Норинда лимончилик тармоғи истиқболи қандай?

09:33 13 Сентябр 2021 Жамият
333 0

​​​​​​​Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Лимончилик. Бугун ушбу соҳа ҳар қачонгидан-да ривожланяпти, ҳудудларда, айниқса, водий томонларда лимон етиштириш бўйича хайрли ташаббуслар амалга ошириляпти. Муҳими, бу борадаги ишларда секторлар, хусусан, 2-сектор масъуллари ҳам фаол иштирок этишмоқда. 
Норин тумани 2-секторида Президентимизнинг лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. 

Секторга бириктирилган 14 та маҳаллада 10,839 та оила истиқомат қилади. Аҳоли сони эса 40882 нафарни ташкил этади. 
Сектор раҳбари ташаббуси билан лимон кўчатларини етиштириш ва лимон етиштирувчи иссиқхона хўжаликларини ташкил этишни жадал ривожлантириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини ошириш мақсадида сектор ҳудудидаги Боёвул, Сузақовул, Тошлоқ ва Хўжабод маҳаллаларида лимончилик иссиқхоналари ташкил этилган.                                   Мазкур махаллаларда етиштирилган лимончилик кўчатлари республикамизнинг водий ва воҳа вилоятларига ҳамда Марказий Осиё давлатларига экспорт қилинади. 
Мисол учун, “Бойовул” МФЙда 535 та хонадонда 2691 та аҳоли истиқомат қилиб 380 та хонадон лимончилик иссиқхоналари орқали даромад олиб келади. Шу сабабли маҳаллабай ишлаш тизими орқали Бойовул маҳалласини ўсиш нуқтаси (драйвер) лимончиликни ривожлантириш этиб белгиланди.

Туман прокурори ташаббуси билан шу йилнинг 6 ойида биргина Боёвул маҳалласининг ўзига лимончилик етиштириш учун 84 та иссиқхона қуриб берилди. Шундан, 60 та хонадонга “Туронбанк” кўмаги билан 3 йил имтиёзли даври билан 7 йил муддатга ҳамда бандлик жамғармаси хисобидан 24 та хонадонга субсидия асосида иссиқхона қурилиши таъминланди. 
Сектор раҳбари ташаббуси билан 2-сектор биносида лимончилик сир асрорларини ўргатиш мақсадида замонавий лимончилик ўқув маркази ташкил этилди. Унинг ёнида бўш турган 3 сотих ер майдонига лимон кўчатларини етиштирадиган тажриба (эксперимент) маркази учун иссиқхона ташкил этилди. 

Ўқув марказида Боёвул маҳалласида лимончилик мактабига асос солган “Валижон хожи ота” фарзандлари Жасурбек Маҳмудов томонидан “ёшлар дафтари”, “аёллар дафтари” ва “темир дафтар” ва ишсиз фуқароларга лимончилик етиштиришдан бошлаб, сотиш жараёнигача бўлган сирларни ўргатиш йўлга қўйилди. 

