Очиқ мулоқотлар ва амалий ташаббуслар устуворлик касб этди

17:13 08 Январь 2024 Жамият
188 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан брифинг ўтказилди.

Таъкидланганидек, 2023 йилда қўмита аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббиёт тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳани бугунги кун талаблари даражасида тараққий эттиришга қаратилган тадбирларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга алоҳида аҳамият қаратган.

Ўтган даврда қўмита қонун ижодкорлиги йўналишида 4 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлган. Ушбу қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича ишчи гуруҳлари ва эксперт гуруҳларининг 20 дан зиёд йиғилишлари ўтказилган.

Қўмита томонидан жами 12 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.

Шу билан бирга, жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган камчилик ҳамда муаммоларга мутасаддилар эътиборини қаратган ҳолда ҳал этишга устувор аҳамият берилган. Хусусан, қўмита аъзолари томонидан мансабдор шахсларга жами 4 та депутат сўрови юборилган.

Халқ билан мулоқот қилиш, одамларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда депутатларнинг сайлов округларидаги учрашувлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, бугун одамларни қуруқ ваъдалар билан алдаб бўлмайди, уларга амалий натижалар керак. Фуқаролар билан очиқ мулоқот йўлга қўйилган жойда эса фаровонлик ҳукм суради, тараққиёт бўлади, одамларнинг эртанги кунга ишончи янада ортади.

Брифингда қўмита аъзоларининг аҳоли, хусусан, сайловчилар билан мулоқотлари доимий йўлга қўйилгани, натижада кўплаб масалалар ижобий ечим топгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, қўмита номига келиб тушган жами 338 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган ҳолда, шундан 289 тасига ижобий ечим топилган.

Шу билан бирга, қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ва қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда тушунтириб бориш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Жумладан, шу даврда қўмита фаолияти ОАВда жами 1 076 маротаба ёритилган.

Брифинг давомида қўмитанинг келгусидаги фаолияти ҳақида ҳам ахборот берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?