданинг Оттава шаҳрида Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилоти ((ИОЖТ) томонидан ўтказиладиган халқаро конференция якунида Судьялар олий кенгаши ҳамда Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ушбу халқаро аъзолигига қабул қилинди.

III. Судьяларнинг масъулиятини ошириш мақсадида:

2022 йилдан бошлаб, Кенгаш ва жойлардаги судларнинг малака ҳайъатлари қошида Судьялар одоб комиссияси фаолияти йўлга қўйилди;

Судликка номзодлар ва судьяларнинг касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон психологик тест дастури ишга туширилиб, 901 нафар судьялар психологик тестдан ўтди.

Психологик тест натижаларидан келиб чиқиб, жойларда судьялар учун психологик тренинглар ўтказиб келинмоқда.

Судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури натижалари бўйича 2022 йилда одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган 20 нафар судья жорий йилда «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, рейтинг натижалари кўра, 646 нафар судьянинг фаолияти «намунали», 339 нафар судьянинг фаолияти «яхши», 141 нафар судьянинг фаолияти «қониқарли», деб баҳоланди.

Фаолият кўрсаткичи қониқарсиз (56 баллдан паст) 30 нафар судьянинг малакасини ошириш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек:

Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клуби фаолият кўрсатмоқда.

2022 йил давомида Судьялар клубининг электрон платформасида:

— иқтисодий судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 1350 та;

— маъмурий судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 850 та;

— жиноят ишлари бўйича судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 904 та;

— фуқаролик ишлари бўйича судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 2308 та мавзу муҳокама қилинган.

Муҳокамаларда муайян ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш муаммолар ҳамда уларнинг ҳуқуқий ечимлари, бу борада Олий суд Пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришларга бўлган эҳтиёж ва қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар ўртага ташланган.

IV. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик:

2022 йилда марказий телевидение, етакчи босма ва электрон нашрларда Кенгаш фаолиятига оид 440 та матнли, 101 та видеоматериаллар эълон қилинди. Шунингдек, 91 та танқидий материаллар юзасидан ўз вақтида расмий муносабат билдирилди:

Судьялар олий кенгаши ташаббуси ва Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) билан ҳамкорликда ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган журналист ва блогерлар учун икки ҳафталик бепул ўқув-машғулотлари ташкил этилди. Якунда унда фаол иштирок этган 81 нафар журналист ва блогерларга махсус сертификат ва «Судлар фаолиятини ёритишнинг ҳуқуқий асослари ва ўзига хос жиҳатлари» номли амалий-ҳуқуқий қўлланма тақдим этилди;

Кенгаш томонидан ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган журналист ва блогерлар учун танлов эълон қилинди. Уч йўналишда (телерадио, босма ва интернет журналистикаси, блогерлар) ўтган танлов натижаларига кўра, унда ғолиб деб топилган 9 нафар ОАВ ходимлари ва блогерларга Кенгашнинг махсус соврини ва дипломлар топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер