Нозик қалбида улкан матонатни асраётган аёл

Фото: Халқ сўзи
Бугун, айтиш мумкинки, ҳар бир маҳалланинг ўз драйвери бор. Қувонарлиси, улар орасида айнан хотин-қизлар томонидан юритилаётган тармоқлар ҳам талайгина. Масалан, Андижон туманидаги «Завроқ» маҳалласида аёллар кўрпа-тўшак қавишнинг хадисини олганлар. Хонадонида тайёрланган маҳсулотни ҳатто қўшни давлатларга ҳам экспорт қилишади. Олтинкўлнинг «Ахтачи» маҳалласида эса иссиқхоначилик кенг ривожланган. Бу ерда маҳалла аёллари бир йилда тўрт мартагача ҳосил йиғиш билан бир қаторда республикамизнинг турли ҳудудларига полиз кўчатларини улашадилар. Марҳамат туманидаги «Қорақўрғон» маҳалласи хотин-қизлари тўқиётган жун рўмолларга чет элликлар харидор. Бироқ шу туманнинг «Оқбош» маҳалласида хотин-қизлардан иборат қурувчилар жамоаси бор, десак балки ишонмассиз... Ахир қурувчиликни нозик хилқат вакилларига эмас, алпдек эр йигитларга хос иш деб биламиз.
— Бунинг тарихи узоқ йилларга бориб тақалади, — дейди маҳалла фаоли Ўғилой Мамасолиева. — Маҳалламиз туман марказидан бироз олисда, шу билан бирга қир-адирликда жойлашган. Аҳоли мавжуд шароитдан келиб чиққан ҳолда чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланган. Бу хотин-қизлар ўртасидаги ишсизликнинг юзага келишига сабаб бўлган. Вазиятдан чиқиш учун ўз уйида таъмирлаш ишларининг уддасидан чиқадиган аёллар ўзаро маслаҳатлашиб, сувоқчилар гуруҳини ташкил этишган. Бажарган ишлари сифатли бўлгани боис тез орада буюртмачилар сони ортган. Ўз маҳалласидан ортиб, туманнинг бошқа ҳудудларига бориб ишлашган. Яхши усталарга ҳар доим талаб бўлган. Шу боис уларни ўша пайтдаги қурилиш ташкилотларидан бири ишга қабул қилган. Меҳнат қилишлари учун барча шароитни яратиб берган. Бундай қулайликдан фойдаланган бошқа хотин-қизлар ҳам уларнинг сафидан жой олаверган. Шу тариқа сувоқчи хотин-қизлар жамоаси таркиб топган. Бугунги кунга келиб қурилиш соҳасида ҳам янгича услублар жорий этилди. Опа-сингилларимиз гўзаллик яратишга мойил бўлганликлари боис пардозчиликнинг сирини ҳам ўзлаштирдилар. Евроремонт, дейсизми, миллий таъмир дейсизми, ҳаммасининг уддасидан чиқишади. Шу тариқа юзлаб маҳалладош опа-сингилларимиз қурувчилик соҳасида фаолият юритиб келмоқдалар. Уларнинг ҳар бири мақтовга лойиқ. Айниқса, Айногул Рисқулова алоҳида эътирофга лойиқ. Унинг яқинда, Халқаро хотин-қизлар куни арафасида «Дўстлик» ордени билан тақдирлангани ҳам бежиз эмас.
Неки ютуқларим бўлса, оилам туфайлидир
«Оқбош» маҳалласининг 70 фоиз аҳолисини қирғиз миллатига мансуб ҳамюртларимиз ташкил этади. Айногул улар орасида ҳам меҳнати билан, ҳам намунали бекалиги билан ибрат бўлиб келмоқда.
— Кўпчилик: «Аёл бошинг билан қурувчиликда нима қиласан? Ундан кўра ўқитувчи ёки шифокор бўлсанг бўлмасмиди?»дея савол беради, — дейди Айногул. — Мен аслида мактабда ўқиб юрган пайтларимдаёқ келажак йўлимни белгилаб бўлганман. Бунга опаларим Сора ҳамда Холигуллар сабабчи. Улар қурилиш ташкилотида сувоқчилик қилишар эди. Автобус маҳалламизга келиб, барча ишчи хотин-қизларни олиб кетар, кечқурун олиб келарди. Жуда аҳил жамоа бўлишган. Меҳнатларидан ҳеч қачон нолишмаган. Ҳар доим ишга шошилишган. Ён-атроф туманларда янги бино барпо этилса ёки таъмирланса, уларнинг ҳиссаси бўларди. Бу эса менинг ҳавасимни келтирган. Мактабни тамомласам, мен ҳам сувоқчи бўламан, дея орзу қилганман.
Айногулнинг бу фавқулодда орзуси даставвал атрофдагиларни ҳайратга солгани рост. Мана, 24 йилдирки, у пардозлаш касби билан юзлаб биноларга сайқал бериб келмоқда. Сирдарё вилоятидаги Сардоба ҳамда пойтахтимиздаги “Tashkent City” қурилишларида иштирок этди. Ҳозирда «Марҳамат 112-қурилиш» МЧЖда фаолият юритаётган қаҳрамонимиз бир йилда ўртача 5-6 та бино қурилишида қатнашади. Айни пайтда Қўрғонтепа туманида барпо этилаётган Президент мактаби бунёдкорлигида жонбозлик кўрсатмоқда.
Бир оғиз «Раҳмат» сўзи барча афсусларимни аритди
Қурилиш соҳасида меҳнат қилишнинг ўзи бўлмайди, айниқса, аёллар учун бунинг машаққати кўп. Қишнинг совуғида, ёзнинг жазирамасида бир иморат барпо этиш оғизга осон. Бироқ булар Айногулни ташвишлантирмайди. Қандай шароитда бўлмасин, бажарган ишининг маҳсулини кўриш унинг учун ҳар доим завқли.
