Нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган инсонларга юридик хизмат кўрсатиш ижтимоий лойиҳаси натижалари муҳокамаси

17:43 28 Сентябр 2022 Жамият
498 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Тошкент шаҳар “Mehr ko‘zda” маркази ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар дастури ҳамкорлигида “Тошкент шаҳрида ижтимоий инновациялар асосида нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган шахсларга юридик хизмат кўрсатиш ижтимоий лойиҳаси натижалари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Унда тадбир ташкилотчилари, шунингдек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Карлар жамияти, Адлия, Халқ таълими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг Тошкент шаҳри бошқармалари вакиллари, Тошкент шаҳри ва пойтахт туманларининг Давлат хизматлари марказлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда сурдотаржимонлар иштирок этди.

Давра суҳбатини ўтказишдан асосий мақсад – USAIDнинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар дастури томонидан молиялаштирилган Тошкент шаҳар “Мehr ko‘zda” марказининг “Тошкент шаҳрида ижтимоий инновациялар асосида нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган шахсларга юридик хизмат кўрсатиш” ижтимоий лойиҳаси доирасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар, натижалар, хулосалар ва таклифларини муҳокама қилиш, юридик хизмат кўрсатишда нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган шахсларнинг мурожаатларини таҳлил қилиш орқали уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатларини ўрганиш ҳамда амалдаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, ўз навбатида, нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган шахслар учун беғараз юридик ёрдам кўрсатиш хизмати мавжудлигини ОАВ орқали кенг тарғиб қилиш эканлиги тадбир ташкилотчилари томонидан таъкидланди.

Қайд этилганидек, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2021 йил 24 ноябрдаги маълумотига кўра, дунёда 1 миллиарддан ортиқ инсон ногиронликдан азият чекади. Бу кўрсаткич дунё аҳолисининг тахминан 15 фоизини ташкил этади, 15 вa ундан катта ёшдаги 190 миллион (3,8%) нафар инсонда сезиларли функционал чекловлар мавжуд бўлиб, улар кўпинча малакали тиббий хизматларга муҳтож.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2021 йил 3 декабрда “Ўзбекистон халқига мурожаати”да мамлакатимизда бир миллионга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар мавжудлиги, сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш борасидаги давлат сиёсати янги босқичга кўтарилганлиги ва бунинг тасдиғи сифатида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани, мамлакатимиз Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияга қўшилгани, мазкур соҳада мустаҳкам қонуний база яратилгани, барча ҳудудларда “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракати доирасида ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган имконияти чекланган юртдошларимизга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилганлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган эди.

Кейинги йилларда 27 та тиббий-ижтимоий муассасалар реконструкция қилиниб, замонавий талабларга мос бўлган 1,5 мингта даволаш-реабилитация ўринлари фойдаланишга топширилгани ва шундай юртдошларимизга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ҳамда реабилитация техник воситалари рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилгани, 2021 йилнинг ўзида ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида улар бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 40 миллиард сўмлик протез-ортопедия ва реабилитация мосламалари, кохлеар имплантлар билан таъминлангани, халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бошланиб, 300 дан ортиқ мактабларда имконияти чекланган болаларнинг билим олиши учун зарур шароитлар яратилгани каби амалий ишлар натижасига эътибор қаратганди.

Соҳадаги қонунчилик базаси янада мустаҳкамланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 мартда “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармони, 2021 йил 27 ноябрда “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори, 2022 йил 17 февралда “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Тараққиёт стратегиясининг 66-мақсади бевосита “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш” масалаларига қаратилиб, амалга оширилиши муҳим аҳамият касб этувчи қатор вазифалар ва амалий чора-тадбирлар белгиланди.

Бу каби ислоҳотлар натижасида жабҳада фуқаролик жамияти институтларининг ҳам роли ошди ва соҳада турли ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратилди. “Тошкент шаҳрида ижтимоий инновациялар асосида нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган шахсларга юридик хизмат кўрсатиш ижтимоий лойиҳаси” ҳам шулар жумласидандир. Лойиҳани амалга оширишда Тошкент шаҳрида нутқ ва эшитиш кобилияти чекланган шахсларнинг алимент, оила, мерос, уй-жой (субсидияга уй-жой ажратиш ва уй-жой низолари), моддий ёрдам ва ишга жойлашиш каби масалаларда ҳуқуқий хизмат кўрсатишга бўлган талаб ва эҳтиёжлари юқори эканлиги аниқланган. Натижада Давлат хизматлари марказларида сурдотаржима хизмати ташкил этилиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган шахсларга қонунчиликдаги энг долзарб ва сўнгги ҳуқуқий маълумотларни ўз вақтида етказиш, ҳафта давомида иш вақти режимида офлайн ва онлайн тарзда бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш амалга оширилиши йўлга қўйилган.

Шунингдек, лойиҳа доирасида 60 нафар сурдотаржимон икки ойлик махсус курсларда бепул ўқитилган.

Тадбир жараёнида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари таъминланишига оид масалалар хусусида сўз юритиб, бу борада:

биринчидан, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг тегишли моддаларига ногиронлиги бўлган шахсларни барча даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги нормаларни киритиш;

иккинчидан, ногиронлиги бўлган тадбиркорни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига аъзо бўлиш учун тўланадиган аъзолик бадалларидан озод қилиш;

учинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоялаш билан шуғулланувчи Омбудсман институтини ташкил этиш;

тўртинчидан, давлат хизматлари марказларида турли давлат хизматларини амалга оширишда алоҳида ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатувчи штат бирлиги ташкил этиш;

бешинчидан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан доимий тарзда ногиронлиги бўлган тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ халқаро ва миллий кўргазмалар ҳамда ярмаркалар ёки кўрик танловларни йўлга қўйиш каби таклифлар илгари сурилди.

Тадбирга ташриф буюрган лойиҳа бенефициарлар уларга кўрсатилган хизматлар, уларнинг сифати ва натижалари, шунингдек, ўз муаммолари ечим топганлиги учун мамнун эканликлари ҳақида сурдотаржимонлар орқали баён этишди.

Давра суҳбатида, бундан ташқари, давлат органлари масъул ходимлари ва вазирлик, идоралар мутахассислари томонидан нутқ ва эшитишда нуқсони бўлган фуқароларнинг моддий таъминот олиш кафолатлари, уларни иш билан таъминлаш, ҳуқуқий маълумотларни замонавий инновациялар орқали етказиш, одил судлов тизимига кириб бориш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш масалалари хусусида ҳам батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Тадбир якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларни мутасадди давлат ва нодавлат ташкилотларига тақдим этиш ҳақида келишиб олинди.

Ботир СОБИРОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер