Нукусда II Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида ташкил этилган кўрик-танловнинг мамлакат босқичи ўтказилди

17:00 15 Сентябр 2021 Жамият
487 0

Фото: "Халқ сўзи"

Нукус шаҳрида 13-14 сентябрь кунлари II Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида ўтказилган кўрик-танловнинг мамлакат босқичи якунига етди.

Шарқ халқлари фольклор санъатининг етакчи жанри бўлган бахшичиликни кенг тарғиб қилиш, фольклор анъаналари ва қадриятларини сақлаш, ўрганиш, тарғиб этиш, ривожлантириш ва бахшичилик санъатининг моҳир ижрочиларини рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 80 нафарга яқин бахши ва жировлар иштирок этди.

Икки кун давомида бахши ва жировлар томонидан термалар, куй-қўшиқ ва достонлар ижро этилди. Оқинчилик мактаби бўйича бахшиларнинг чиқишлари тингланиб, ҳайъат аъзолари томонидан баҳолаб борилди.

Нукус шаҳридаги Ёш томошабинлар театрида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Б.Аҳмедов ва бошқалар сўзга чиқди.

Фото: "Халқ сўзи" 

Бахшичилик ва достончилик санъати тарихи, бахшилар ва достончилар ижодини мукаммал ўрганиш, халқ оғзаки ижоди ёдгорликларини тўплаш, ёш авлод қалбида бахшичилик санъатига меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, ёш авлодни мардлик, ҳалоллик, миллий ва умуминсоний қадриятлар, она юртга ва аждодлар меросига юксак садоқат руҳида тарбиялаш учун ташкил этилган ушбу фестиваль доирасида қатор тадбирлар ўтказиш назарда тутилган. Шубҳасиз, ушбу тадбирлар ўзаро дўстлик, маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Танлов якунида олий ўрин – Гран-при Қашқадарё вилоятидан Баҳром Раҳимовга, биринчи ўринлар тўртта мактаб йўналиши бўйича Сурхондарё вилоятидан Бахшиқул Тоғаев, Хоразм вилоятидан Феруз Норматов, Қорақалпоғистон Республикасидан Жанибек Пиязов ва Гулбаҳор Ақимбетовага насиб этди.

Қашқадарё вилоятидан Маҳматмурод Ражабов, Қорақалпоғистон Республикасидан Адилбек Бахтибаев, Тошкент вилоятидан Талғат Ўринбаев, Хоразм вилоятидан Каримбай Отамуродов иккинчи, Сурхондарё вилоятидан Равшан Маҳматмуродов ва Муҳаммад Эшбоев, Жиззах вилоятидан Озод Темур, Қорақалпоғистон Республикасидан Қуваниш Сейтимбетовлар учинчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, «Энг ёш бахши», «Энг намунали жамоа», «Энг иқтидорли аёл бахши», «Энг яхши термалар ижрочиси» каби 13 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.

Fолиб ва совриндорларга махсус диплом ва пул мукофотлари тантанали тарзда топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?