— Ҳеч эсимдан чиқмайди,-хотирлайди у. — Янги қурилган боғчани фойдаланишга топширишимиз керак эди. Мен пардоз ишлари билан шуғулландим. Раҳбарларимиз топшириғига биноан барча ишларни тартиб бўйича бажардим. Эрталаб ишга келиб не кўз билан кўрайки, деворларда биз кутган ранг ҳосил бўлмаган эди. Ўшанда эшитмаган гапим қолмаган. Раҳбарларимизни айбламайман, сабаби, улар ҳам ҳар бир ишни олдиндан лойиҳалаштириб, тегишли идоралардан тасдиқлатиб олади. Мен зиммамдаги вазифанинг уддасидан чиқа олмаганимдан, сифатли иш бажармаганимдан ич-этимни едим. Лекин хатони тузатиш учун вақт йўқ эди. Қабул қилувчилар боғчага келиб, ҳар бир ишни текшира бошлашди. Мен игнанинг устида тургандек хавотир ва ҳаяжонда эдим. Навбат пардоз ишларига келгач, ишимга юқори баҳо бериб, деворнинг ранглари ҳам тўғри танланганини эътироф этиб қолишса бўладими! Бир оғиз «Раҳмат» сўзи барча афсусларимни аритди.
Марҳамат тумани Андижон вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Шу боис Айногулга қурилиш объектларига қатнаб ишлаш осон эмас. Баъзан эрта кетиб, кеч келиши мумкин. Бу ҳолат турмуш ўртоғининг эътирозларига сабаб бўлган пайтлар ҳам бошидан ўтган.
— Болаларим кичик ёшда эди, ишдан кеч келсам, овқат қилишга, уйларни йиғиштиришга улгурмай қолардим, — эслайди Айногул Рисқулова. — Ўшанда турмуш ўртоғим ишга чиқмай, уйда ўтиришимни, болалар тарбияси билан шуғулланишимни талаб қилган. Аслида ўзи ҳам қурилиш соҳасида меҳнат қилгани учун бундай оғир ишда фаолият юритишимни истамас эди. Мен эса ҳам уйнинг, ҳам ишнинг уддасидан чиқишга ҳаракат қилдим. Шундай қилмасам бўлмас эди, боиси, ишимни яхши кўраман! Ҳар гал бино фойдаланишга топширилаётганда бажарган ишимга қараб завқланаман. Кимдир биз меҳнат қилган бинога қараб «Чиройли бино экан», деса ғурурланаман. Аслида инсон ўзи севган касбда фаолият юритса, бажарган ишидан ўзи қониқса, энг катта бахт шу экан!
Менга орден топширишлари хаёлимга ҳам келмаган
— 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Андижон вилоят ҳокимлигидан пойтахтга, асосий байрам тадбирига боришимни айтишди. Мен кўнмадим. Сабаби, келиним шифохонада эди. Уч нафар эгизак фарзандлари менинг қарамоғимда қолган. Уларни кимгадир қолдириб кетганим билан кўнглим хотиржам бўлолмасди. Ҳокимиятдагиларга шуни тушунтирсам, бормасангиз бўлмайди, дейишди. Ноилож бордим. Шундай нуфузли байрамга таклиф қилишганидан бир ғурурлансам, уч набирамни ўйлаб минг ташвишда эдим. Кутилмаганда «Дўстлик» ордени билан тақдирлансам бўладими! Бу ҳақида менга маълум қилишмаган, ҳатто хаёлимдан ҳам ўтмаган эди. Шундан бўлса керак, бир зумда нималар бўлиб ўтганини ҳис қилишга ҳам улгурмай қолдим. Оёқларим ўзимга бўйсунмас, тилимга сўз келмасди. Анча вақтгача кўксимга ҳукуматимизнинг юксак эътирофи бўлмиш орден тақилганига ишонгим келмади. Лекин бу ҳақиқат, кутилмаган бахт эди. Қаранг, қандай ажойиб даврда, қандай гўзал давлатда яшаймиз. Энг чекка қишлоқнинг оддий сувоқчи аёлини ҳам ҳурмат қилиб, унга юксак ишонч билдирадиган элу юртдан фахрланаман!
Сўнгсўз ўрнида
Бугун республикамизнинг ҳар бир ҳудуди катта қурилиш майдонига айланган. Айниқса, Андижон вилоятида бунёдкорлик ишларига юз тутмаган маҳалланинг ўзи йўқ. Кўкка қараб бўй чўзаётган виқорли иморатларга рамз солар эканмиз, мана шундай биноларда забардаст қўллар билан бир сафда нозик бармоқлар ҳам из қолдирганига ишонгинг келмайди. Аслида ана шу нозик қалб эгалари юрагида мужассам катта матонат, куч, ғайрат ва шижоат биноларимиздаги салобатга сабабчидир. Уларнинг улканлиги, маҳобатли ва гўзаллиги қурувчилар қалбидаги шижоат намунаси, десак янглишмаймиз.
«Дўстлик» ордени соҳибаси Айногул Рисқулова ҳузуридан қайтар эканмиз, дилимиздан ана шу фикрлар ўтди.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- ЖССТ янги ҳалокатли пандемияга тайёрланишга чақирди
- Ўзбекистон Президенти ва Сингапур Президенти музокара ўтказдилар
- 2024 йилдан янги уй сотиб олганларга ҚҚСнинг ярми қайтариб берилади
- Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифидан фоторепортаж
- Гендер тенгликни таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади
- Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан муҳим ташаббусларни илгари сурди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг