Ноёб кўчманчи жониворларга меҳр-муҳаббат туйғусини кучайтирайлик

15:49 13 Февраль 2024 Жамият
580 0

Самарқандда ўтказилаётган халқаро конференция давом этмоқда.

Мазкур нуфузли анжуманнинг иккинчи кунида ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари ва уларнинг яшаш жойларини сақлаш масаласини ҳал қилиш бўйича трансчегаравий ва минтақавий ҳамкорлик ҳаракатлари билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама этилди.

Конференцияда сўзга чиққанлар мазкур тадбир дунёда иқлим ўзгаришлари кучайиб бораётган бугунги шароитда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси атроф-муҳит ҳолати тўғрисида”ги Миллий маърузанинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Маърузалар ва тақдимотларда илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслардан келиб чиқиб кўплаб келишувларга эришилмоқда.

Самарқандда ўтаётган ушбу халқаро конференция доирасида “Кўчиб юрувчи ноёб ҳайвонот олами” номли расмлар кўргазмаси очилди.

Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари давлат сектори раҳбарлари, дипломатик корпуслар, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Кўргазмада 2024 йил январь ойида Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бадиий академия ва Ўзбекистон Давлат санъат музейи ҳамкорлигида ташкил этилган пленер натижасида 40 нафар ёш рассомнинг 100 га яқин расмлари намойиш қилинди.

Ижодий пленердан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ноёб кўчманчи жониворларга меҳр-муҳаббат туйғусини кучайтириш, мамлакатимизнинг ноёб табиий меросини намойиш этиш, ёш авлоднинг экологик маданияти ва онгини юксалтиришдан иборат.

Кўргазма бир ойга яқин маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар учун очиқ бўлади. Кўргазма натижаларига кўра, энг яхши асарлар ваколатли ҳакамлар ҳайъати томонидан танлаб олинади ва уларнинг муаллифлари тақдирланади.

Конференция доирасидаги тадбирлар давомида Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов қатор нуфузли меҳмонлар, делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар ҳам ўтказмоқда.

Халқаро форум давом этмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер