Нукус шаҳрида «Мўйноққа мадад» экологик хайрия веломарафонининг якуний босқичига старт берилди

14:24 04 Июнь 2021 Спорт
300 0

Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган «Мўйноққа мадад» экологик хайрия веломарафонининг якуний босқичига старт берилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродовлар сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан Оролбўйи минтақасини ҳар томонлама ривожлантириш, айниқса, ҳудудни обод қилиш ва Орол денгизи қуриши билан боғлиқ юзага келган экологик инқирозни юмшатиш ишларига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратаётгани эътироф қилинди.

Жумладан, Орол денгизнинг қуриган тубида яшил ўрмонзорлар барпо этиш, Қорақалпоғистоннинг барча шаҳар ва туманлари, айниқса, Мўйноқнинг инфратузилмасини мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз натижасини бераётганини, яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюциянинг қабул қилингани бу борадаги ислоҳотларни янада юқори босқичга кўтариши алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳияси янгради.

Тадбирда санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

«Мўйноққа мадад» экологик хайрия веломарафони 21 май куни Андижон вилоятининг Хонобод туманидан 13 нафар велоспортчи билан бошланиб, республикамизнинг барча вилоятларидан ўтиб, ҳар бир ҳудудда спортчи ва ҳаваскорлар қўшилиб, Қорақалпоғистон Республикасига 50 нафардан ортиқ велоспортчи билан етиб келди. Қорақалпоғистон Республикасидан яна 10 нафар велоспортчи ва 50 нафарга яқин ҳаваскор ва кўнгилли ёшлар қўшилишди.

Нукус шаҳридан экологик хайрия веломарафонининг охирги босқичи старт чизиғидан йўл олган велоспортчилар Хўжайли, Шуманай, Қонликўл, Қўнғирот туманлари ҳудудларидан ўтиб, бугун кечқурун Мўйноқдаги финиш чизиғига етиб бориши кутилмоқда.

Ғ.Отажонов,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?