Нуроталик Анора Мусурмонова 94 ёшида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олди

17:23 04 Апрель 2024 Жамият
1198 0

Фото: "Халқ сўзи"

Темур Эшбоев/«Халқ сўзи». Навоий вилоятида адлия бошқармаси томонидан ўтказилган «Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди» акциясида Нурота туманининг олис Қизилча қишлоғилик 94 ёшли Анора Мусурмонованинг ҳамон туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга эмаслиги аниқланиб, унга илк бор мазкур ҳужжат расмийлаштирилиб топширилди.

Маълум бўлишича, Анора момо 1930 йилнинг 1 июлида туманнинг Модовод қишлоғида туғилиб, оиладаги тўққиз фарзанднинг учинчиси бўлган.

— Икки акам урушдан қайтмади, рўзғорнинг ташвиши биз етти қизга қолди, — дейди А. Мусурмонова. — Каттаси мен эдим, ўн уч ёшимда ўроққа чиққанман. Бир пиёлагина донни яшириб уйга олиб келардик. Онам ундан атала қилиб берарди. Минг қатла шукр — мана, танлаб ейдиган замонларни ҳам кўрдик.

Анора Мусурмонованинг 1949 йили Юзбой Нурбоев билан турмуш қуриб, ўн нафар фарзандни дунёга келтиради. Бугунги кунда у 44 невара, 89 чевара ва 6 нафар эваранинг суюкли момоси.

Адлия идоралари ўтказган акция доирасида вилоят бўйича туғилганлик, ўлим, никоҳ ва никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномалар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш каби ҳолатлар билан боғлиқ минглаб ҳужжат расмийлаштирилди.

— Акция доирасидаги 3 минг 380 та сайёр давлат хизматлари натижасида 2 796 та ҳужжатлар расмийлаштирилиб эгаларига топширилди, — дейди вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати мутахассиси Нодира Самандарова. — Шунингдек, 17 минг 370 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилиб, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, таълим ва хотин-қизлар, маҳаллалар ҳамкорлигида фуқароларнинг бир қатор ижтимоий муаммоларига ечим топилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?