Нукусда «Қорақалпоқ этно овули» сайёҳлик маркази очилди

13:43 16 Ноябрь 2022 Жамият
319 0

Фото: Халқ сўзи

Нукусдаги Ашшикўл соҳили бўйи эко ҳамда этнотуризмни ривожлантириш бўйича катта салоҳиятга эга ҳудудлардан саналади. Кейинги йилларда бу борада қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Куни кеча кўл бўйида «Қорақалпоқ этно овули» сайёҳлик маркази очилди.

Юртимизнинг этнотуристик салоҳиятини ҳамда қорақалпоқ халқининг миллий урф-одатлари ва анъаналарини ўзида акс эттирувчи ушбу янги объект “Nitsa Nukus” корхонаси томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш жамғармаси кўмагида барпо этилди.

— Жорий йилда USAIDнинг грант лойиҳалари бўйича ўтказилган танловда маҳаллий тадбиркор Амина Бекжонова раҳбарлигидаги “Nitsa Nukus” корхонаси умумий қиймати 33 минг АҚШ долларига тенг грантн маблағини ютиб олган эди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлигининг матбуот котиби Элшад Валиев. — Мазкур маблағ ҳисобидан 15 та «қора уй» (ўтов) харид қилиниб, кўл бўйидаги «Қорақалпоқ этно овули»га тикланди. Ушбу ўтовлар сайёҳларни қорақалпоқ маданияти, ошхонаси ва ҳунармандчилиги билан таништириш билан бирга уларга турар жой ва кўнгилочар тадбирларни тақдим этишга хизмат қилади.

Марказнинг тантанали очилиш маросими доирасида медиа-тур ташкил этилди. Тадбир доирасида ҳунармандлар кўргазмаси, ошпазларнинг пазандалик маҳоратлари, фольклор ва эстрада ижрочиларининг концерт дастурлари намойиш қилинди.

Эндиликда марказга ташриф буюрганлар ҳунарманд аёллар томонидан тўқилган гиламлар, сўзаналар, сувенир ва қандолатчилик маҳсулотларини харид қилишлари ҳамда турли қорақалпоқ миллий таомларини татиб кўришлари мумкин бўлади. Шунингдек, «Қорақалпоқ энто овули» туристик объектида ҳунармандлар кўргазмаси, этноспорт мусобақалари, миллий байрамлар ва бошқа қатор маданий ва кўнгилочар тадбирларни ўтказиб бориш орқали Қорақалпоғистонга маҳаллий ҳамда хорижий туристларни жалб қилиш назарда тутилган.

Ғ. Отажонов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?