Нукус ва Урганчдан 93 нафар ҳарбий хизматчи Президент номидан кўкрак нишони билан тақдирланди

15:18 18 Сентябр 2020 Жамият
220 0

2020 йил бутун инсониятга оғир ва синовли кунларни олиб келди. Бундай синовли дамларни кундан-кунга тараққиёт сари одимлаб бораётган мамлакатимиз ҳам, минг афсуски, бошидан ўтказишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Шу йилнинг март ойида Ўзбекистонга кириб келган Коронавирус пандемияси халқимиз бардошини, давлатимиз қудратини, ҳукуматимиз ғамхўрлигини, юртдошларимиз саховатини ҳақиқатан ҳам жиддий синовдан ўтказди.

Май ойида эса мамлакатда юзага келган табиий ва техноген офатлар Ватандошларимизни яна ҳам бирлаштириб, халқимизнинг меҳр-оқибат, саховат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини намоён этди.

COVID-19 пандемияси даврининг синовли кунларида мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган ҳамда Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши туфайли юзага келган сув тошқини оқибатларини бартараф этишда мардлик, матонат ва жасорат намунасини кўрсатганларнинг меҳнати ҳукуматимиз томонидан юксак баҳоланиб, улардан бир гуруҳ ватандошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Таъкидлаш жоизки, юртимиз ва халқимиз бошига тушган ана шундай синовли кунларда меҳр-саховат, мардлик ва жасорат ҳамда олижаноблик кўрсатиб, туну кун халқ ва юрт дарди билан яшаб келаётган Ватан ҳимоячиларининг камтарона хизматларига ҳам юқори баҳо берилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов Нукус ва Урганч гарнизонида хизмат қилаётган 93 нафар офицер ва сержантларга Президент номидан «Меҳр-саховат» кўкрак нишонини тантанали тарзда топширар экан, миллий армиямиз ҳар доим халқимиз билан бирдам бўлиб, ҳар қандай вазиятда юртдошларимизнинг тинчлигини асраш, уларга ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканлигини исботлаб келаётганини таъкидлаб ўтди.

Сўзга чиққанлар бутун дунёда кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, миллий қадрият ва анъаналаримизни муносиб давом эттириб, меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат ва олижаноблик фазилатларини улуғлаб келаётган юрт ҳимоячиларини эътироф этишди.

Тадбир давомида Президент номидан мукофотлар ўз эгаларига топширилиб, ҳарбий хизматчиларга ғурур ва ифтихор бағишлади.

Шунингдек, тадбир давомида мудофаа вазирининг буйруғи билан навбатдаги ҳарбий унвон олган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга унвонлар топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?