Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди

19:05 19 Октябр 2021 Жамият
530 0

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Тошкент шаҳри бош имом-хатиби сифатида ишлаб келаётган Нуриддин домла Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабарига кўра, 2021 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган. Унда ташкилий масала кўрилган. Тошкент шаҳри бош имом-хатиби сифатида ишлаб келаётган Нуриддин домла Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланган.

Нуриддин домла Холиқназаров 1968 йилда Андижон вилояти Асака шаҳрида туғилган. 1992 йилда Бухоро вилоятидаги Мир Араб мадрасаси, 1998 йилда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтини, 2007 йилда эса Фарғона давлат университетини тамомлаган.

Иш фаолиятлари давомида Асака шаҳридаги «Аҳмадали Махдум» масжиди имом-хатиби, Тошкент шаҳри «Оқ тепа» жоме масжиди имом-хатиби, пойтахтдаги «Кўкалдош», Андижон вилоятидаги «Саййид Муҳйиддин махдум» мадрасалари ўқитувчиси, Андижон вилояти бош имом-хатиби ва 2019 йилдан шу кунга қадар Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилаётган эди.

2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаган Усмонхон Алимов 15 август куни 71 ёшида оғир хасталикдан сўнг вафот этган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?