«Нукус» полигонида янги қурилишларга старт берилди

17:52 27 Июль 2020 Жамият
461 0

Юртимизнинг энг олис гарнизонида жойлашган «Нукус» полигони инфратузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида қўшимча 15 га яқин объектларни қуриш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш учун рамзий тамал тоши қўйилди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати​ хабар берди.

Шу муносабат билан «Нукус» дала-ўқув майдонида бўлиб ўтган тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов сўзга чиқиб, жумладан шундай деди:

«Миллий армиямизда бўлаётган охирги ижобий ўзгаришларга ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунда биринчи навбатда, Президентимизнинг бевосита раҳбарлиги остида олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосини қўшинлар жанговар шайлигини юқори савияга кўтариш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар-хизмат вазифаларини бажариши учун етарли шарт-шароит яратиш бўйича катта режалар амалга оширилганини эътироф этиш жоиз».

Қўмондон Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳудудида жойлашган иккита полигонда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилганини эътироф этар экан, бугунги замон талабига мос ва жанговар тайёргарликни янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган янги объектларни ҳам қуриш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Шунингдек, юртимизнинг катта қисми чўл ва ярим чўл ҳудудларидан иборат бўлгани боис, айнан шундай мураккаб шароитда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ҳаракатларни олиб бориш кўникмасини мустаҳкамлашда «Нукус» дала-ўқув майдонининг роли ҳақида алоҳида тўхталди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлик машғулотлари билан сифатли шуғулланиши учун ҳарбий округлар тасарруфидаги дала-ўқув майдонлари замонавий ҳолатга келтирилиб, уларда халқаро даражадаги ҳарбий машғулотларни олиб бориш имкони мавжуд.

«Нукус» полигонининг умумий майдони 32 минг гектардан зиёд бўлиб, унда бўлинмаларнинг жанговар техника ва ўқотар қуроллардан амалий отиш машғулотларини ўтказиш, зенит қурилмалари, стволли ва реактив артиллериядан ўт очиш, жанговар ва автомобиль техникаларини бошқариш каби машғулотлар олиб борилади.

Жанговар тайёргарлик машғулотларини юқори савияда ўтказиш учун дала-ўқув майдони ҳудудида мавжуд бўлган автодром, танкодром, жанговар машиналар директрисаси, қўшинлар отиш майдони, махсус-тактик машқлар ва оловли ишғол йўлаклари, мерганлар марраси, ҳаво-ҳужумидан мудофаа бўлинмаларини тайёрлаш ва муҳандислик шаҳарчалари, радиацион, кимёвий ва биологик муҳофаза, алоқа тайёргарлиги ва артиллерия бўлинмаларини тайёрлаш шаҳарчалари ҳамда армия биатлони йўлаги ҳарбий хизматчиларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаб, кўникмаларининг ошишига хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ҳарбий-маъмурий сектори томонидан ажратилган маблағлар эвазига полигон ҳудудида 200 ўринли ошхона, 400 ўринли 2 та ётоқхона, саф майдони ва сув насоси иншооти қурилиши давом этмоқда.

Ҳарбий-маъмурий сектор кўмаги билан эндиликда полигонда яқиндан жанг олиб бориш шаҳарчаси, автомобиль ва жанговар техникаларни сақлаш учун дала парки, спорт шаҳарчаси ҳамда ёзги ўқув синфлари ҳамда бошқа объектларни барпо этиш ва жиҳозлаш режалаштирилган.

Яқин истиқболда мерганлар отиш жойининг қурилиши ҳамда вертолёт қўниш майдончасининг жиҳозланиши ҳам белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, ҳарбийларимизнинг халқаро майдондаги ҳарбий мусобақалар ва ҳамкорликдаги ўқув машғулотларда муносиб иштирок этишини таъминлаш учун мазкур полигонда барча қулайликлар муҳайё этилмоқда.

Қурилиш ишларининг сифатли ҳамда талабларга жавоб беришини таъминлаш мақсадида қурилиш-монтаж ишларининг назорати учун ҳарбий округнинг тажрибали офицерлари жалб этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?