Ноёб инновацион лойиҳа

17:36 29 Март 2024 Жамият
716 0

Қум барханларини тасмадек кесиб ўтган йўл ёқасида — Қоракўл тумани марказига киравериш қисмида баҳайбат кран ва юк машиналари, турнақатор тизилган уйлар кўзга ташланади. Улкан қурилиш майдонига айланган бу жой “Қоракўл” эркин иқтисодий зонасининг қоқ маркази саналади. Бу ерда дастлабки қиймати 2,7 млрд. АҚШ долларига тенг метанолдан олифен олиш (МТО) технологияси асосида газ-кимё мажмуаси лойиҳаси барпо этилмоқда.

— Мазкур инвестиция лойиҳаси орқали йилига 2,1 млрд. куб метр газни қайта ишлайдиган бутун бошли технологик кластер юзага келади, — дейди Saneg компаниясининг шўъба корхонаси саналган МТО газ-кимё компанияси қурилиш ишлари бўйича лойиҳа раҳбари Рамил Содиқов. — У нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги энг йирик саноат инвестиция лойиҳаларидан саналади. Унда хомашё тўлиқ қайта ишланиб, тайёр маҳсулотга айлантирилади. Ноёб лойиҳани амалга ошириш ишлари 2026 йилда ниҳоясига етказилади.

Бу фикрларга янада ойдинлик киритиш учун рақамларга мурожаат қилсак. Метанолдан олефин олиш лойиҳасига кўра, йилига 1,1 млн. тонна полимер маҳсулотлари, жумладан, полиэтилен терефталат, полипропилен, паст зичликдаги полиэтилен, этиленвиниласетат сингари юқори ликвидли хомашёлар ўзлаштирилади.

Муҳими, улар кўмагида 60 дан зиёд турдаги янги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имконияти туғилади. Қуёш батареялари учун махсус қопламалар, автомобиль кузовлари учун деталлар, мебель маҳсулотлари, гиламлар, пластик қувурлар шулар жумласидан.

— Бўлғуси корхона маҳсулотлари тиббиёт, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноатини ўта зарур буюмлар билан таъминлаш имконини беради, — давом этади Р. Содиқов. — Ҳозир эса кўриб турганингиздек, қурилиш-бунёдкорлик ишлари авж паллада. Объектда маҳаллий ишчи ходимлар билан бирга дунёнинг қатор давлатларидан таклиф этилган малакали мутахассислар меҳнат қилмоқда. Мажмуа майдони 225 гектарни ташкил этади. Асосий ишлаб чиқариш ва маъмурий зоналардан ташқари омборхоналар, махсус майдонлар барпо этилади.

Дарвоқе, айни дамда бу гўшада барча қулайликларга эга кичик шаҳарча ҳам қад ростлади. Корхона учун зарур ускуналар эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан ташқари, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Сингапур, Саудия Арабистони каби давлатлардан ҳам келтирилмоқда.

Бу каби далиллар табиий газни чуқур қайта ишлаш нечоғли самарадор эканлиги тўғрисидаги тасаввурларни бойитади. Айни чоғда, воҳанинг экспорт салоҳиятини кескин оширади. Аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилади. Негаки, мажмуа ишга тушиши билан 2-3 минг нафар кишининг бандлиги таъминланади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бу ердаги ноёб технологик лойиҳалар давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Ушбу қарорга кўра, эркин иқтисодий зона учун Қоракўл ва Олот туманларидан жами 400 гектар ер ажратилган.

Истам ИБРОҲИМОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?