Лимончилик мактаби асосчиси “Валижон хожи ота” хонадонида бир йилда 6 сотих иссиқхонанинг 3 сотихидан 9 минг дона лимон кўчати ҳамда 3 сотихидан эса 6 тонна лимон махсулоти олинади. Ҳар йили етиштирилган 9000 дона лимон кўчатини донасини 20 минг сўмдан 180 млн. сўмга ва 6 тонна лимон маҳсулотини 1 кг.ини 25 минг сўмдан 150 млн. сўмга сотиб даромад олинади. Бир йилда 6 сотих иссиқхонадан ўртача 330 млн. сўмдан даромад олиш мумкин.
Бундан кўриниб турибдики, 1 сотих иссиқхонадан бир йилда 3 минг дона лимон кўчати етиштириш мумкин бўлиб, уни сотишдан 60 млн. сўм даромад олиш мумкин. Яшаб турган хонадонида кўп меҳнат ва харажат талаб этилмайдиган бу томорқа тажрибаси оммалаштирилмоқда. 
Ташкил этилган ўқув марказида лимончилик сир асрорларини ўрганиш истагини билдирган “ёшлар дафтари”, “аёллар дафтари” ва “темир дафтар” ҳамда ишсиз фуқароларнинг 84 нафарига лимончилик кўчатлари ва махсулотларини етиштириш сирлари ўқитилди.
Ўқув марказида тахсил олаётган ўқувчиларга бепул ўқитиш билан бирга туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан стипендия ҳам тайинлаб берилган. Бу эса ўқув марказида ўқимоқчи бўлган ўқувчилар сонини кескин ортишига ҳам сабаб бўлмоқда.  
Ўқув марказини битиргандан сўнг, 60 нафар ўқувчининг 40 нафарига “Туронбанк” томонидан 3 йил имтиёзли даври билан 7 йил муддатга ҳамда 24 нафарига эса бандлик жамғармаси маблағлари хисобидан субсидия асосида иссиқхона қурилиб, лимончилик кўчатлари экиб берилди. Натижада эҳтиёжманд 84 та хонадоннинг ишсиз аъзоси бандлиги таъминланиб, ўз хоҳишларига кўра тегишли дафтардан чиқарилди. 
Юқорида қилинган ишлар самарасини кўрган Боёвул маҳалласининг қўшимча 56 та хонадонлари ўз ҳисобларидан томорқасига иссиқхона ташкил этиб, лимон кўчатлари экишди.

Ҳозирда Боёвул маҳалласидаги жами 535 та хонадондан 520 та хонадонга лимонария иссиқхоналари ташкил этилишига эришилиб, 97 фоиз хонадонларининг бандлиги таъминланиб, даромади яхшиланди. Бундан ташқари, Боёвул маҳалласига қўшни бўлган Хўжабод, Нурзиё, Сузақовул ва Тошлоқ маҳаллаларида ҳам қўшимча 120 та иссиқхоналар қурилиб, лимончилик кўчати етиштиришга ихтисослаштирилди.         
Сектор ҳудудида етиштирилган лимон кўчатлари ва махсулотлари нафақат республикамизнинг водий ва воҳа вилоятларига балки, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия давлатларига экспорт қилинмоқда.
Жорий йилда сектор ҳудудидаги маҳаллаларда 400 та лимонарияга ихтисослаштирилган иссиқхона ташкил этиш режалаштирилиб, мазкур хонадонларда яшовчи 800 нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш режалаштирилди.  

Норин тумани 2-сектори тикувчилик корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ҳам бир қатор ишларни амалга ошираётир.
Жумладан, сектор ҳудудидаги Тошлоқ маҳалласида 1965 йилда қурилган маданият маркази биноси 1995 йилгача фаолият кўрсатиб, ундан кейин ҳозирги кунгача хароба ҳолатда турган. Сектор раҳбари ташаббуси билан мазкур бино тадбиркор Тўйчибек Муҳаммаджоновга тикувчилик фаолиятини ташкил этиш учун “0” балансда берилган. 
Тадбиркорга 100 фоиз субсидия (бепул) асосида 150 та тикув машинаси ҳам олиб берилган. Тадбиркор томонидан 800 млн. сўм ўз маблағлари ҳисобидан бино қайта таъмирдан чиқарилиб, “Гулнора — Шукрона текстил” ИЧК ташкил этилди. 

Мазкур корхона ҳозирда кузги “Кител ва камзул”лар ишлаб чиқариб, Россияга экспорт қилиш йўлга қўйилди. Корхонада сектор ҳудудида жойлашган Тошлоқ ва Сузақовул маҳаллаларида яшовчи “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” ва “темир дафтар”да рўйхатда турувчи 50 нафар ва ишсиз 50 нафар жами 100 нафар фуқаролар тикувчилик билан шуғулланмоқда. Ҳозирда корхонада қўшимча юзта ишчи ўрни яратиляпти.
Айтиш жоизки, иккинчи сектор масъуллари аҳоли бандлигини таъминлаш, бу борада уларнинг муаммоларини ҳал этиш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишларига кўмаклашиш борасида муносиб ҳисса қўшиб келяпти. Бу халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётир.

“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?