Нурободда бирламчи тиббий хизмат сифати яхшиланмоқда

17:31 25 Июль 2022 Жамият
307 0

Фото: Халқ сўзи

Фуқароларнинг, айниқса, чекка, олис ҳудудларда яшовчи аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқини таъминлаш, қишлоқларда замонавий тиббий муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш соҳасида Самарқанд вилоятида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Куни кеча Нуробод туманидаги энг узоқ манзиллардан бири - Олға қишлоғида оилавий шифокорлик пунктининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Мазкур шифо маскани «Чорвадор», «Иттифоқ» ва «Олға» МФЙдаги 8 мингдан зиёд аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатади. Шунингдек, бу ерда тез ёрдам бўлими ҳам мавжуд.

Оилавий шифокорлик пунктининг эски биноси ўтган асрнинг 90- йилларида барпо этилган бўлиб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди. Республика бюджетидан ажратилган 1 миллиард 437 миллион сўм маблағ эвазига капитал реконструкция қилинган ОШПда стационар даволаниш учун ҳам шароит яратилди.

Бундан ташқари Нурободда аҳолига тиббий хизматни янада яқинлаштириш мақсадида Хазармали ва Тошқудуқ қишлоқларига махсус контейнерлар келтирилиб, «маҳалла тиббий пункт»лари ташкил қилинмоқда. Дарвоқе, яқинда Нуробод туман тиббиёт бирлашмасининг «Сазағон» ҳудудий бўлими учун ҳам енгил конструкцияли янги бино барпо этилди.

Сазағон туман марказидан 60 километр узоқда жойлашган. Бундай узоқликда аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланишда талай муаммоларга дуч келиши табиий. Шунинг учун ҳам 1959 йилда Нуробод туман тиббиёт бирлашмасининг «Сазағон» ҳудудий бўлими ташкил қилинган, аммо бу ердаги мавжуд шароит бугунги кун талабига мутлақо тўғри келмай қолган эди.

— Ҳудудий бўлимимиз Тепақул, Сарой ва Сазағон маҳаллаларидаги 11 минг нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади, — дейди Нуробод тиббиёт бирлашмаси «Сазағон» ҳудудий бўлими мудири Абдужаббор Умаров. — Ҳудудга яқин бўлган маҳаллалар ҳам туман марказигача масофа олислиги учун бизга мурожаат қиладилар. Лекин шу пайтгача уларнинг талабига мос тиббий хизмат кўрсатиш учун имкониятимиз чекланган эди. Эндиликда янги бинода амбулатор шароитда беморларга хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Беш ўринли туғуруқ, болалар ва терапия бўлимлари ташкил қилинди. Эски биномиздан кундузги стационар сифатида фойдаланяпмиз.

Нурободда «Жом» маҳалла фуқаролар йиғини аҳоли сони энг кўп бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерда ҳозирда 20 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳалланинг чекка ҳудудида яшовчиларга тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида «Ором» оилавий шифокорлик пунктининг «Дукур» филиали ташкил қилинган. Ушбу филиал 1992 йилда қурилган бўлиб, сўнгги йилларда чиндан ҳам харобага айланиб қолганди. Аҳоли узоқ масофа босиб «Ором» оилавий шифокорлик пунктига қатнашга мажбур бўлаётган эди. 200 миллион сўм маблағ сарфланиб, филиалда қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилгач, вазият тамомила ўзгарди.

—Набираларни дўхтирга кўрсатиш учун камида 10 километрдан ортиқ масофага бориб келишга тўғри келарди, — дейди шу ерда яшовчи Акром Раҳимов. — Мана, қишлоғимиздаги филиал қайта таъмирланиб, етарли шароит-шароитлар яратилди. Узоғимиз яқин. Мушкулимиз осон бўлди.

Шунингдек, тумандa аҳоли яшаш масканларининг жойлашуви тарқоқ эканлигини инобатга олиб, шу кунларда «маҳалла тиббий пунктлари»ни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозиргача туманда енгил конструкциядан ясалган 25 та «маҳалла тиббий пунтки» ташкил қилиниб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер