Очиқ, шаффоф, барқарор, самарали ва яхлит давлат харидлари тизимини яратиш — бугунги кун талаби

11:34 17 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
210 0

OʼzLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Албатта, бу Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга жуда кўп омиллар сабаб бўлаётганини айтиб ўтиш жоиз. Тўғри, бугунги кунда мамлакатимизда давлат харидлари соҳаси 20 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Аммо, тан олиш керак, амалдаги давлат харидлари тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатлари халқаро ҳуқуқий меъёрлар талабига жавоб бермайди.

Масалан, олайлик, харидларнинг аксарият қисми харидларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи ахборот коммуникация тизимидан фойдаланмаган ҳолда амалга оширилади. Харид қилиш тартиб-тамойилларини, шартнома мажбуриятларини мониторинг ва назорат қилиш тизими бугунги кун талабига жавоб бермайди. Ёки давлат харидлари жараёнидаги шикоятларни кўриб чиқиш тизимининг самарадорлик кўрсаткичи пастлиги ҳамда давлат буюртмачилари томонидан давлат харидлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этмаслик ҳолатлари мавжуд. Шу ўринда давлат буюртмачилари ва иштирокчилар мутахассисларининг давлат харидлари соҳасидаги касбий маҳорат даражаси бугунги кун талабига жавоб бермаслигини ҳам айтиб ўтиш лозим.

Хўш, фракция йиғилишида депутатларимиз томонидан қизғин муҳокама қилинган ва биринчи ўқишда кўриб чиқилган янги таҳрирдаги мазкур қонун лойиҳасига бу муаммоларни бартараф этиш борасида қандай тартиб тамойиллар киритилган? Қонун лойиҳасида очиқ, шаффоф, барқарор, самарали ва яхлит давлат харидлари тизимини яратишга катта эътибор қаратилган. Давлат харидларининг асосий принциплари сифатида масъулиятлилик ва касбий маҳорат, асосланганлик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги, рақобат ва холислик, мутаносиблик, давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги, коррупцияга йўл қўймаслик каби тамойиллар киритилганлиги билан катта аҳамиятга эга.

Қонун лойиҳасида бюджет маблағларидан ва бошқа марказлашган манбалардан, шунингдек, ҳукуматнинг кафолатланган кредит ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, энг мақбул муддатларда ва «нарх- сифат» кўрсаткичларининг уйғунлигини амалга оширган ҳолда давлат секторини зарур товар, иш ва хизматлар билан таъминлашга қулай шароитлар яратиш бўйича бандлар киритилган.

Энг муҳими, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда давлат харидлари бўйича амалдаги илғор тажриба ҳамда халқаро тажриба, шу жумладан, БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссиясининг (ЮНСИТРАЛ) модель қонунчилигининг асосий қоидалари, Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия, Белорус, Қозоғистон ва бошқа давлатлар қонунчилиги, шунингдек. ЕҲТТ тавсиялари ҳисобга олинди.

Мазкур қонун лойиҳаси Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, халқаро ва маҳаллий экспертлар, манфаатдор вазирликлар ва идоралар вакиллари, буюртмачилар, етказиб берувчилар ва жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилинганининг ўзи ҳам унинг ҳаётимизда аҳамияти жуда катталигини англатиб турибди.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

OʼzLiDeP фракцияси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?