Носоғлом мафкуралардан ёшларни қандай ҳимоя қилиш мумкин?

12:55 23 Сентябр 2022 Сиёсат
227 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ташаббуси билан  Ёшлар ишлари агентлигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити якунларига бағишланган “Ёшларда носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

         Мақсад давлатимиз раҳбари томонидан ШҲТ саммитида илгари сурилган ёшларга оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда саммит якунлари бўйича сиёсатшунос олимлар ва ёшлар ўртасида ўзаро фикр алмашишдан иборат.

Давра суҳбатининг моҳиятидан келиб чиқиб унга сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари вакиллари, мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари, сиёсатшунос олимлар, ёшлар етакчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг ШҲТга раислик қилган давр мазмундорлиги ва натижага қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлгани, давлатимиз ташаббуслари ташкилотнинг халқаро нуфузи ва салоҳиятини юксалтиришга, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилгани айтиб ўтилди. ШҲТнинг ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар, энергетика, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзи қамраган минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги ролига алоҳида эътибор қаратилди.

         Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсатшунослик фанлари доктори Сайфиддин Жўраев Саммитнинг бевосита иштирокчиси ёшларга ШҲТ саммити якунлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини етказди ҳамда уларнинг бу борадаги саволларига атрофлича жавоб берди.

         Шунингдек, давра суҳбатида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъуллари ҳам сўзга чиқиб, Президентимизнинг Саммитда билдирган ёшларга оид ташаббусларининг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритишди.

         Қизғин муҳокамалар руҳида ўтган давра суҳбатида Ёшлар парламентининг ҳудудий аъзолари томонидан Саммит якунлари ва унинг ёшлар ҳаётидаги аҳамияти ҳақида муносабат билдирилди.

         Давра суҳбати сўнггида бугунги таҳликали даврда  ёшларни носоғлом мафкуралардан ҳимоя қилиш айни пайтдаги энг устувор вазифалардан бири экани қайд этилиб, мутахассислар томонидан тегишли тавсиялар билдирилди.

         Жумладан, Ёшларда носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш борасида ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ёшларнинг замонавий ҳаётини белгилаётган хавфсиз ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва ахборот маконидаги таҳдидларни камайтириш, ёшлар онгига зиён етказиши мумкин бўлган таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, тотализаторлар, оилавий қадриятларни инкор этадиган ҳамда жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга қаратилган электрон манзилларни доимий равишда чеклаб бориш чораларини кўриш, Олий таълим ва халқ таълими тизимида “Ёшлар носоғлом мафкурага қарши!” шиори остида ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкил қилиш каби тавсиялар илгари сурилди.

Шу билан бирга, ёшларнинг интернетдан фойдаланиш маданиятини ривожлантириш, ахборот  саводхонлигини юксалтириш, уларни танқидий фикрлаш ва фейк маьлумотларни фарқлаш қобилиятини ривожлантириш муҳим вазифалардан деб эьтироф этилди.

Давра суҳбати сўнгида Ўзбекистон ёшлари бор имкониятини қўйилган юксак марраларга йўналтиришини таькидлашди.

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер